Cловакия бош вазирининг Москвага сафари қимматга тушадиган бўлди
9 май куни ташкил этиладиган ҳарбий парадда қатнашиш учун Москвага боришни режалаштираётган Словакия бош вазири Роберт Фицонинг самолётига Эстония ҳаво ҳудудидан ўтишга рухсат берилмайди. Бу ҳақда Эстония ташқи ишлар вазири Маргус Цахкна маълум қилди.
«9 май куни Москвада босқинчини шарафлаш мақсадида ўтказиладиган парадда қатнашадиган (Роберт) Фицога бу йил ҳам Эстония ҳаво ҳудудидан фойдаланишига рухсат берилмайди. Ўтган йили тақиқлагандик, бу йил ҳам ўша тамойилга амал қиламиз», – дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, Россия Украина ва бутун Европа хавфсизлигига тажовуз қилаётган бир пайтда Эстония бирор бир мамлакатга Москва билан алоқаларни мустаҳкамлаш учун ўз ҳаво ҳудудидан фойдаланишга изн бермайди.
Аввалроқ Латвия ва Литва ҳукумати ҳам Словакия бош вазири учоғига Москва сафари учун ҳаво ҳудудларини ёпишини маълум қилган эди.
Словакия бош вазири Роберт Фицо қўшнилар тақиқига қарамай, Россияга бориш учун бошқа йўналиш топишини айтган.
Уч давлат ҳаво ҳудудини ёпиши ортидан Роберт Фицонинг Москвага сафари вақт ва харажат нуқтаи назаридан қимматроққа тушиши мумкин. Россия оммавий ахборот воситалари ёзишича, Словакия бош вазири Москвага Венгрия–Руминия–Қора денгиз, Австрия–Италия–Ўртаер денгизи–Туркия ҳамда Польша (ёки) Чехия–Германия–Болтиқ денгизи каби йўналишларда учиб келиши мумкин.
2025 йилда ҳам Эстония, Латвия ва Литва Москвадаги ҳарбий парадга йўл олган Словакия бош вазири Роберт Фицо, шунингдек, Сербия президенти Александр Вучичнинг учоқларига ўз ҳаво ҳудудларини ёпган эди.
Эслатиб ўтамиз, Роберт Фицо 2024 йил 15 май куни суиқасдда яраланганди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter