Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Темурбеклар мактаби» битирувчилари ОЎЮга имтиҳонсиз киради (фото)

«Темурбеклар мактаби» битирувчилари ОЎЮга имтиҳонсиз киради (фото)

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Фарғона шаҳридаги «Темурбеклар мактаби»ни бориб кўрди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Мамлакатимиз Қуролли Кучларини мустаҳкамлаш жараёнида ёшлар ўртасида ватанпарварлик тарбиясини кучайтириш, ҳарбийларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун армия ва ҳарбий таълим муассасалари ўзликни англаш, миллий ғурур, мустаҳкам ирода мактабига айланди. Ёш аскар ва курсантлар учун ҳарбий қасамёд қабул қилишдан аввал «Ўзбекистон тарихи» фани ва «Темур тузуклари» китоби бўйича синов ўтказиш йўлга қўйилди.

Президентимизнинг 2017 йили қабул қилинган «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармонида бу борада яна бир муҳим банд белгиланди. Буюк саркарда Амир Темур бобомизнинг мардлиги ва ватанпарварлиги, жасорати ва адолатпарварлигини ёшларимизга ўрнак қилиш мақсадида мамлакатимиздаги барча ҳарбий лицейларга «Темурбеклар мактаби» деб ном берилди.

Чунки ҳар бир йигит-қиз, айниқса, ҳарбийлик касбини танлаган ёшлар жонажон Ватанимиз тарихини, халқ қаҳрамонлари, буюк саркарда ва қўмондонлар ҳаёти ва жасоратини чуқур билиши, улар билан фахрланиши керак. Бу инсонда миллий ғурурни, ватанпарварлик, фидойилик ҳиссини тарбиялайди.

Фарғонадаги «Темурбеклар мактаби»да таълим-тарбия ишлари шу асосда йўлга қўйилган. Айни пайтда бу ерда 437 ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга 31 нафар педагог ходим ва 22 нафар ҳарбий сабоқ бермоқда.

Мактаб ёшларни Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги олий ҳарбий билим юртлари ва бошқа ўқув муассасаларига аниқ фанларга чуқурлаштирилган ҳолда тайёрлашга ихтисослашган. Шинам фан синфлари, компьютер хоналари, касбий ва тарихий адабиётларга бой кутубхонада бунинг учун барча шароит яратилган.

Ўқувчилар дарсдан бўш вақтини фойдали ўтказиши учун турли фан ва спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган.

Давлатимиз раҳбари ҳозирда ҳарбий лицейларнинг номи ўзгаргани, энди унинг мазмун-моҳияти, таълим сифати ҳам Темур бобомизга муносиб бўлиши зарурлигини таъкидлади.

— «Темурбеклар мактаби» ёшлар ҳам, ота-оналар ҳам ҳавас қиладиган маскан бўлиши керак. Бунинг учун уларнинг мавқеи, савияси, билим бериш даражаси юқори бўлиши зарур, — деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз «Темурбеклар мактаби»ни ривожлантириш бўйича янги тизимни белгилаб берди. Унга кўра, бу мактабларга ёшлар чекланган миқдорда танлаб олинади, ўқувчилар замонавий ахборот технологиялари ва камида иккита хорижий тилни пухта ўрганади, жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиб, ҳар томонлама баркамол, ёшлар орасида етакчи бўлиб шаклланади. Ушбу мактаблар битирувчилари олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз қабул қилинади.

Давлатимиз раҳбари «Темурбеклар мактаби»да яратилган шароитларни кўздан кечирди, ўқувчилар билан суҳбатлашди.

Шу ерда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари билан мулоқот бўлиб ўтди. Президентимиз уларни яқинлашиб келаётган Хотира ва қадрлаш куни билан табриклади. Нуронийлар юртимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуолар қилди.

«Темурбеклар мактаби»га автобус совға қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг