Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Олимлар COVID-19 дан кейин мияда қолган «узоқ муддатли из»ни аниқлашди

Олимлар COVID-19 дан кейин мияда қолган «узоқ муддатли из»ни аниқлашди

фото: Freepik

Коронавирусдан кейинги даврда кузатиладиган сурункали чарчоқ ва когнитив (фикрлаш билан боғлиқ) бузилишлар ниҳоят илмий исботини топди. Австралиялик нейроиммунологлар COVID-19 билан касалланиб ўтган беморлар миясида аниқ таркибий ва биокимёвий ўзгаришларни аниқладилар. «Brain, Behavior, & Immunity – Health» журналида эълон қилинган янги тадқиқот бу аломатларнинг сабабини миядаги объектив ўзгаришлар билан боғлади. Яъни коронавирусдан кейинги когнитив муаммолар шунчаки вақтинчалик ҳолат эмас, балки миядаги чуқур биологик жараёнлар билан боғлиқ бўлиб чиқди.

Тадқиқот натижалари нимани кўрсатди?

МРТ таҳлиллари шуни кўрсатдики, коронавирусни бошидан ўтказган беморларнинг мия тўқималарида микроструктуравий ўзгаришлар юз беради. Айниқса, хотира ва ҳаракат функциялари учун масъул бўлган соҳаларда ҳужайра даражасидаги бузилишлар аниқланган.

Олимларнинг таъкидлашича, миядаги кимёвий мувозанатнинг ўзгариши сурункали яллиғланишдан далолат беради. Бу эса инсоннинг нафақат жисмоний ҳолатига, балки фикрлаш қобилиятига ҳам бевосита таъсир қилади.

Ҳатто соғайганларда ҳам ўзгаришлар бор

Тадқиқотнинг энг муҳим хулосаларидан бири шундаки, ҳатто ўзини тўлиқ соғлом ҳис қилаётган ва ҳеч қандай шикояти бўлмаган одамларда ҳам мия кўрсаткичлари назорат гуруҳидагилардан фарқ қилган. Яъни олимлар ҳеч қачон ковид бўлмаган одамнинг мияси билан ковиддан соғайган одамнинг миясини солиштиришганда, иккинчи гуруҳда мия ҳужайралари орасидаги алоқалар сустлашганини ёки кимёвий мувозанат бузилганини кўришган. Бу COVID-19 инфекцияси мияда узоқ муддатли «из» қолдириши мумкинлигини англатади, яъни вирус мия тўқималарини маълум маънода «қайта дастурлаб» қўйган. Шу сабабли одам тез чарчайдиган, диққатини жамлай олмайдиган ёки уйқуси бузиладиган бўлиб қолади. Бу ўзгаришлар яқин орада ўтиб кетмаслиги, балки ойлар ёки йиллар давомида сақланиб қолиши мумкинлиги тадқиқотда «узоқ муддатли из» деб аталган.

«Бу маълумотлар ковид асорати шунчаки руҳий тушкунлик (психосоматика) эмас, балки реал патофизиологик асосга эга ҳолат эканлигини сўзсиз исботлайди», — дейилади тадқиқот хулосасида. Олимларнинг таъкидлашича, эндиликда ковид асоратини даволашда нейрон тузилмаларни ва биокимёвий мувозанатни тиклашга қаратилган янги реабилитация чораларини ишлаб чиқиш зарур.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг