Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Лайло Ҳайитова

Шиори: Олға ҳаракат қил, ўрган, излан, уриниб кўр, муҳими, тўхтама!

Бухоро: абитуриентлар сони камайиб боряпти, баллар эса ошмоқда (фото)

Бухоро: абитуриентлар сони камайиб боряпти, баллар эса ошмоқда (фото)

Муаллиф олган суратлар

Республика миқёсида 2025–2026 ўқув йили учун тест синовлари якунланганидан хабарингиз бор.

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Бухоро вилояти бўлими бош мутахассиси Иззатулла Раҳмоновнинг «Xabar.uz»га билдиришича, 2025–2026 ўқув йили учун олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш истагини билдирган абитуриентлар орасида Бухоро вилоятида тест топшириш учун жами 32 526 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган.

Бу кўрсаткич 2024–2025 ўқув йили билан солиштирилганда, 8 349 нафарга кам. Олий таълим муассасаларига тест топширувчи абитуриентлар сони йилдан-йилга пасайиб бораётгани сир эмас. Тест синовларидан ўтиш масканлари олдининг ҳар йилгидек абитуриентлар билан гавжум бўлмаганидан ҳам буни англаш қийин кечмади.

«Тўғри, ўтган йили Бухоро вилояти бўйича 40 875 нафар абитуриент тест топширишга ариза берган эди. Жорий йилда эса жами 32 526 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган. Шундан 30 371 нафари, яъни 93 фоизи имтиҳонларда қатнашди. Қолган 2 155 нафар абитуриент ёки 7 фоизи тест синовларида қатнашмади. Ўтган йил тест синовларидан 5 нафар абитуриент четлатилган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 1 нафарни ташкил этди.  Бу абитуриент низом талабларига амал қилмагани учун имтиҳон жараёнидан четлатилди. Аммо, айтиш жоизки, абитуриентлар сон жиҳатдан кам бўлса-да, билим даражаси ўтган йилгилар билан солиштирганда, 4-5 баробар юқори балл кўрсаткичини намоён этди. Шу ўринда, хусусий олийгоҳларда рақобатбардошлик юқори, бироқ, давлат таълим муассасалари улуши жуда катта эканини ҳам айтиб ўтмоқчиман», — деди Иззатулла Раҳмонов.

Ўн кун давом этган тест синовларида ҳар сменада 1 740 нафар, бир кунда эса 3 480 нафар абитуриент тест синовларини топширган. Синовларда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги масъул ходимлари ва агентлик томонидан ўтказилган очиқ танловдан муваффақиятли ўтган ҳамда шартнома имзолаган 129 нафар ходим гуруҳ назоратчиси сифатида иштирок этган.

«Эътиборни фақатгина сонга қаратмасдан, бўлғуси талабаларнинг билим даражаси юқорилашиб бораётганига қаратадиган бўлсак, бунда ҳар йилгидан ижобий жиҳатни натижани кўриш мумкин. Хабарингиз бўлса, ўтган йили республика бўйича тест синовини муддатидан олдин топширган фақат бир нафар абитуриент 189 баллни қайд этганди. Жорий қабулда эса 658 нафар абитуриент 189 балл тўплади.  Бу ҳавас қиларли», — деди Иззатулла Раҳмонов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг