Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Журналистлар «уйсиз» қолмайди. Тошкентнинг янги ҳокими муаммони ҳал қилди

Журналистлар «уйсиз» қолмайди. Тошкентнинг янги ҳокими муаммони ҳал қилди

Фото: «Новости Узбекистана»

«Тошбозорсавдо» уюшмаси «Матуботчилар уйи» учун «Ўзсаноатқурилишбанк»дан олинган кредит пулларини ўз ҳисобидан тўлайди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

2016 – 2017 йилларда «Ўзсаноатқурилишбанк»дан «Тошбозорсавдо» уюшмаси учун Тошкент шаҳридаги бозорларни реконструкция қилиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги қарори билан пул маблағи олинган. Гаров таъминоти сифатида эса «Матбуотчилар уйи» кўрсатилган. Орадан бир ярим йил вақт ўтишига қарамасдан, уюшма томонидан кредит қарзлари қопланмаган. Оқибатда «Матбуотчилар уйи» Миробод тумани Мажбурий ижро бюроси томонидан аукционга қўйилган эди.

«Тошбозорсавдо» томонидан кредит қопланмагани оқибатида шаҳар марказидаги журналистлар биноси ўз баҳосидан анча арзон миқдорда аукционга қўйилгани ҳақидаги мақолага Тошкент шаҳар ҳокимлиги бефарқ бўлмади.

Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчиси Ж.Ортиқхўжаев мазкур иш ҳужжатлари қайта кўриб чиқилганини маълум қилди. Эндиликда «Тошбозорсавдо» банкка кредит пулларини ўз ҳисобидан тўлайди.

«Матбуотчилар уйи» кредит гаров таъминоти сифатида бекор қилинган. «Матбуотчилар уйи» журналистларда, яъни аввалгидек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасарруфида (балансида) қолган. Марказий газеталар бошқа манзилга кўчирилмайди.

Эслатиб ўтамиз, Миробод тумани Мажбурий ижро бюроси томонидан «Газета корпуси» номини олган Тошкент марказидаги етти қаватлик бино бошланғич баҳоси 18 млрд. сўм билан аукционга қўйилган эди.

Шундан сўнг «Xabar.uz»да 27 апрель куни журналист Тоштемир Муроднинг «Бино cотилмоқда. Таҳририят журналистлари энди кўчада қоладими?», 4 май куни публицист Шуҳрат Саломовнинг «Журналистларнинг уйини тортиб олишмоқчими?», 5 май куни эса ЎзАнинг сайтида «Қарзга ботирган бошқалар, «уйсиз» қолаётган журналистлар» номли мақолалар эълон қилинган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг