Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Нурафшон шаҳрида Ўзбекистондаги илк мультибренд автосалон очилди

Нурафшон шаҳрида Ўзбекистондаги илк мультибренд автосалон очилди

Фото:«Xabar.uz»

2018 йилнинг 20 декабрь куни Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилнинг январь ойида Тошкент вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириғига биноан барпо этилган Ўзбекистондаги илк мультибренд автосалонининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Фото:«Xabar.uz»

Мультибренд автосалонининг фаолияти ушбу ҳудудда 100 кишини иш билан таъминлаш имконини беради.

Мазкур замонавий автосалоннинг вазифаси ЎзАвто компанияси таркибига кирувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар, катта юк техникалари ҳамда эҳтиёт қисмларини сотиш, шунингдек уларга сервис, сотув ва даврий кафолатли техник хизмат кўрсатишдир.

Шунингдек автосалон харидорларга аъло даражада хизмат кўрсатиши билан қулайлик туғдиришни мақсад қилган.

Фото:«Xabar.uz»

Замонавий мультибренд автосалоннинг шоурумида доимий равишда «GM Uzbekistan», «SamAvto», «JV MAN Auto – Uzbekistan» ҳамда «UzAuto Trailer» каби миллий автосаноат корхоналарининг Chevrolet, MAN, Isuzu ва Kamaz брендлари доимий равишда тақдим этилади. Бундан ташқари автосалонда автосуғурта, автомобиль харид қилиш жараёнида давлат рақамларини расмийлаштириш каби хизматлар кўрсатилади. Қўшимча қулайлик сифатида автосалонда банк филиали очилган.

2400 кв.метрни ташкил қиладиган сервис ҳудуди замонавий техника нуқталари билан жиҳозланган. Бу ерда «Ўзавтосаноат»нинг барча брендлари учун исталган турдаги кафолатли ва кафолатдан сўнгги хизматларни кўрсатиш учун барча зарурий ускуналар ўрнатилган.

Шу куннинг ўзида, 10 декабрь куни сотуви бошлаган янги модель, Tracker автомобилининг тақдимоти бўлиб ўтди. Айтиш жоизки, компания қисқа муддатларда 1000 дан ортиқ янги моделдаги автомобилларни сотган.

Фото:«Xabar.uz»

Мазкур моделни йирик узелли йиғиш ишлари «GM Uzbekistan»нинг Тошкент шаҳридаги филиалида амалга оширилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг