Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Бир кўнгли ўксикнинг бошин силамоқ...»

«Бир кўнгли ўксикнинг бошин силамоқ...»

Фото: «Xabar.uz»

Бир ғамбоданинг кўнглини обод айлашни Каъбани таъмирлагандан ҳам афзал дейишади. Бугун бир мазлума аёлнинг, ички ишлар ходими шаънини топтаган аёлнинг кўнглини сўрагани Ўзбекистон хотин-қизлар қумитаси раиси Танзила Норбоева Каттақўрғонга келди.

Танзила Норбоева жабрдийда аёлни бағрига босиб сўрашди. Унинг ўғлини, қизини қучоқлаб, нечанчи синфда ўқиётгани, баҳолари қанақа эканини сўради. Йиғилган маҳалла вакиллари билан сўрашди. Аёлнинг уйини таъмирлаётган, саховатпеша инсонларнинг ижтимоий тармоқларда уюштирган хайрия акциясида иштирок этиб, йиғиб берган пулларига олиб келинган дарвозани ўрнатаётган усталар билан «ҳорма, бор бўл» қилди.

Шундай сўнг Самарқанд вилояти, Каттақўрғон тумани, маҳалла фаоллари  ҳамроҳлигида аёлнинг уйига кирган Танзила Норбоева аввало таҳқирланган аёлнинг кўнглини, кайфиятини, нима ишлар қилаётганини сўради. Тергов жараёни қандай кечаётганини, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қандай муомала қилаётгани билан қизиқди. «Бирор тазйиқ, қўрқитишлар бўлмаяптими?», — деб сўради.

Шундан сўнг Танзила Норбоева воқеага муносабати, шахсан ўзи адолат қарор топиши учун кўраётган чоралар ҳақида сўзлаб берди.

− Инсон хатолардан холи эмас, ҳаммамиз ҳам хато қиламиз, аммо хато қилган инсонни топтаб ташлаш эмас, кечириш керак, − деди Танзила Норбоева. – Президент Шавкат Мирзиёев ҳатто жиноят қилиб қўйган аёлларимизни ҳам кечиришни, қамоқхоналардан озод қилишни сўраяпти. Адашиб жиноят йўлига, ҳар хил оқимларга кириб қолган юртдошларимизни ҳам афв қилди. Рамазон байрами арафасида ҳам жуда кўп аёлларимиз афв этилди, афв қилинибгина қолмай, уларнинг ишга жойлашиши, яшаш шароити яхшиланишига, иқтисодий, ижтимоий ёрдамлар берилишига, болаларининг боғча ва мактабларга жойлашишига эътибор қаратилди.

Ҳуқуқ-тартибот тизимида ҳам жуда катта ислоҳотлар, тозалаш ишлари бораяпти. Аммо ислоҳотларга ҳали кўп бўлмади, биз истагандек тизим пайдо бўлиши учун яна озгина вақт талаб қилинади.

− Танзила Камоловна, сизга раҳмат, Каттақўрғондаги аёлнинг таҳқирланиши акс этган лавҳа ижтимоий тармоқда тарқалиши билан раҳбарлар орасида биринчилардан бўлиб муносабат билдирдингиз. Бу ҳолатни қоралаб,  баёнот билан чиқдингиз. Аммо айнан Санъат Умаров содир этган бу қилмишнинг ички ишлар идоралари тизимига мутлоқо алоқаси йўқ деганингиз ва ички ишлар вазирлиги билан бу масалада музокара олиб борамиз деганингиз кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлди. Буни қандай изоҳлайсиз?

− Аввало шуни айтишим керакки, мен Хоразмда сафарда юриб, бу мудҳиш ҳолатдан хабар топдим ва, яширмай айтаман, қаттиқ изтиробга тушдим. Кечаси билан ухлай олмадим. Эрталаб сиз айтган баёнотни бердим. Бу менинг бир она, аёл сифатида юрагимдан чиққан сўзларим эди. Энди саволларингизга изоҳ берсам. Санъат Умаровнинг қилмишининг ички ишлар идораларига алоқаси йўқ дейишимга сабаб шуки, исми жисмига умуман мос келмаган бу йигит, менимча, ички ишлар тизимига тасодифан кириб қолган одам. Уни яхшилаб текшириш керак, менинг назаримда, у соғ ҳам эмас.

Аслида мен ички ишлар идораларининг бу ҳодисада айби йўқ демоқчи эмас эдим. Тизимда, яширмайман, ҳали камчилик кўп, ҳамма ходимлар пок виждонли ҳам дея олмайман, аммо тозалаш ишлари кетаяпти. Мен эътиборни таълим-тарбия ишига қаратмоқчи бўлгандим. Ўша ходимнинг аёлларга нисбатан ваҳшийларча муносабатда бўлишининг сабаблари мени қизиқтирди. Унинг ўзини бундай тутишида оилавий муҳит ҳам роль ўйнаган бўлиши керак. Уни ҳам она туққан, аёл тарбиялаган, аёли, қизлари бордир.

Аёлга нисбатан бунчалар аёвсиз бўлмаслиги керак эди. Менимча, бу унинг мияси билан боғлиқ. Унинг онгида бир нуқсон бордир. Унинг оиладами, атроф муҳитдами, ич-ичидан бир алами, нафрати бўлса керак. Мана шунақа пасткашликлар билан ўзича аламини олаётган бўлиши мумкин. Йиллар давомида ичида йиғилган бир исёнидир балки. Тарбиясида ва миясида нуқсони бўлмаган одам бунчалик шафқатсиз бўлмаслиги керак эди.

Ички ишлар вазирлиги билан музокара олиб боришимни эса шундай изоҳлайман: бундан кейин ҳар бир аёл бирор жиноятда гумон қилинганда уни ушлаш жараёнида ҳам, сўроқ, тергов ишларида ҳам албатта ички ишлар идораларининг аёл ходимлари иштирок этишини таъминлашимиз зарур. Бунинг учун аёл-қизларни шу соҳага ўқитиш ва ишга олиш керак. Ҳозирча аёл ходимлар етишмаса, бизнинг вакилларимизнинг иштирокини шарт қилиб қўйишимиз лозим.

Бундан ташқари, барча сўроқ ва тергов бўлимлари видеокамералар билан тўлиқ жиҳозланишига эришишимиз керак. Ана шу масалаларда музокара қилишимни назарда тутгандим. Қолаверса, хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида бир аёлнинг ҳимояси учун тик туриб, Санъат Умаров қилмишига яраша жазоланишини ҳали судлардан ҳам талаб қиламан. Судда бизнинг малакали вакилларимиз, қораловчиларимиз албатта иштирок этишади.

− Мен шу ишни шахсан назоратга олишингизни барча юртдошларимиз номидан сўрайман. Ғамбода синглимиз уни қўрқитганлари туфайли журналистларга «Ўша ички ишлар ходимига нисбатан даъвом йўқ, иккита боламдан бошқа ҳеч кимим йўқ, шуларга бир зарар етказишларидан қўрқаман» деди. Аммо бугун кўнглига келган фашистликни қиладиган бир ички ишлар ходимига адолатли жазо берилиши миллионлаб халқимизнинг кўнглида сизга ҳам, судга ҳам, давлат раҳбарларига ҳам, қолаверса, ватанимизнинг эртанги кунига ҳам ишончни орттирса, мабодо Санъат Умаров жарима ёки битта ҳайфсан билан қутулиб кетса, бутун халқимизнинг ҳеч кимга ва ҳеч нарсага ишончи қолмайди.

− Йўқ, асло ундай бўлмайди, биз қўлимиздан келгунча Санъат Умаров битта ҳайфсан ё жарима билан қутулиб кетишига йўл қўймаймиз. Унга қонун кўзда тутган энг қаттиқ жазо берилишига эришамиз. Бундан ташқари, унинг қайтиб бу соҳага яқин келмаслигини ҳам таъминлаймиз. Инсон шаънини ерга уриш, ор-номусини топташга ҳеч кимга, ҳеч бир тизимга, ҳеч қандай амалдорга ҳуқуқ берилмаган.

Санъат Умаров қачондир кимгадир ана шундай тазйиқлар ўтказган бўлса, шаънини ерга урадиган ҳаракатлар қилган бўлса прокуратурага мурожаат қилиб маълум қилишларини айтинг. Бу унинг асл башарасини очишга, барча қилмишлари учун жазо олишига сабаб бўлади. Синглимизга эса айтар сўзим шу: энди сиз менинг синглимсиз! Энди мен сизнинг ҳимоячингизман! Сизнинг ортингизда кўп миллионли ўзбек аёл-қизлари, ориятли ўзбек халқи турибди! Ҳеч кимдан ва ҳеч нарсадан қўрқманг! Мен ҳар куни уйингизга келолмаслигим мумкин, аммо бизнинг вакилларимиз, туман хотин-қизлар қўмитаси вакили, маҳалла фаоллари, сизга тайин қилинган психолог сиздан мунтазам хабар олиб туради.

Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш жоиз. Кеча борганимизда жуда синиб қолган ўша аёлдан икки оғиз гап ололмай қийналган эдик. Унинг кўзлари тўла қўрқув, ҳадик эди. У билан яхшигина ишлаган психолог суҳбатидан кейин аёл анчагина ўзини босиб олгани, энди одамларнинг суҳбатларига ҳам аралашаётгани кўринди.

− Ҳаммаларингизга раҳмат! – деди аёл. – Тошкентдай жойдан мени йўқлаб келганингиздан кўнглим тоғдек ўсди. Кеча, бугун қанча обрўли инсонлар мени йўқлаб келаётгани, мени танимаган, билмаган юртдошларимизнинг, ҳатто чет эллардаги ватандошларимизнинг мени қўллаб-қувватлашаётганини кўриб, эшитиб, очиғи, ўзимда куч топдим, эртанги кунга дилимда умид, ишонч уйғонди. Саховатли инсонлар болаларим кўз олдимда бўлишини исташимни инобатга олиб, улар ўқийдиган мактаб ёнидан менга дўкон очиб беришди. Дўконнинг ичини ҳам маҳсулотлар билан тўлдириб беришмоқчи. Мана, яхшиларнинг шарофати билан иш жойига ҳам эга бўладиган бўлдим. Туман раҳбариятига ҳам раҳмат, қурувчиларни юборишди, улар уйимни чиройли қилиб таъмирлашаяпти. Қўни-қўшниларим, маҳалладошларимга раҳмат, барча ишда бош-қош бўлиб, ҳашарлашиб туришибди. Фарзандларим улғайиб, яхши кунларингизда хизмат қилиб меҳрибончиликларингизни қайтаришсин!

Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева ҳамма билан хайрлашиб кетар экан, камситилган аёлни яна бир марта бағрига босиб, қадрдон кишисидек хайрлашди:

− Менга хат ёзиб, ўзингиз, ишингиз, болаларингизнинг аҳволи, ўқишидан хабардор қилиб туринг. Бирор муаммонгиз бўлса, менга ёзинг. Сизни қўллаб-қувватлайман. Унутманг, ортингизда сизни ўйлайдиган Президент бор, давлатимиз бор. Сизни ҳимоя қилувчи қонун бор, мен борман. Энг муҳими, сизни ташлаб қўймайдиган ҳамиятли халқимиз бор! Яхши қолинг! Ўзингизни, фарзандларингизни эҳтиёт қилинг! Қаддингизни тик тутинг, сиз шунга муносибсиз!

Каримберди Тўрамурод,
«Хаbar.uz» мухбири
Каттақўрғон 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг