Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Самарқанд энг тоза шаҳар бўлиши керак! Бу бўйича нималар қилинмоқда?

Самарқанд энг тоза шаҳар бўлиши керак! Бу бўйича нималар қилинмоқда?

Замонавий дунёда нафақат чиқиндиларни ўз вақтида тозалаш, балки ундан ўз ўрнида фойдаланиш ҳам жуда муҳим. Ҳа, тўғри, айнан «фойдаланиш» ҳақида гап кетмоқда, зеро барча илғор мамлакатларда чиқиндидан хом-ашё ва электр энергияси олиш аллақачон урфга кирган. Ўзбекистон ҳам шу йўлдан кетмоқда.

Ҳафта ўртасида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Чиқиндиларни бошқариш ва сиркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги томонидан ОАВ учун Самарқанд шаҳрига пресс-тур ташкил этилди. Сафар давомида журналистлар кўҳна шаҳардан чиқинди қандай олиб чиқиб кетилаётганию, қай тариқа қайта ишланаётгани билан танишдилар.

Мотороллерлар

Самарқандга борганлар яхши билади, эски шаҳарнинг тарихий маҳаллалари ўзига ҳос кўринишга эга - тор, эгри-бугри, баланд-паст. Айнан шуниси билан ҳам бу маҳаллалар ўзига тортади, у ерда тирик тарихни кўргандек бўласиз.

Аммо бундай жойларда бир қатор ноқулайликлар ҳам бор, масалан, у ердан чиқиндини олиб чиқиш осон эмас. Махсустранснинг каттакон машиналари ҳамма жойдан ҳам юра олмайди ва яна тарихий обидаларга зарар етказиб қўйиши мумкин. Айнан шу сабабга кўра Самарқандда мотороллер ёрдамида чиқиндиларни ташиш тажрибасига қўл урилди. 

Ҳаммаси жуда осон ва қулай - чиқиндини ташиш учун махсус жиҳозланган мотороллерлар ортиқча қийинчиликсиз тор кўчаларга кирадилар ва чиқиндини олиб чиқиб кетадилар. Ўзбекистонда бундай специфик маҳалалар талайгина, Самарқанд тажрибаси ўзини оқлагач, барча жойга тадбиқ этилиши кутиляпти.

Қайта ишлаш

Чиқиндини олиб чиқиш яхши, аммо уни қайта ишламайдиган бўлсангиз ҳам молиявий зарар кўрасиз, ҳам экологияга зарар келтириб қўйиш мумкин. Самарқандда бу масала ҳам ўз ечимини топмоқда - хусусан, журналистлар Каттақўрғон туманидаги «Анваржон Бизнес инвест» МЧЖ ва «Мансурбек қўрғон сервис» МЧЖ санитар тозалаш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Ўн йилдан буён фаолият олиб бораётган мазкур корхоналар Каттақўрғондан ташқари Нарпай ва Пахтачи туманлари ҳудудларидаги 200 дан ортиқ маҳаллаларда яшовчи 700 мингга яқин аҳолига санитар тозалаш хизматини кўрсатиб келмоқда. Чиқиндилар 28 та чиқинди саралаш шохобчаларида жамланиб, қайта ишловчи корхонага жўнатилмоқда. Бунинг учун 90 та турли махсус техникалар жалб қилинган бўлиб, барчаси GPS-онлайн тизимига уланган. Корхона ишчилари томонидан бир кунда 280 тонна чиқинди олиб чиқилиб, 20 тоннаси қайта ишланади.

Жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида 50400 тонна олиб чиқилган чиқиндининг 3 600 тоннаси қайта ишланиб, хом-ашё кўринишида ҳамкор корхоналарга жўнатилди. У ерда электр кабель ва жиҳозлари, карниз, плинтус, шунингдек, плитка қопламалар учун турли буёқлар ишлаб чиқариляпти.

Электр энергия

Замонавий дунёда шунингдек чиқиндидан электр энергиясини олиш тажрибаси оммалашмоқда. Самарқандда яқин йилларда мана шундай илғор технологияли корхоналардан бири ишга туширилади. Хозирда Самарқанд шаҳридаги «Хушрав» қўрғони «Наврўз» МФЙда жойлашган 15 гектар ер майдонида чиқинди ва қоқни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариладиган заводнинг қурилиш жараёнлари қизғин олиб борилмоқда.

Корхона қурилиши учун «Shanghai SUS Environment» LLC компанияси томонидан умумий қиймати 150 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилган. Бу ерда кунига 1,5 минг тонна чиқинди қайта ишланиб, йилига жами 240 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Лойиҳа 150-200 та янги иш ўрни яратилиши билан ҳам аҳамиятлидир. Инвестор 2025–2027 йилларда лойиҳани ишга тушириши кутилмоқда.

Чиқиндидан электр энергияси оладиган корхона қурилиши тугаллангач шундай кўринишда бўлиши кутилмоқда

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг