Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хато қилинг, йиқилинг, аммо туриш учун куч топинг

Хато қилинг, йиқилинг, аммо туриш учун куч топинг

фото: DepositPhotos

Тез тушкунликка тушадиган одам  нохуш хаёллардан қутулолмайди. Шу боис ҳаётда қийналади. Хўш, доим тушкунликда юрадиган пессимистлар оптимист бўлиши мумкинми ёки умрининг охиригача шундай қолиб кетаверадими?

Донишмандлар айтганидек, бир сўз билан қарорингиз, бир туйғу билан ҳаётингиз, бир инсон билан эса ўзингиз ўзгаришингиз мумкин.

Психологияда «ёмон одамнинг ўзи йўқ» деган тушунча мавжуд. Қолаверса, ҳар биримизнинг ўзимизга яраша камчиликларимиз бор. Ҳаммаси қайси кўз билан қарашга боғлиқ, кимдир кимнингдир яхши томонини, бошқа кимдир ёмон тарафини кўради.

Пессимистлар ўз қобиғига ўралиб олган пилла ичидаги қуртга ўхшайди. «Ғумбагимни ёриб чиқсам, капалак бўла оламанми, йўқми, ундан кўра, қобиғимнинг ичида тинч ўтирганим маъқул», деб ҳисоблайди.

Мақсад сари интилишда албатта қийинчиликлар бўлади, бунинг устига икки-уч марта қоқилишлар бор. Пессимистлар шундан қўрқиб, ишнинг салбий томонини ўйлайверади ва... ҳаракатсизликни афзал кўради. Ёки тошқин дарёдан оқиб, уммонга тушиши керак бўлса, уммонни орзу қилади-ю, аммо тошқин дарёдан ўтишни истамайди.

Зеро, ҳаётда уйғунлик ҳолатига фақат машаққатлар оша бориш мумкин. Шунга тайёр бўлиб, тўсиқлардан ўта олса, позитив табиатга эга бўлади. Бунинг учун эса меҳнат қилиш, изланиш, ўқиш керак. Майли, хато қилсин, йиқилсин, аммо туриш учун куч топиб, илдам юрсин, позитив одамлар билан кўпроқ суҳбатлашсин, салбий фикрларни эшитмасликка ҳаракат қилсин. Ғийбатлардан қочсин, арз қилмасин, бировнинг шикоятини эшитмасин. Ижобий ҳиссиёт берадиган фильмлар томоша қилсин, кайфиятни кўтарадиган китобларни ўқисин.

Инсон ўз хаёлини ўзгартиришни ўрганиб олсагина позитив доирага киради. Бу доирадаги ижобий фикрловчи одамлар уни тушкунлик ҳолатидан осонликча олиб чиқиб кетадилар. Ҳатто ён-атрофдаги эллик фоиз позитив одамлар касбингизда катта ютуқларга сабабчи бўлишади. Психологик марказларда ана шундай позитив одамлар кўп йиғилади. Пессимистлар худди доираларга қўшилишлари, улар билан ошно тутинишлари керак. Позитив инсонларни изланг, топинг, бир жойда асло тўхтаб қолманг.

Бахтинисо Азимбоева,

руҳшунос-шифокор

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг