Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Самарқандда кўзи кўкарган болакай» юзасидан қўшимча маълумот берилди

«Самарқандда кўзи кўкарган болакай» юзасидан қўшимча маълумот берилди

Бир муддат олдин Самарқандда отаси калтаклагани айтилган ёш боланинг кўзи кўкаргани акс этган видео тарқалган ва ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБнинг расмий муносабати эълон қилинган эди.

Мазкур ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани ҳам ўрганишлари натижасини ва ўз муносабатини эълон қилди.

Аниқланишича, Ургут тумани Юқори Қалангар маҳалласида 2017 йилда туғилган А.А. юз-кўзидаги жароҳати туфайли жорий йилнинг 30 октябрида туман марказий шифохонасига отаси А.Х. томонидан олиб келинган ва ушбу ҳолат юзасидан Ургут туман ИИБ терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб борилган.

Текширув давомида А.А нинг олган жароҳати юзасидан 3 ноябр куни судга оид тиббий экспертизаси тайинланган бўлиб, унга кўра болага жароҳат ўтмас қаттиқ жисмлар таъсирида етказилганлиги хулоса қилинган. Терговга қадар текширув натижасига кўра, жиноят аломатлари аниқланмаганлиги сабабли 25 ноябр куни ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишдан рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Мазкур ҳолат Болалар омбудсмани ва Бош прокуратура назоратига олинганидан сўнг жиноят иши қўзғатишдан рад этиш тўғрисида қарор туман прокуратураси томонидан назорат тартибида ўрганилиб, 12 декабр куни бекор қилинган ва қўшимча текширув ҳаракатлари олиб бориш учун туман ИИБ ҳузуридаги ТБга юборилган.

Қўшимча терговга қадар текширув давомида бола психолог томонидан педагог иштирокида (видеоёзувда қайд қилинган ҳолда) суҳбат қилинганда, у 29 октябр куни отасининг уйи яқинидаги савдо дўкони олдида амакисига тегишли бўлган қора молларни орқасидан югуриб, асфалт қопламасига йиқилганлиги, бурни қонаб, юзи шилинганлигини баён қилган.

Шунингдек, А.А ни йиқилганини гувоҳи бўлган дўкон сотувчиси Л.С. ўз тушунтиришида боланинг ҳақиқатдан ҳам чорва молларни орқасидан югуриши натижасида юзи билан ерга йиқилиб тушганлигини кўрганлигини ва жароҳат йиқилиш натижасида бўлганини тасдиқлаган.

Болалар омбудсмани, шунингдек, бола манфаатлари нуқтаи назаридан мазкур ҳолат юзасидан назоратни давом эттиришини маълум қилиб, оилавий низоларда, айрим ҳолларда, биринчи навбатда фарзандлар жабр кўраётганидан хавотир билдирган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг