Фуқаро манфаати йўлида қарийб ярим миллиард сўм ундириб берилди
Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судининг 2026 йил 14 мартдаги ижро варақасига асосан, қарздор «N.T.C.» МЧЖдан ундирувчи А.З. фойдасига 483 миллион 440 минг сўм қарз ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати 2026 йил 17 март куни бўлим иш юритувига келиб тушган.
Мазкур ижро ҳужжати юзасидан шу куннинг ўзида «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонунининг 23-моддасига мувофиқ ижро иши қўзғатилиб, давлат ижрочиси томонидан кечиктириб бўлмайдиган ижро ҳаракатлари бошланган.
Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор корхонанинг номидаги мол-мулк ва пул маблағларини аниқлаш мақсадида «MIB portal» дастури орқали электрон онлайн сўровлар юборилиб, тегишли ташкилотлардан олинган маълумотларга асосан қарздорга тегишли ҳисоб рақамлари ва молиявий активлар аниқланди ҳамда уларга қонун тартибида банд солинди.
Шунингдек, «MIB portal» дастури орқали қарздор МЧЖга хизмат кўрсатувчи банкдаги ҳисоб рақамларига инкассо топшириқномаси юборилди.
Олиб борилган қатъий ва самарали ижро чоралари натижасида фуқаро фойдасига қарийб ярим миллиард сўм пул маблағи тўлиқ ундириб берилди.
Шу тариқа, ижро ҳужжати талаблари амалда таъминланиб, ижро иши Қонуннинг 41-моддасига мувофиқ тамомланди.
Ҳақиқат шуки, фуқаронинг қонуний ҳақи ва манфаати давлат ҳимоясида. Қарздорлик қанча миқдорда бўлишидан қатъи назар, қонуний чоралар орқали унинг ижроси таъминланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter