Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда сайғоқларни кўпайтириш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда сайғоқларни кўпайтириш режалаштирилмоқда

2026 йилнинг 4-6 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги “Экоҳудуд ва овчиликни ривожлантириш департаменти” давлат муассасаси томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг гўзал ва сирли ҳудудларида жойлашган «Судоче - Акпетки» ҳамда «Сайғоқ» давлат ландшафт буюртма қўриқхоналарига кенг кўламли пресс-тур ташкил этилади.

Мазкур медиа-тадбир 5 май - Сайғоқлар халқаро куни муносабати билан ўтказилиб, унинг асосий мақсади - чўл кўрки ҳисобланган сайғоқларни муҳофаза қилиш, уларнинг экотизимдаги ўрнини тарғиб қилиш ва бу борадаги миллий стратегиямизни жаҳон ҳамжамиятига намоён этишдан иборат бўлди.

Пресс-турда республика ва ҳудудий оммавий ахборот воситалари вакиллари, етакчи экология мутахассислари, қўриқхона инспекторлари ҳамда соҳанинг илмий экспертлари иштирок этди.

Сайғоқлар куни

Сайғоқлар халқаро куни 2011 йилдан буён дунё миқёсида нишонланиб келмоқда. Ушбу сана нафақат байрам, балки бир пайтлар йўқолиш арафасида турган бу ноёб турнинг омон қолиши учун бирлашишга чорловчи глобал платформадир. Ўзбекистон ушбу ноёб турнинг дунёдаги кам сонли яшаш манзилларидан бири сифатида, уларни асрашда марказий ўрин тутади.

Ушбу ташаббус, аввало, Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир конвенция доирасида шаклланган бўлиб, сайғоқларни муҳофаза қилишда давлатлараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Музлик даври вакили

Сайғоқлар - музлик давридан бугунги кунга қадар омон қолган ноёб реликт тур ҳисобланади, "чўл кийиги" табиатнинг ҳақиқий мўъжизасидир. Бугунги кунда сайғоқлар нафақат миллий, балки халқаро миқёсда қатъий муҳофаза қилинади. Хусусан, «Йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисида»ги конвенциянинг II иловасига киритилган. Бу эса унинг ҳар қандай шаклдаги халқаро савдосини қатъий назорат остига олиш ва ноқонуний овланишининг олдини олишни кафолатлайди.

Халқаро сана сифатида 5 май кунининг танланиши чуқур рамзий ва биологик аҳамиятга эга. Айнан шу давр сайғоқларнинг болалаш мавсумига тўғри келиб, турнинг ҳаётий циклидаги энг нозик ва масъулиятли босқич ҳисобланади. Шу боис, ушбу санада жамоатчилик эътиборини қаратиш - турнинг келажагини сақлаб қолишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Сайғоқлар ватани

Сайғоқлар асосан Марказий Осиё кенгликлари - Қозоғистон, Россия (Қалмоғистон Республикаси) ҳамда Мўғулистон ҳудудларида тарқалган. Сўнгги глобал тадқиқотларга кўра, дунё миқёсида сайғоқлар сони 1,5-2 миллион бош атрофида баҳоланмоқда. Бу кўрсаткич сўнгги йиллардаги муҳофаза чоралари натижасида ижобий ўсиш динамикасини кўрсатаётган бўлсада, тур ҳали ҳам тўлиқ экологик хавфдан холи эмас.

Ўзбекистонда ушбу ноёб реликт тур асосан Устюрт платосининг бепоён адирларида истиқомат қилади. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасидаги «Сайғоқ» давлат ландшафт буюртма қўриқхонаси уларнинг асосий маконидир. 2025 йилги сўнгги ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, Ўзбекистондаги сайғоқлар сони қарийб 300 бошни ташкил этади. Бу рақам дунё популяциясига нисбатан кам бўлсада, мамлакатимиз ҳудудий экотизими учун ўта қадрли ва стратегик аҳамиятга эга бўлган “олтин фонд” ҳисобланади. Зеро, ушбу кичик гуруҳни асраб қолиш ва кўпайтириш миллий экологик хавфсизлигимизнинг муҳим бўғинидир.

Ўзбекистонда сайғоқларни асраб  қолиш ва кўпайтириш учун қатор тадбирлар режалаштирилган. Қўриқхона ходимлари томонидан маълум қилинишича, яқин вақтлар ичида Қозоғистондан умумий ҳисобда 500 бош ёш сайғоқлар олиб  келинади ва маҳаллий иқлимга мослаштирилади. Шу тариқа яқин йиллар ичида Устюрт кенгликларида яна сайғоқлар подаси кезиб  юрганини кўриш мумкин бўлади.

Нима учун сайғоқларни асраш ҳаётий зарурат саналади?

Сайғоқ - шунчаки ҳайвон тури эмас, балки чўл экотизимининг «юраги» ва асосий мувозанат сақловчисидир. Улар чўл экотизимининг ажралмас бўғини бўлиб, улар ўз кўчишлари орқали тупроқни юмшатади ва ўсимликлар дунёсининг хилма-хиллигини таъминловчи табиий «боғбон» вазифасини ўтайди. Ушбу тур чўл табиатининг саломатлик кўрсаткичи ҳисобланади, шунинг учун уларнинг камайиши занжирсимон реакция ҳосил қилиб, бутун бошли экотизим барқарорлигига ва бошқа ўнлаб турларнинг яшаш муҳитига жиддий хавф туғдиради.

Устюрт платоси ўзининг бетакрор ландшафтлари билан экотуризмни ривожлантириш, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини ошириш ва маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринлари яратишда улкан иқтисодий салоҳиятга эга. Сайғоқларни асраш орқали ушбу ҳудудни “тирик лаборатория” сифатида дунёга танитиш - нафақат табиатни сақлаш, балки келажак авлодлар учун барқарор ва бой экологик мерос қолдириш демакдир.

«Судоче-Акпетки»

Сафар давомида журналистлар шунингдек «Судоче-Акпетки» давлат ландшафт буюртма қўриқхонасида ҳам бўлдилар.


«Судоче-Акпетки» ҳудуди ўзининг ноёб сув-ботқоқ экотизими ва бой биологик хилма-хиллиги билан ажралиб турадиган стратегик маскандир. Бу ерда 314 турдаги ҳайвонот дунёси, жумладан, 80 дан ортиқ “Қизил китоб”га киритилган ноёб турлар ва гўзал пушти фламинголар муҳофаза қилинади.

Марказий Осиёдаги энг муҳим орнитологик марказлардан бири сифатида миграция даврида ўн минглаб қушларга бошпана бўладиган ушбу ҳудуд, табиат шайдолари ва экофотографлар учун ёввойи табиатнинг ҳақиқий мувозанатини ҳис қилиш имконини берувчи беқиёс манзилдир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг