Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сурхондарё вилоятида туризм салоҳиятини ошириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда

Сурхондарё вилоятида туризм салоҳиятини ошириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси А.Аққулов бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи ҳамда туризм соҳаси вакиллари иштирокида Сурхондарё вилоятида туризмни ривожлантириш, мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш ва хизматлар сифатини оширишга қаратилган кенг қамровли ўрганиш ишлари ўтказилди. Ташриф доирасида ҳудудларда амалга оширилаётган ва режалаштирилган инвестиция лойиҳалари, инфратузилма объектлари ҳамда маданий мерос масканлари жойига чиққан ҳолда ўрганилди.

Ишчи гуруҳ дастлаб Термиз туманида жойлашган Фаёзтепа ва Қоратепа маданий мерос объектларида бўлиб, ушбу ноёб археологик ёдгорликларнинг туризм салоҳиятини янада ошириш, ҳудудда замонавий сервис хизматларини йўлга қўйиш, ахборот кўрсаткичлари ва инфратузилмани такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, «Учқизил» сув омбори атрофида ташкил этилиши режалаштирилган туризм маскани лойиҳаси тақдимоти ўтказилиб, мазкур ҳудудда дам олиш зоналари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш юзасидан таклифлар билдирилди.

Шеробод туманида «Чорбоғ» маҳалласида барпо этилаётган «Капа юрт» туризм комплекси, «Қорабоғ» МФЙ ҳудудида М-39 йўли бўйида қурилаётган «сервисе поинт» лойиҳаси ҳамда туман кириш қисмида ўрнатилаётган стела ва смарт хизмат кўрсатиш нуқтаси қурилиши жараёни билан танишилди. Лойиҳалар доирасида йўлбўйи инфратузилмасини ривожлантириш, сайёҳлар учун қулай шароит яратиш ва ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Термиз шаҳрида эса «Этно шаҳарча» туризм мажмуасини ташкил этиш ишлари кўздан кечирилиб, миллий ҳунармандчилик, гастрономия ва маданий тадбирларни бирлаштирган комплексни шакллантириш юзасидан тавсиялар берилди.

Ташрифнинг иккинчи кунида Сариосиё туманидаги Цангардак шаршараси ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳалар, ўрганилди. Эко ва соғломлаштириш туризмини ривожлантириш, тоғ ва табиат масканларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Денов туманида Саид Оталиқ мадрасаси, Денов қаласи ҳамда Туризм кўчасини «Зарқайнар» тажрибаси асосида ривожлантириш режалари кўриб чиқилди. Қумқўрғон туманидаги “Жанубий Сурхон” сув омбори ҳудудида замонавий туризм маскани ташкил этиш, Жарқуърғон туманидаги “Миллий либослар” маркази фаолиятини кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Бойсун туманида Сайроб чинори, «Дарбанд» маҳалласида режалаштирилаётган “Хўжа майхона” туризм маскани лойиҳаси ҳамда Бойсун баҳори халқаро фольклор фестивалига тайёргарлик жараёнлари ўрганилди. Ҳудуднинг бой маданий мероси ва анъаналарини кенг тарғиб қилиш орқали туризм салоҳиятини ошириш зарурлиги таъкидланди.

Термиз туманидаги “Қирқ қиз” қалъаси, Султон Саодат мажмуаси ҳамда Зурмала минораси ҳудудларига ташриф буюрилди. Мазкур тарихий-маданий объектларда сақлаш, реставрация ва ободонлаштириш ишлари ҳолати ўрганилиб, зиёрат ва маданий туризм йўналишларини янада ривожлантириш, ҳудудга ташриф буюрувчилар учун қулай шароитлар яратиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Ташриф якунида ҳар бир туман ва шаҳарда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, хизматлар сифатини ошириш, инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш ҳамда янги иш ўринлари яратиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди. Берилган тавсиялар асосида ҳудудлар кесимида манзилли “йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, уларнинг ижроси қатъий назоратга олиниши белгиланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг