Китоб ўқиб жазо муддатини қисқартириши мумкин бўлган маҳкумлар сони 13,5 мингдан ортиқ – Сенат

Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг китоб ўқишини рағбатлантириш орқали қонунга итоаткор, маънавий ва ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Мазкур қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Жиноят-ижроия кодексларига маҳкумларнинг жазони ўташ муддати улар тузалиш йўлига ўтганлиги муносабати билан қисқартирилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритиляпти.
Хусусан, Жиноят кодекси жазони ўташ муддатини шахс тузалиш йўлига ўтганлиги муносабати билан қисқартиришни назарда тутувчи 74-1-модда билан тўлдирилмоқда.
Бунда маҳкумлар томонидан Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тасдиқланган, маҳкумларда тўғри маънавий ва ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётлар рўйхатидаги китобларни ўқиса ва ушбу китобларни ўқиганлиги факти тасдиқланган тақдирда жазони ўташ муддати ҳар бир ўқилган китоб учун уч кунга, бироқ бир йилда кўпи билан ўттиз кунгача Комиссиянинг хулосасига асосан суд томонидан қисқартирилиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Ушбу норма фақат жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниши назарда тутилган (умрбод озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганлардан ташқари) шахсларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланмоқда.
Қонунчиликка киритилаётган ушбу ўзгартиришлар бугунги кунда жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган жами 43 мингдан ортиқ маҳкумларнинг 13,5 мингдан ортиғига нисбатан татбиқ этилади.
Манба: senat.uz
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter