Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Наманган вилоятига ҳоким тасдиқланди

Наманган вилоятига ҳоким тасдиқланди

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоят Халқ депутатлари кенгашида иштирок этмоқда. Давлат раҳбари йиғилиш давомида Наманган вилояти ҳокимлигига Шавкат Абдураззоқов номзодини кўрсатди.

— Ҳозирги шароитда ҳоким тайинлаш ҳам, ҳоким бўлиш ҳам осон эмас. Наманган вилоятида катта корхоналар йўқ ва раҳбар уддабуран, халқпарвар бўлиши шарт. Биз Наманганга муносиб инсонни тайинлашимиз лозим.

Ўтган тўрт йил давомида Хайрулла Бозоров билан кўп ишларни амалга оширдик. У ўз ишига муносиб бўлгани учун Фарғона вилоятига раҳбар этиб тайинладик ва фарғоналиклар уни яхши қабул қилишди.

Бозоров билан кўп гаплашдим, шахсан ўзим ҳам иккита вилоятга раҳбарлик қилганман. Бу эса катта тажриба дегани. Биринчи вилоятда ишлаган одам билиб-билмай хатоларга йўл қўйиши мумкин. Аммо кейин тажрибаси ошади.

Наманганга сайланадиган ҳоким ҳақида гапирсак, бу ерга ташқаридан одам олиб келиб, ёки Тошкентдан бирор вазирни қўйиш мумкин эди. Аммо вилоятни яхши биладиган одам керак. Мингбулоқдан тортиб, Чустгача вазият қандай эканини тушунадиган раҳбар керак.

Шу сабабли Абдураззоқов Шавкат Шокиржоновичнинг номзодини вилоят ҳокимлигига таклиф қилмоқчиман. Уни жуда яхши биласиз. Албатта, Шавкат Абдураззоқов ҳаммага ҳам ёқмаслиги мумкин, чунки қаттиққўл одам ҳаммага ҳам маъқул келмайди. Аммо у унумли иши билан халққа ва Президентга ёқади.

Агар кимдир вилоят ҳокимлиги учун ўз номзодини билдирмоқчи бўлса, марҳамат. Ҳокимнинг иши осон эмас. Мабодо кимдир ташаббус билан чиқса, бажонидил кўриб чиқамиз. Ҳозир эса Шавкат Абдураззоқов номзодини депутатларга тавсия қилмоқчиман, — деди Шавкат Мирзиёев.

Абдураззоқов охирги 5 ой мобайнида вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида фаолият юритиб келаётган эди. Халқ депутатлари кенгаши томонидан унинг номзоди Наманган вилояти ҳокимлигига тасдиқланди.

Xabar.uz ахборот таҳлилий портали давлат раҳбарининг Наманганга ташрифини ёритишда давом этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг