Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Трамп Эрон билан урушни якунлашни ўйламоқда – Axios

Трамп Эрон билан урушни якунлашни ўйламоқда – Axios

АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон билан давом этаётган урушни яқин вақт ичида тўхтатиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бироқ уруш Ҳўрмуз бўғози билан боғлиқ асосий муаммо ҳал этилмасдан тугаши мумкин.

Трамп Truth Social’даги баёнотида АҚШ Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатларини «қисқартириш» имкониятини кўраётганини билдирди.

«Биз Эрон режимига қарши ҳарбий мақсадларимизга етишга жуда яқинлашдик», — деди у.

Трампга кўра, АҚШ Эроннинг ракета салоҳияти ва ҳарбий саноатига зарба бериш, денгиз ва ҳаво кучларини жиддий заифлаштириш ҳамда ядровий қурол яратиш имкониятини чеклаш каби мақсадларига эришган.

Шу билан бирга, у Ҳўрмуз бўғозини қўриқлаш масъулиятини бошқа давлатларга юклаш кераклигини билдирди.

«Ҳўрмуз бўғози уни фойдаланувчи давлатлар томонидан қўриқланиши керак. АҚШ бу ишни бажармаслиги лозим», – деди Трамп.

Ҳўрмуз бўғози орқали дунё нефтининг катта қисми ташилади. Унинг ёпилиши глобал иқтисодиётга жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Бироқ таҳлилчиларга кўра, айнан шу муаммо Трампни қийин вазиятда қолдирмоқда. Агар урушни тўхтатса — бўғоз ёпиқ қолиши мумкин, очишга ҳаракатни давом эттириш эса можарони янада кенгайтириши мумкин.

АҚШ расмийларига кўра эса уруш яқин кунларда тугаши эҳтимоли паст.

Оқ уй маълум қилишича, операция 4–6 ҳафта давом этиши режалаштирилган ва ҳозир учинчи ҳафта кетмоқда.

Манбаларга кўра, Трампнинг ўзи ҳам бу уруш бўйича икки хил фикрда. Бир томондан, нефть нархлари ва иқтисодий босимдан хавотирда бўлса, иккинчи томондан, ҳарбий куч намойишидан мамнун.

Жамоатчилик сўровлари эса уруш кенг қўллаб-қувватланмаётганини кўрсатмоқда. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг