Африканинг парчаланиши тезлашиб кетди
Тадқиқотларга кўра, Шарқий Африка рифт тизими (ёриғи) ривожланишнинг янги босқичига етган. Колумбия университети геологлари Африка қитъасининг ажралиш жараёни аввалги прогнозларга қараганда анча тезроқ кечаётганини аниқлашди. Ушбу илмий иш натижалари Nature Communications журналида эълон қилинди.
Гап Шарқий Африка рифт тизими ҳақида бормоқда. У ерда Африка тектоник плитаси икки қисмга — Сомали ва Нубия плиталарига ажралмоқда. Рифтогенез деб аталувчи ушбу жараён натижасида келажакда улкан ёриқ ўрнида янги океан ҳосил бўлиши мумкин.
Тадқиқот муаллифлари Эфиопия ва Кения ҳудудида жойлашган Туркана рифт зонасини ўрганишди. Сейсмик маълумотлар таҳлили шуни кўрсатдики, ёриқнинг марказий қисмида ер қобиғи мутахассислар кутганидан кўра кўпроқ юпқалашган. У ерда қобиқ қалинлиги тахминан 13 километрни ташкил этмоқда, ваҳоланки чекка ҳудудларда бу кўрсаткич 35 километрдан ортиқдир.
Олимларнинг таъкидлашича, бу кўрсаткич жараёнда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ер қобиғининг қалинлиги 15 километргача камайганда, торайиш босқичи бошланади ва шундан сўнг қитъанинг парчаланиши муқаррар тус олади. Тадқиқотчилар фикрига кўра, минтақа аллақачон ушбу чегаравий нуқтадан ўтиб бўлган.
Мутахассислар жараённинг келгуси ривожини ҳам тасвирлаб беришди: ер қобиғи юпқалашгани сайин, Ер қаъридаги магма юқорига кўтарилиб, океан тубига хос янги қобиқни шакллантиради. Кейинчалик ҳосил бўлган чуқурликларга Ҳинд океани сувлари кириб келади ва бу янги океан ҳавзасининг пайдо бўлишига олиб келади.
Шунга ўхшаш ҳолатлар Африканинг шимоли-шарқидаги Афар ботиғида ҳам кузатилмоқда. Бироқ олимлар ҳозирда хавотирга ўрин йўқлигини таъкидлашади: ҳатто жараён тезлашган тақдирда ҳам, қитъанинг тўлиқ ажралиб кетиши учун миллионлаб йиллар талаб этилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter