Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сотиб олган уйидан ҳайдалаётган аёл ноласи (видео)

Таҳририятимизга келган навбатдаги мурожаат кишини ўйга толдиради. Унинг ўзига хос жиҳати шундаки, бундай мураккаб вазиятга ҳар қандай инсон тушиб қолиши мумкин. Айтайлик, сиз кимдандир уй сотиб олдингиз, келишилган пулни бердингиз, олди-сотдини нотариал тартибда, қонунлар асосида расмийлаштирдингиз. Уйга кириб бинойидай яшай бошладингиз. Аммо орадан бир неча йил ўтиб уй эгасининг ўлган дейилган онаси тирик эканлиги маълум бўляпти. Ўша она ўзи келмай кимнидир вакил қилиб жўнатса ва уйни қайтаришни талаб қилиб қолса... Янада қизиғи даъвони уйни сотиб, пулни олиб кетган ўз ўғлига эмас, уйни сотиб олган сизга қилса...

«Ассалому алайкум. Мен, Облоқулова Лола Бобоқуловна, Ўзбекистон қонунларига чин юракдан амал қилиб келаётган, ўз ватанига содиқ, ўқимишли фарзандларни тарбия қилиб, кўп йиллардан буён ногирон бўлишига карамасдан, халқ ташвишини ўзиники деб биладиган оддий фуқароман.

2002 йилда ҳалол пулимизга қонуний ҳужжатлар асосида, нотариал тартибда Юнусобод тумани 3-квартал 13-уй 3-хонадонни сотиб олдим ва ўзим ўша пайтда бетоблигим туфайли хонадонни укамнинг номига расмийлаштирдим. Кейинчалик ўзим ва фарзандларим шу хонадонда рўйхатдан ўтдик.

Ўша вақт хонадонни бозор нархида 4600 АҚШ долларига уй эгаси Меджитов Марленнинг ўзидан нотариал тартибда сотиб олганман. Мана, шунча йилдирки, нафақат хонадонни, балки тартибсиз аҳволдаги 13-уйнинг йўлакларигача ҳамманинг ҳаваси келадиган даражада таъмирлаб яшаб келмоқдаман.

Орадан икки йил ўтиб муаммоларим бошланди ва, деярли 15 йилдирки, судма-суд қатнайман. Чунки суд томонидан «ўлган» деб топилган уй эгасининг онаси қаердандир «қайта тирилиб» қолди ва ўзи Ўзбекистонга келмай ишончнома асосида ишончли вакилларини жўната бошлади. Бу вакиллар мендан уйимни қайтариб олиш пайига тушишди. Ҳолбуки, мен бу хонадонни сотиб олаётган пайтимда уй эгасининг онаси борлигини ҳам билмаганман!

Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди, Тошкент шаҳар суди, Тошкент шаҳар ҳамда туман прокуратураси фуқаролар ҳуқуқларини менсимасдан, қонунларни турлича талқин қилиши, ўз хизмат вазифаларига юзаки қараши оқибатида 15 йилдан буён суд ва прокуратуралар эшигида сарсонман.

Маҳаллам билан биргаликда бу қаллобларга қарши курашишдан чарчадик. Бир саволимга 15 йилдан буён жавоб топа олмайман. Ўзбекистонда чиқарилаётган қонунларимиз ўз фуқароларини — яъни бизни ҳимоя қилиш учунми ёки 25 йил олдин хулқи бузуқлиги, фирибгарлиги туфайли Ўзбекистондан қочиб кетиб, Россия фуқаролигини олиб, у ерда хам фирибгарлиги туфайли судланиб, Туркияга қочиб кетган Ҳасанова Албинанинг ҳуқуқларини химоя қилиш учунми? «Одил» судьяларимиз 71 ёшли Албина Ҳасанова Туркияда яшаб 15 йилга юборган, Москва шаҳрида тасдиқланмаган ишончнома асосида 1 кунда мен яшаб келаётган хонадонга қарор чиқариб, кадастрини тирик ёки ўлик эканлиги номаълум Албина Ҳасанова номига расмийлаштириб беришди.

Сайёр суд қабулида бўлганимда олий суд раиси Козим Комилов «сизни бу уйдан ҳеч ким чиқара олмайди, бу уй ҳалол сизники» деганида худди президентнинг гапларини эшитгандек бўлиб йиғлаб юборган эдим. Орадан 5 ой ўтиб, Олий суд яна судьялар обрўйи ва манфаатини ўйлаб мени оилам билан кўчага улоқтиришга қарор қилди. Мен маҳалламда фуқаролар муаммоларини ҳал қилиш учун кеча-ю кундуз, тинимсиз югурсаму меҳрибон халқим олдида кўчага улоқтиришса. Қайси айбим учун?

Нима учун суд, прокурорлар менинг ҳуқуқларимни ҳимоя қилишдан бош тортишмоқда? Сабаб нима? Нима учун менинг уйимга даъво қилган шахсларни 15 йилдан буён бир марта ҳам судга чақирмаган, шахсини аниқламаган, улар юборган ишончномалар ноқонуний эканлигини бўйича бир неча бор мурожаат қилсам-да текшириб кўрмаган?

Ўзбекистонни тарк этганига 25 йил бўлган, ҳозир Туркияда эканлиги тахмин қилинадиган, ўзи ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган фуқаронинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раиси Ш.Ражабов бошчилигидаги судьяларни нима мажбур қилди экан, ўша омил менинг ҳам ҳуқуқларимни ҳимоя қилмайдими?

Юнусобод тумани суд ижрочилари томонидан менинг фойдамга 2009 йилда чиқарилган ҳал қилув қарорига асосан 23 миллион 500 минг сўм пулни менинг фойдамга, 4 миллион 700 минг сўм пулни давлат фойдасига ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари фуқаро Албина Ҳасанова Ўзбекистонга келса ундирамиз деб бажарилмасдан атайин йўқотилган.

Фирибгар Меджитов Марленга нисбатан қидирув эълон қилиниб, жиноят иши қўзғатилган. 2008 йилда фирибгарга нисбатан амнистия қўлланган ва ҳужжатлари ёқиб юборилган. Бундай ноқонуний хатти-ҳаракатларни ким қилди экан?

Ўз уйимиз, ўз ватанимиздан чиқариб юборишса мен фарзанд ва набираларимни олиб қаерга бораман?

Ҳурмат билан,
Облоқулова Лола Бобоқуловна».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг