Матонат ёки тақдир зарбасига меҳр билан қарши чиққанлар
Бекободлик қалби дарё оддий ўзбек аёли – Тожихон аянинг бемисл матонатига бағишланган бу очерк анча йиллар муқаддам ёзилган. Ўшандан буён орадан чорак асрдан ортиқроқ вақт ўтди. Шунга қарамай, у ҳамон менга эскирмагандай ва аҳамиятини заррача йўқотмагандай туюлади. Негаки, ўткинчи дунёда аҳли башариятни, энг аввало, ўзаро меҳр-оқибат ва раҳм-шафқат бирлаштириб туради. Шундан келиб чиқиб, бугун ўша битикларни жузъий таҳрир билан эътиборингизга такроран ҳавола қилишни лозим топдим.
Остонадаги суҳбат
– Менинг нимамни ҳам ёзардингиз, ўғлим? Икки оёғим, икки қўлим бўлмаса, шохсиз-бутоқсиз дарахт нима-ю, мен нима?.. Ахир, ўзингиз бир тасаввур қилинг, мен ҳафта эмас, ой эмас, салкам ўттиз йилдан буён худди гўдак мисоли яшаб келаяпман...
Эсимда, Бекобод туманидаги Аҳадовул қишлоғида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Холтўра Қурбоновнинг хонадонига илк бор 1974 йилда борган эдим. Ўшанда эндигина мактабни битириб, туман газетасида ишлай бошлаган ёшгина йигит эдим. Сўлим ёз тонгида у мени остонада айнан шу сўзлар билан қаршилади. Сўнгра қўллари ўрнида бир қарич-бир қарич суяклар бўртиб турган билаклари остига қистирилган қўлтиқтаёқлари ёрдамида ортига кескин ўгирилди.
– Гапимга кўнсангиз, яхшиси, Тожихон опангиз ҳақида ёза қолинг. Чунки мени ҳаётга қайтарган, яна одамлар қаторига қўшган аслида мана шу аёл бўлади. – У шундай дея йўлида давом этди. Бу сафар ясама оёғи ғижирлашига қўлтиқ таёқларининг ерга зарб билан урилиб, дукиллаши ҳам қўшилиб кетди. – Мен ҳали-ҳануз унинг саховатини, тақдир синовларига тоб берган садоқатини таърифлашга сўз тополмайман, ўз миннатдорчилигимни қандай изҳор этишни билолмайман.
Сўри олдига етгач, отахон бир зум тин олди. Кўрпачага ўтириб, мухтасаргина фотиҳа ўқиди-да, яна менга юзланди:
– Ҳа, шунақа, ҳаёт мени эркаламади, аксинча, жуда қаттиқ ўкситди. Одамлар сафида юриш-туришдан маҳрум этди. Аммо қисматидан нолияпти, деб ўйламанг. Нолишга ҳақим йўқ. Тақдир бир томондан бахтимни қисган бўлса, иккинчи томондан омадимни берди. Мана шу ҳолимга урушдан кейин оила қурдим. Бир эмас-икки эмас, олти нафар фарзанд кўрдим. Худога шукур, ҳаммаси соғ-саломат ўсиб-улғайди. Лекин мен-чи, мен?.. – Бу саволни бераркан, отахоннинг овози титраб кетди. Бўғзига нимадир тиқилгандай бўлиб, гапиролмай қолди. – Ростини айтсам, – деди бир оздан сўнг қайта тилга кириб, – оилада бир умр еттинчи гўдак бўлиб қолдим. Бу менга жуда алам қилади, аммо иложим қанча?.. Эҳтимол, ер юзида менга ўхшаган хаста-ногиронлар кўп бўлса, бордир. Лекин, иймон келтириб айтаманки, бундай одамларга Тожихон опангиз сингари содиқ қолган аёлни осонликча топиш даргумон. Шунинг учун ҳам фарзандларимнинг онаси ҳақида ёзинг деяпман-да, ўғлим. Токи аёл қалби нималарга қодирлигини бошқалар ҳам билиб қўйсинлар...
Тожихон опанинг армони
Мен рози бўлгандим, «Албатта, ёзаман!» дегандим. Аммо орадан неча йиллар ўтса-да, ёза олмадим. Табаррук аёл шаънига лойиқ энг улуғ сўзни тополмадим. Отахонга иккинчи бор ҳаёт бағишлаган, кўзларига қайтадан нур, дилига орзу-ҳавас ато этган Тожихон опанинг матонатини кўнглимдагидек қилиб қоғозга туширолмадим.
Алқисса, Аҳадовулга ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари арафасида бордим. Аммо...
Афсус, минг афсус, бу сафар кутилмаган нохуш воқеанинг шоҳиди бўлдим...
– Шунақа бўлди, дўстим, ҳафта бурун дадамизни бериб қўйдик.
Тўнғич ўғил Абдужаббор ортиқча сўз айтмади. Ўпкаси тўлиб, йиғидан қизарган кўзларини ерга қадади. Шу пайт хонага одатдагидай оҳиста юриб, жиккаккина гавдали Тожихон опа кириб келди-да, сас-садосиз пойгакка чўкди.
– Йўқлаб келганингиз учун раҳмат, болам, – деди бош қимирлатиб сўрашгач. Кейин кўнглимдан кечганини уқиб олгандек, оҳиста тилга кирди. – Холтўра отангиз ҳали руҳан тетик эдилар. Аммо охирги вақтларда, кексалик аломатими ёки олган жароҳатлари асоратими, тез-тез қон босими ошадиган бўлиб қолувди... Ўша куни эрталаб ҳам ҳар доимгидай чақ-чақлашиб ўтирувдилар. Тушга яқин сал тоблари қочиб, ёстиққа ёнбошладилар. Кўп ўтмай, «Бошим ғувиллаб кетаяпти, пешиндан кейин озгина мизғиб олсам, зора, босилса», дея, одатдагидек, ўтирган кўйи намоз ўқишга киришдилар. Мен мол-қўйлардан хабар олгани ташқарига чиқиб кетдим. Анчадан кейин қайтиб кирсам, жойнамоз устида қибла томонга чўзилганча ётибдилар. Чақирсам, жавоб бермадилар, кўз ҳам очмадилар... Мен ғафлатда қолибман, «Намозни ўқигач, ухлайман», десалар, чиппа-чин ишонибман... Бунақа бўлишини билсам, бошларида туриб оғзига бир томчи сув томизмасмидим, тилдан қолмасларидан рози-ризоликларини олмасмидим? – У рўмолини кўзларига босди. – Мана шуниси менга армон бўлиб қолди, ўғлим...
Тожихон опа жим қолди. Ўртага совуқ сукунат чўкди. Мен бу хокисоргина аёлнинг ўзи қарийб қирқ йил корига яраган турмуш ўртоғининг розилигини ололмагани, умрининг сўнгги лаҳзаларида унинг ёнида бўлолмаганини айтиб, ўкинишидан ҳайратга тушдим, унинг том маънода муқаддас ва фаришта аёл эканлигига яна бир бор иқрор бўлдим.
Сўнгра зимдан унга кўз қиримни ташладим: чолининг бевақт ўлими қаттиқ таъсир қилибди. Юзлари сўлғин, боқишлари маҳзун. Назаримда, сочларининг оқи қуюқлашиб, қотма юзлари янада қорайгандек. У шунча вақт тақдирга тан бериб, итоат билан яшаганди. Мана, бугун ҳам мусибат олдида ночор бош эгиб, хокисоргина ва бир бурдагина бўлиб ўтирибди. Гоҳ-гоҳо ниманидир излаётгандай, кимнидир қўмсаётгандек ён-атрофига мунғайиб боқади. Унга қўшилиб, мен ҳам чоғроққина шинам хонага разм соламан.
Дарвоқе, Холтўра ота умрининг сўнгги йилларида мана шу уйда яшаган. Аммо ерга излари тушмаган. Негаки, унинг оёқлари йўқ эди, қўлтиқтаёқларга таяниб юрарди. Унга узоқ йиллар мадад бўлган қўлтиқтаёқлар мана энди хона тўрида эгасига беҳуда зориқиб ётибди.
Биламан, отахон манови телефондан ҳам кўп фойдаланган. Лекин унга бармоқ излари тушмаган. Чунки унинг қўллари ҳам йўқ эди. Уйда ёлғиз қолар бўлса, невараларига айтиб, чўлтоқ билагига боғлатиб олган қаламни ишга соларди. Минг бир азоб ила рақам терар, ётиб олиб гўшакка қулоқ тутарди. Ишқилиб, бу хонада ҳар лаҳза, ҳар дақиқа унинг ўктам овози, жарангдор кулгиси эшитилиб турарди. Энди эса...
Хона жим. Қўлтиқтаёқлар жим. Телефону, токчада қолган қалам жим. Жамулжам бўлган оила аъзолари ҳам жим. Ҳамма бор, ҳамма нарса бор. Фақат... фақат Холтўра ота йўқ... Йўқ, адашдим, чоғи. Унинг ўзи ҳам шу атрофда-ю, бирров ташқарига чиққандай, ҳализамон кўксига орден-медаллар тақилган кийим-бошда қайтиб кириб, ҳидлари қолган мана бу кўрпача-ёстиққа оҳиста ёнбошлайдигандек...
Мусибат доялик қилган жасорат
Қонли уруш Далварзин чўллари бағрида чирой очган мўъжазгина Аҳадовул қишлоғи аҳли бошига ҳам битмас-туганмас қайғу-кулфат келтирди. Фронтга кетган Исмоил Эмонов, Бийноз Холбоев, Эргаш Гулмуродов каби ўнлаб норғул йигитлардан фақат икки нафари қайтди. Ғалаба қозонилгач, тупроғи билқиллаган кўчаларда олдин ҳаёт-мамот жангида оғир яраланиб, бир умрлик чандиқ орттирган Абдуғани Ўрозбоқов пайдо бўлди. Уч баҳор ўтар-ўтмас, Холтўра келди...
Йўқ-йўқ, ўктам-дадил одимлар билан ўзи кириб келмади. Уни бошқалар олиб келишди. Ўн саккиз ёшида қишлоқдан ўз оёғи билан шахдам юриб чиқиб кетган девқомат йигитни олти йилдан сўнг уйига қўлсиз-оёқсиз бир алфозда бамисоли йўргакланган чақалоқдек кўтариб киришди. Ўшанда овулда унга ачиниб йиғламаган одам қолмади ҳисоби...
Начора, бу дунёдан яхши ҳам, ёмон ҳам – барча ўтади. Хоҳ қувончлидир, хоҳ қайғулидир – ҳамма нарса унутилади. Фурсати келиб, етти ёт бегоналардан кўрган мурувват-яхшиликларинг ҳам, яқинларинг ўтказган жабр-жафолар ҳам эсдан чиқади. Аммо мусибат доялик қилган жасорат ҳеч қачон эл оғзидан тушмас экан. Мана, ёрқин мисол – ўша кезлар аҳадовулликларни беҳад ҳайратга солган бир воқеа. «Тожихон Холтўрага турмушга чиқармиш!» деган хабардан кимлардир ажабланиб елка қисишди.
Кимлардир уни четга тортиб, «Ҳой, эсинг жойидами? У сенга эр эмас, даҳмаза-дардисар бўлади-ку! Бундоқ келажагингни ўйласанг-чи!» дея насиҳат қилишди. Улар Холтўрага ачинишдими, Тожихоннинг устидан кулишдими, билиш қийин эди. Аммо ўн тўққиз ёшли қизнинг журъатига тан берганлар бисёр эди.
Кўп ўтмай тўй бўлди. Унда кўпчилик қатнашди. Келин-куёвнинг қувончига шу туманда яшовчи Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари ҳам шерик бўлишди.
Кейин замон ўзгарди, ҳаёт ўзгарди. Одамлар ўзгарди, дунёқарашлар ўзгарди. Фақат Тожихон опа ўзгармади, унинг аҳду паймони ўзгармади. Вафога ваъда қилган қиз ваъдага вафо қилишнинг ҳам уддасидан чиқди. Оилавий турмушнинг неки заҳматлари бўлса, ўз гарданига олди.
Фурсати етиб, оилада фарзандлар туғилди, рўзғор ташвишлари кўпайди. У бир қўли билан бешик тебратса, иккинчиси билан Холтўра отага луқма тутди. Бир қўли билан кетмон чопса, иккинчиси билан ёстиқдошини оқ ювиб-оқ таради. Оғир дамларда қайнонаси Хонимгул аянинг, қайнотаси Қурбон бобонинг мададига таянди. Шу асно фарзандлари бирин-кетин вояга етди. Зубайдаю Бувихадича «Ёр-ёр» садолари остида келинлик либосини кийишди. Абдужаббору Акбарали, Абдумўмину Облоқул уйли-жойли бўлишди. Чол-кампир қўша-қўша неварали, пиру бадавлат отахону онахонга айланишди.
Қирқ уч йил давом этган «жанг»
Холтўра ота ҳар сафар бошқалардан кўрган меҳр-оқибатлари ҳақида гапирарди-ю, ўз жасоратлари тўғрисида кўп-да сўз очмасди. Ҳолбуки, унинг жанговар ҳаёт йўли ҳам қаҳрамонликларга бой эди. У немис-фашистлар собиқ иттифоққа бостириб кирган йилиёқ ҳарбий хизматга чақирилди. Дастлаб Владивостокда ҳарбий тайёргарликдан ўтди. Кейин Житомир, Курск, Махачқалъа шаҳарларини, Польша, Венгрия, Болгария сингари давлатларни озод этишда қатнашди. Бу қирғинбаротларда Худонинг ўзи уни ўлимдан асради.
Бироқ 1945 йилнинг февраль ойи бошларида Кёнигсберг шаҳри учун бўлган жанглардан бирида оғир яраланди. Ҳужумга ташланган сафдошлари сингари кенг майдон бўйлаб олға югуриб бораркан, тўсатдан оёқлари остида лоп этиб аланга кўтарилди. Шу ондаёқ кучли портлашдан қулоқлари том битди. Кейин чап қўли чўрт узилиб, олд томонга учиб кетгани, ўзи бир муддат ҳавода муаллақ қолгани ёдида, бошқасини эслай олмайди...
Оғир жароҳат туфайли кўп қон йўқотиб, деярли уч ҳафтадан буён ҳуш-беҳуш ётган, юраги билинар-билинмас уриб турган жангчининг ҳаётини сақлаб қолишнинг энг сўнгги чораси шу бўлди: совуқ олган ўнг қўлини билагидан, мажақланган чап оёғини сонидан, тўпиқсиз ўнг оёғини тиззасидан кесишди.
Табиийки, ҳали 22 ёшга ҳам тўлмаган бўз йигит учун бундай аҳволга тушиш ўта даҳшат эди. У энди ҳафталаб-ойлаб чалқанча ётар, келажагини ўйлагани сайин юрагини ваҳима босар, иложсизликдан ўзини қўярга жой тополмай типирчилаб қоларди.
Зеро, унинг учун энг оғир, ҳақиқий жанг – ҳаёт учун, тақдир учун кураш энди бошланган эди. Бу кураш эса, хоҳ ишонинг-хоҳ ишонманг, қирқ уч йил узлуксиз давом этди. Ҳа, роппа-роса қирқ уч йил! У шунча йил ногиронлик азобини тортди, шунча йил қисматга қасдма-қасд яшади.
Ҳақиқатга айланган башоратлар
– Яширмайман, дастлаб ҳаётдан умид узган пайтларим ҳам кўп бўлди, – деб эсларди Холтўра ота. – Бахтимга, дунёда яхшилар кўп экан. Айтайлик, госпиталда мени салкам уч йил асл келиб чиқиши белоруссиялик бўлган ҳарбий врач даволаганди. У ҳар гал олдимга кирганида, нуқул бир гапни такрорлар, «Ўксинма, солдат, сен ҳали узоқ яшайсан. Оила қурасан, фарзандлар кўрасан!» дер эди. Мен бу башоратга ишонмасдим. Врачнинг сўзларини шунчаки кўнглимни кўтариш учун айтилган гапга йўярдим. «Барибир, узоққа бормайман», деб ўйлардим. Шу боис уйга қайтиш, ота-онамга ортиқча юк бўлиш ниятим йўқ эди...
Бир байрам арафасида госпиталимиздан сал наридаги маданият саройида ёш ишчиларнинг уруш қатнашчилари билан учрашуви ўтказиладиган бўлди. Катя ва Надя исмли ҳамширалар қўярда-қўймай, аравачада мени ҳам олиб боришди. Қарасам, меҳмонларнинг аксарияти ўзимга ўхшаган ногиронлар. Ён қаторда – зобитлар орасида ўтирган озғин жуссали, ёш бўлса-да, сочларига қиров қўнган майор кўзимга алланечук иссиқ кўринди. Хотирамни жамлаб, ахийри эсладим. Бу 105-дивизияга қарашли 130-ўқчи полкда хизмат қилганимда менга ҳарбий маҳоратдан илк сабоқни берган, дастлабки жангга бирга кирган собиқ командирим эди. Ниҳоят, у ҳам мени таниди. Учрашув тугаши биланоқ, бир-бир босиб қаршимга келди. Ялашиб-юлқашиб сўрашдик. Узоқ суҳбатлашдик. Қуролдош дўстларимизни эслашдик.
Айтишича, майор ҳозир госпиталимиз жойлашган шаҳардаги ҳарбий қисмда хизмат қилаётган экан. У бизни кузатиб, госпиталгача бирга келди. Йўл-йўлакай салкам уч йилдан буён ўлик-тиригим тўғрисида ота-онамга хабар қилмаганимни эшитиб, қаттиқ койиб берди. Айниқса, уйга қайтмаслик ҳақидаги қароримдан огоҳ топгач, ўзини тута олмади.
– Бу ишингиз хато, ука, жуда катта хато! – деди сўзимни чўрт кесиб. – Ахир сиз ўғрилик ёки безорилик қилиб, бу кўйга тушганингиз йўқ-ку. Шунинг учун ҳам дўст сифатида илтимос қиламан, ҳам собиқ командирингиз сифатида буюраман, эртагаёқ уйга хат ёзинг. Сиз одамларга, биринчи навбатда, ота-онангизга кераксиз!..
Мен барибир бу илтимосга қулоқ осмадим, дўстона буйруқни бажармадим. Кейин билсам, майор аҳдим қатъийлигини англагач, врачлардан уй адресимни сўраб олган, бор ҳақиқатни баён этиб, ота-онамга мактуб йўллаган экан. Уч ойдан сўнг госпиталимизга тўсатдан улар кириб боришганида, қандай ҳолга тушганимни билсангиз эди. Шу десангиз, дийдор кўришганимизга қувониб бир йиғлайман, бошимдан ўтганларни айтиб яна бир йиғлайман. Ота-она, барибир, ота-она экан-да, менга қўшилиб кўз ёши тўкишади-ю, кўнглимни кўтаришади, кўнглимни кўтаришади-ю, яна ўзлари кўз ёши тўкишади. Мен оналар меҳри нақадар улуғлигини, оталар дуоси нақадар бебаҳолигини ўшанда юрак-юракдан ҳис этганман.
Хуллас, қўлтиқтаёқлар ёрдамида ҳаракатланишни ўрганиб олгач, киндик қоним томган қишлоғимга қайтдим. Аввалига ўз дард-ғамим билан андармон бўлиб қолган эканман. Кейинроқ ўша ҳарбий врачни, мовий кўз ҳамшираларни, озғин майорни кўп соғиндим. Уларнинг дараги чиқиб қолармикин, деган илинжда ўзим даволанган госпиталларга, хизмат қилган қисмларга талай хатлар йўлладим. Лекин бирортасига ҳам тайинли жавоб ололмадим...
Диёнатли инсон эл назаридан қолмайди
– Холтўра отангиз қўлсиз-оёқсиз бўлсалар ҳам иймон-эътиқодли одам эдилар. – Мен Тожихон опанинг сўзларидан ҳушёр тортаман. – Ҳар қандай ҳолатдаям беш маҳал намозни канда қилмасдилар. Ногиронлигини пеш қилиб, ортиқча нарса ундириш илинжида бўлмасдилар. – Тожихон опа енгил тин олиб, қадоқ қўлларидаги пиёлада совиб қолган чойдан ҳўплади. Сўнгра майин оҳангда сўзини давом эттирди. – Диёнатли одам эл назаридан қолмас экан, ҳамқишлоқларимиз ҳеч қачон бизни ёлғизлатиб қўйишмади. Тўйимиз олдидан ҳашар йўли билан уй қуриб беришганди. Кейин ҳам иссиқ-совуғимиздан, кам-кўстимиздан доимо бохабар бўлиб туришди. Ҳукуматимизу маҳаллий раҳбарларимиз ҳам қараб туришмади. Уч марта енгил машина беришди, алоҳида уй ажратишди. Тез-тез келиб, ҳол-аҳвол сўрашди. Дафн маросимида ёнимизда туришди.
...Ҳа, бўлди, мен неча замонлар хаёлимни тарк этмаган саволларга мана энди жавоб топдим: жасоратдан жасорат туғилади, меҳрдан меҳр яралади, деганлари ҳаққи рост экан. Холтўра отанинг бутун умри матонат ила йўғрилганди. У яшашга иштиёқи, мушкулоту азобларга бардошлилиги билан одамлар қалбига эзгулик уруғини соча билди. Шу боис ҳамқишлоқлари ундан меҳр-оқибатларини дариғ тутишмади, яхши-ёмон кунларида ҳамкор-ҳамнафас бўлишди.
Адашмасам, Тожихон опа ҳам худди ана шу туйғудан куч-далда олган. Жасоратга жасорат билан, меҳрга меҳр билан жавоб қайтарган. Бу йўлда ҳамиша яхшиларга ишонган, мудом яхшиларга ёндашган. Ўзининг энг оддий, лекин энг буюк инсонийлик вазифаси – аёллик бурчини сидқидилдан адо этган.
Энди, холисона, айтинг-чи, аслида шунинг ўзиёқ бетимсол муҳаббат эмасми? Аслида шунинг ўзиёқ бошқалар учун энг катта сабоқ-ибрат эмасми?..
Сўнгсўз ўрнида
Хонадон эгалари билан хайрлашиб, ҳовлидан чиқарканман, кўча эшик олдидаги олма дарахтига кўзим тушди. Хабарим бор, анча йиллар муқаддам унинг шохлари қуриб, барглари қовжираб қолганди. Мевали дарахтнинг қуриши бехосият саналишини яхши билган Холтўра ота дебочасига ўғилларига уни таг-томири билан қўпориб ташлашни буюрди. Кейин негадир «Сал пастроғидан арралаб қўя қолинглар», деди. Ҳар ҳолда, тўғри қилган экан, кўп ўтмай тўнка ёнбошидан шохлар чиқарди.
Мана, энди эса ўша дарахт иккинчи бор умр кўраяпти, ҳар йили аввалгидек ҳосил бераяпти. Бу нима, шунчаки тасодифми! Балки гап бошқа ёқдадир. Эҳтимол, Тожихон опанинг сабот-матонати, метиндек иродаси олдида лол қолган табиат ундан ибрат олгандир. Шу туфайли шохсиз-бутоқсиз тўнкага қайтадан жон ато этгандир. Эҳтимол, Холтўра отанинг ҳаётга ташналиги, яшашга иштиёқи кучли эканлиги гувоҳи бўлган дарахт унга ҳавас қилгандир, гарчи бир муддат кундага айланган эса-да, ўша ҳавас туфайли нурга – қуёшга талпингандир...
Яна ким билсин, балки менинг хулосаларим хомхаёл бўлиб чиқар, балки бу ҳеч қачон инсон измига бўйсунмайдиган, ҳар доим ўз қонунлари билан яшайдиган табиатнинг бизга номаълум бошқа сир-синоатлари билан боғлиқ ҳодисадир. Шуларни ўйлаган ҳолда Тожихон опа билан хайрлашар эканман, қулоқларим остида яна Холтўра отанинг ҳу ўша – анча йиллар бурунги ўтинчи янграгандай бўлди:
– Шунинг учун ҳам фарзандларимнинг онаси ҳақида, умуман, мунис-мушфиқ ва мўътабар аёллар, яхши инсонлар ҳақида ёзинг деяпман-да, ўғлим. Ахир, бу дунё шулар билан обод-ку!..
* * *
Мен ҳар сафар шу гапларни эслаганимда, кўз ўнгимга раҳматли Холтўра отани ва Тожихон аяни, сўнгра кетма-кет вафот этган ўғиллари Абдужаббор, Акбарали ва Облоқулни келтираман. Худодан уларнинг охиратлари обод, руҳлари шод бўлишини сўраб, қолган фарзандлари ва невара-чевараларига узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ тилайман.
Абдунаби Ҳайдаров


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter