Туристларга 11 ойда 4,4 млрд долларлик хизматлар кўрсатилган – Туризм қўмитаси
Қуйи палатада Туризм қўмитаси раиси А.Аққуловнинг сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган шаҳарларда туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларга оид парламент сўровига берилган жавоби кўриб чиқилди.
Унда келтирилишича, 2025 йилнинг 11 ойида мамлакатга 10,7 миллион нафардан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Уларга 4,4 миллиард АҚШ доллари миқдорида туризм хизматлари кўрсатилган. Қўшни давлатлар ва МДҲ мамлакатларидан келган сайёҳлар сони 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 1,1 баробарга, узоқ хориж давлатларидан келган сайёҳлар сони эса 1,5 баробарга ошган.
Шунингдек, ўтган йилда «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» ички туризмни ривожлантириш дастури доирасида аҳолининг ҳудудларга 23,7 миллиондан ортиқ ташрифлари амалга оширилган.
Ҳудудларда жами 954 та жойлаштириш воситалари, жумладан, 128 та меҳмонхона, 506 та оилавий меҳмон уйи, 268 та хостел ва 52 та бошқа турдаги жойлаштириш объектлари фаолияти йўлга қўйилган. Туризм маҳаллалари ва қишлоқлари сони 32 тага етказилиб, туризм ва унга ёндош соҳаларда 16,1 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди.
Туристлар кўп ташриф буюрадиган жойлар, аҳоли гавжум ҳудудлар ҳамда автомобил йўллари бўйлаб республика миқёсида 11 мингга яқин санитария-гигиена шохобчаларининг ҳолати яхшиланди. Шундан 6 мингдан ортиғи янгидан барпо этилди. Натижада республикадаги барча ёқилғи қуйиш шохобчаларининг замонавий санитария-гигиена объектлари билан таъминланиш даражаси 20 фоиздан 98 фоизга етказилди.
Мажлисда мазкур масала юзасидан доимий парламент назорати олиб борилиши қайд этилиб, Туризм қўмитаси раисининг жавоби маълумот учун қабул қилинди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter