Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қаҳратон қишда уйи буткул ёниб кетган оила юртдошларимизнинг мададига муҳтож (видео)

Қаҳратон қишда уйи буткул ёниб кетган оила юртдошларимизнинг мададига муҳтож (видео)

Фото: «Xabar.uz»

2017 йил. 6 декабрдан 7 декабрга ўтар кечаси. Соат тонгги тўртлар атрофи. Тошкент шаҳри, Шайҳонтоҳур тумани, Кўҳота маҳалласи Сойбўйи кўчаси 34-уй. 78 яшар Турсунов Худойберди бомдод намозига туриб, таҳорат олгани чиққанида ҳовлидаги иситиш тизими печи гуриллаб ёниб ётганини кўриб пасайтиради. Кейин ҳаммомга ўтса, сув иситадиган печда ҳам шу аҳволни кўриб, униям пасайтиради.

Таҳорат олиб ҳовлига чиққанида меҳмонхона тарафдан олов чиқиб, уй ёна бошлаганини кўради. Зудлик билан уйдагиларини уйғотади, ўт ўчириш хизматига қўнғироқ қилишади, ўзлари оловни ўчиришга ҳаракат қилишади.

Фото: «Xabar.uz»

Ўт ўчириш хизмати 4:45 ларда етиб келади. Ўт ўчирувчилар кечикиб келишгани, қолаверса, маҳаллада ёғнин пайтида фойдаланиладиган сув тизими бўлмагани боис қимматли дақиқалар бой берилади. Ҳеч нарсани асраб қолишга улгуришолмайди. Уй буткул ёниб кетади.

Кечаси газ босимининг кўпайиб кетиши натижасида келиб чиққан ёнғин туфайли куйиб кул бўлган хонадонда 3 та оила яшаган. Яратганнинг инояти билан барчалари омон қолишган. Аммо кийим-бош, кўрпа-тўшак, ҳужжатлар, рўзғор буюмлари — ҳамма-ҳаммаси ёниб кетган.

Фото: «Xabar.uz»

Уйда яшовчилар айни пайтда қариндошлар, қўни-қўшнилар берган кийимларни кийим, маҳалла-кўй, савобталаб инсонлар берган эҳсон эвазига уйларининг ёнғиндан нисбатан камроқ зарар кўрган қисмида вақтинчалик бошпана тиклашмоқда. Бу ёқда қиш тиш қайраб турибди. Мазкур ҳудуд бузиладиган жойлар бўлгани учун туман ҳокимлиги уйни таъмирлашга моддий ёрдам кўрсатолмаган, янги уй бериш масаласи эса ундан ҳам қийинроқ.

Бошига тушган кулфатдан қаттиқ қаттиқ изтиробга тушган хонадон соҳиби — Турсунов Худойберди ака 8 декабр куни инсульт бўлиб қолади. Бир неча кун жонлантириш бўлимида, бир ҳафтадан кўпроқ шифохонада ётиб, даволаниб чиқади. Уйларига илк марта борган вақтимизда шифокорлар кўрсатмасига мувофиқ қимирламай ётган эканлар.

Ачинарлиси, шифохонадан чиққанларига бир неча кун ўтган бўлса ҳам ҳудуддаги оилавий поликлиникадан ҳеч ким чиқиб, патронаж хизмати кўрсатмаган, беморнинг ҳолидан хабар олмаган.

Шу йилнинг 23 декабр куни борганимизда бироз бўлса-да хурсанд қиладиган воқеанинг гувоҳи бўлдик. Ўтган сафар ўринларидан қўзғала олмай ётган Турсунов Худойберди ака юра бошлабдилар.

Ҳаяжонланиш мумкин бўлмагани, қолаверса, инсульт асоратлари тўлиқ тузалмагани боис у кишини кўп уринтирмасликка қарор қилдик. Шундаям бизни кўриб яна кўзлари ёшландилар, шу пайтгача келиб, озми-кўпми моддий-маънавий ёрдам бериб кетаётганларни узоқ дуо қилдилар.

Фото: «Xabar.uz»

«Ўт балоси, сув балоси, туҳмат балосидан асра», деб бежиз айтишмаганини Турсуновлар хонадони бошига тушган кулфат мисолида ҳам англаш мумкин. Буни ҳеч кимнинг бошига солмасин. Халқимиз азалдан бошига мушкул тушган миллатдоши, диндошини ёлғизлатиб қўймаган. Шукурки, бундайлар бугун орамизда ҳам кўп!

Озгина ёрдамингиз бор-будидан айрилган одамларнинг хуфтон кўнглини шамчироқ каби ёритишини унутманг. Қурбингиз етганича ёрдам қилинг. Беэътибор бўлманг. Бу Сизу бизнинг ҳам бошимизга тушиши мумкин эди. Келинг, биргаликда шу оилага қўлимиздан келганча ёрдам берайлик.


Уй манзили: Шайхонтоҳур тумани, Сой бўйи кўчаси, 34 уй.

Телефон: (+99894) 622-40-77 (Худойберди аканинг қизи Турсунова Гулноранинг рақами)

Пластик карта рақами:

8600303637634747

Трастбанкдаги ҳисобрақам:

22618000699025494001

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг