Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Улуғбек Тошкенбоев: «Таълимнинг сифати ўқитувчининг сифатидан ошиб кета олмайди»

Улуғбек Тошкенбоев: «Таълимнинг сифати ўқитувчининг сифатидан ошиб кета олмайди»

Фото: «Xabar.uz»

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ташкил этилганига 16 ноябрда бир йил тўлади. Инспекция олдига қўйилган вазифаларни қай даражада уддаламоқда ёки фақат назорат органига айланиб қолдими? Инспекция бошлиғи Улуғбек Негматович Тошкенбоев билан суҳбатимиз шу хусусда.

— Улуғбек Негматович, ўтган даврда амалга оширилган ишлардан кўнглингиз тўлдими?

— Бу саволга ҳам ҳа, ҳам йўқ, деб жавоб бераман. Инспекция ўтган бир йил давомида тўлиқ шаклланди, фаолиятини йўлга қўйиб олди. Сафимизни хорижда таълим олган, таълим тизимини чуқур тушунадиган ёш малакали кадрлар билан тўлдиришга қаратдик. Бу борада тасдиқланган «йўл харита»сига асосланиб ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганишга ва шу асосда фаолиятимизни амалга оширишга киришдик.

Шу мақсадда, Жанубий Кореянинг таълим вазирлиги ҳамда таълим тизимига тааллуқли бўлган барча ташкилотлари фаолияти ўрганилди, инспекция ходимларининг Европа, Жанубий Осиё ва бошқа давлатларда малакаси оширилди. Жумладан, ходимларимиз Кореянинг ABEEK — муҳандислик дастурлари бўйича аккредитация кенгаши, KEDI — Корея таълимни ривожлантириш институти, KCUE — Корея университетининг таълим кенгаши, KUAI — Корея университетларининг аккредитация институти ва KRIVET — Касб-ҳунар таълими бўйича тадқиқот институти, Франция таълим вазирлигининг инспекция хизматида ўз малакаларини оширишди ва билимларини мустаҳкамлашди.

Россия Федерациясининг маориф вазирлиги (Россияда олдинги Фан ва таълим вазирлиги иккига: Маориф вазирлиги ҳамда Фан ва олий таълим вазирлигига бўлинган) ва Россия Фанлар академияси таълимни ривожлантириш стратегияси институти билан ҳамкорликда халқаро дастурларда иштирок этиш, педагог кадрлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш дастури бўйича ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.

Россия Федерациясининг Таълим ва фан соҳасида назоратни амалга ошириш давлат хизмати билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, PISA дастурида қатнашиш, Россия ва Ўзбекистон ўртасида таълим ҳужжатларини ўзаро тан олиш (нострификация) механизмини янада соддалаштириш, шунингдек, олий таълим муассасаларини аккредитация қилиш соҳасида тажриба алмашиш, таълим натижаларини баҳолашнинг миллий тизимини яратиш ва халқаро баҳолаш дастурларини амалга оширишда ҳамкорлик қилиш, бу жараёнларга Россиядан тажрибали экспертларни жалб қилиш тўғрисида келишиб олинди.

— Маълумки, ҳамкорлик йўналишидаги ҳар қандай лойиҳалар молиявий манбалар ҳисобига амалга оширилади? Бу борада ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Албатта, ҳамкорликни йўлга қўйиш, йўналишга солиб олиш осон бўлгани йўқ. Биринчи навбатда, таълим сифатини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш мақсадида халқаро ташкилотлар — Жаҳон банки, ИҲТБ, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО, ОТБ ва бошқалар билан яқин алоқалар ўрнатилди.

Хусусан:

  • мактаб ўқувчиларининг саводхонлик ва билим даражасини аниқлаш бўйича халқаро дастурларга қўшилиш (PISA, TIMSS, PIRLS, LANA);
  • таълим сектори стратегияси ишлаб чиқилди (ЮНИСЕФ, Жаҳон банки);
  • ҳамкорликда «Таълим тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилди;
  • таълим тизимида ягона электрон маълумотлар тизимини яратиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда (EMIS дастури);
  • таълим сифатини таъминлаш тизимини такомиллаштириш ва халқаро таълим сифатини таъминлаш агентликлари (ENQA – Европа таълим сифатини таъминлаш ассоциацияси)га аъзо бўлиш;
  • халқаро рейтинг агентликлари (QS — Quacquarelli Symonds Limited ва THE Times Higher Education) билан ҳамкорлик олиб борилмоқда.

Бу ишлар тўлиқ ҳамкор халқаро ташкилотлар грант маблағлари асосида амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.

— Инспекциянинг асосий фаолиятларидан бири — бу таълим муассасалари аттестацияси ва давлат аккредитациясини ўтказиш ҳисобланади. Бу йўналишдаги ишларнинг ҳолати қандай?

— Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 июлдаги 515-сонли қарорига асосан идоравий мансублиги ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча таълим муассасаларини аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказиш вазифаси инспекцияга юклатилган.

Давлат инспекцияси ташкил этилгандан буён 20 та олий таълим муассасасида таълим сифати комплекс ўрганилди, 1987 та умумтаълим муассасаси аттестациядан ўтказилди, 20 721 нафар талаба ва 450 000 дан зиёд ўқувчилар ўзлаштириш даражаси (билими) баҳоланди, 35 000 га яқин талаба, педагог ва иш берувчиларнинг фикри сўровнома орқали ўрганилди.

Ушбу жараёнларни самарали, тизимли ва сифатли ўтказиш мақсадида халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда, барча таълим турлари бўйича таълим сифати индикаторлари ишлаб чиқилди ва аттестация жараёнлари соддалаштирилди.

Хорижий тажрибаларга асосланган ҳолда олий таълим муассасаларида ички аттестация (ўзини ўзи баҳолаш) тизими жорий этилди ва ҳар бир ОТМ таркибида Таълим сифатини назорат қилиш бўлимлари шакллантирилди. ОТМда таълим сифатини баҳолаш бўйича ички аттестацияни ташкил этиш ва бу жараённи объектив ва шаффоф олиб бориш мазкур бўлимларнинг асосий вазифаси этиб белгиланди.

Ўз навбатида, таълим муассасасида таълим сифатини мустақил ички баҳолаш тизимини яратиш бўйича ҳамкорликда ишлар амалга оширилмоқда. Инспекциянинг таълим вазирликларидан, ОТМдаги бошқа тузилмалардан мустақиллиги унинг ҳеч бир тўсиқларсиз тўлақонли иш олиб боришига имкон яратмоқда. Ташқи аттестация жараёнларига ҳамда олий таълим муассасаларининг рейтингини шаффоф аниқлашда инспекциянинг ОТМлардаги бўлимлари яқиндан ёрдам бермоқда.

Ҳозирги кунга қадар барча олий таълим муассасалари режа асосида ўрганилмоқда. Олтита олий таълим муассасаси аттестациядан ўтказилди ва 14 та ОТМда таълим сифатини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар комплекс ўрганилди. Ўрганишларда асосий меъёр сифатида иш берувчилар фикри ва талабалар билимларининг давлат таълим стандартлари, талаблари ва малака талабларига мувофиқлигига эътибор қаратилди.

37 та бакалавриат йўналиши (28,7 фоиз), 13 та магистратура мутахассислиги (30 фоиз) аттестациядан ўтмади. Бир йилдан кейин ҳам қайта аттестациядан ўта олмаган йўналишлар ёпилади.

Аттестация жараёнига 129 та бакалавриат йўналиши ва 44 та магистратура мутахассислиги жалб қилинган. Натижаларга кўра, 37 та бакалавриат йўналиши (28,7 фоиз) ва 13 та магистратура мутахассислиги (30 фоиз) аттестациядан ўтмади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралдаги 21-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларини давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан ОТМ билан «йўл хариталари» тузилиб, бир йилдан кейин қайта аттестациядан ўтказилади ва шунда ҳам ўтмаган йўналишлар ёпилади.

Шу кунгача республикамиздаги тўртта олий таълим муассасаси шартли равишда ўтди. Олий таълим муассасаларини ўрганиш ва аттестация натижалари юзасидан 20 та муассаса бўйича «йўл хариталари» ишлаб чиқилган бўлиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича доимий мониторинг олиб борилмоқда.

Ўрганиш ва аттестация натижаларига кўра, олий таълим тизимида фаолият кўрсатаётган 20 дан зиёд масъул ходимлар ўз лавозимидан озод этилди. Ҳар бир текширув натижалари бўйича таҳлилий маълумотномалар Президент Администрациясига, Вазирлар Маҳкамасига ҳамда тегишли вазирликларга киритиб борилмоқда.

2018 йилнинг охирига қадар яна 8 та олий таълим муассасасини аттестациядан ўтказиш белгиланган.

Сўнгги йилларда таълим тизимида шиддат билан рўй бераётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар, яъни хорижий таълим муассасалари билан қўшма факультетлар ва дастурлар ташкил этилганлиги, сиртқи ва кечки таълим шаклларининг қайта жорий этилганлиги, масофавий ўқитишга, нодавлат таълим хизматига кенг йўл очилганлиги, мактабгача таълим тизимидаги тубдан янги ислоҳотлар таълим муассасаларини аккредитациялаш жараёнини такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Шу сабабли ҳам Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларини давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом янги таҳрирда ишлаб чиқилмоқда.

Унга кўра, мутлақо янги тизим таклиф қилиниб, аттестация жараёнлари 2 кунгача қисқартирилади (амалдаги тартибда 10 кун эди) ва жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ички ва ташқи аттестация ўтказилиб, умумтаълим муассасалари бевосита ўзини ўзи баҳолашда иштирок этади.

— Таълим соҳасида муаммолар кўплиги ҳаммамизга аён, уларни бартараф этиш бўйича қандай таклифларингиз бор?

— Аввало, бу борадаги энг долзарб муаммолардан бири ишлаб чиқариш билан интеграциянинг яхши йўлга қўйилмаганлиги, кадрлар тайёрловчи муассасалар билан буюртмачилар ўртасида алоқаларнинг сустлиги ва рақобат муҳитининг тўлақонли шаклланмаганлиги ҳисобланади.

Иккинчидан, илмий салоҳиятнинг пастлиги, талаба-ёшларни илмга йўналтириш ишларининг сустлиги, уларда мустақил изланувчанлик ва ижодкорлик кўникмаларини шакллантириш тизими тўғри йўлга қўйилмаганлиги ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг замонавий педагогик технологияларни қўллаш малакаси талаб даражасида эмаслигидир.

Учинчидан, малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизимининг ҳозирги кун талабларига жавоб бера олмаслиги (профессор-ўқитувчиларнинг ўз мутахассислиги бўйича малака ошириш тизимининг мавжуд эмаслиги, малака оширишнинг билвосита шаклларининг (семинар, конференциялар, тадқиқотларда қатнашиш) тан олинмаслиги, халқаро ҳамкорликнинг йўлга қўйилмаганлиги).

Бир ҳақиқатни тушуниб етиш вақти келди: таълимнинг сифати ўқитувчининг сифатидан ошиб кета олмайди.

Инспекция томонидан малака ошириш институтлари ва марказлари фаолияти ўрганилганда, бу борада кўплаб камчиликлар аниқланди. Жойларда уларни бартараф қилиш бўйича «йўл хариталари» ишлаб чиқилмоқда. Бир ҳақиқатни тушуниб етиш вақти келди: таълимнинг сифати ўқитувчининг сифатидан ошиб кета олмайди. Ҳозирда дарс ўтаётган педагогларнинг илмий салоҳияти ва педагогик маҳорати инновацион ривожланиш талабларига жавоб берадиган кадр тайёрлаш имконини бермайди.

Тўртинчидан, таълим тизимида ягона марказлашган электрон маълумотлар тизими мавжуд эмаслиги бу соҳадаги бошқарув қарорларини кам самарадорлигига сабаб бўлмоқда ва таълим тизими бошқарувида ортиқча бюрократия, қоғозбозлик ва сансалорликни келтириб чиқармоқда.

Энди таклифларга тўхталсам. 

Ташкил этилаётган қўшма факултетлар ва таълим дастурлари доирасида нафақат олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш, балки профессор-ўқитувчилар ўртасида тажриба алмашиш, биргаликда илмий тадқиқотлар ўтказиш ва университетнинг илмий салоҳиятини ошириш каби йўналишларда ишлар олиб бориш лозим.

Малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, яъни малака оширишнинг кечки, сиртқи ва масофавий шаклларини ривожлантириш, ўқув режа ва дастурларини мустақил экспертизадан ўтказиш механизмини жорий этиш, ўз мутахассислиги бўйича малака ошириш ҳамда халқаро ҳамкорлик асосида қўшма малака ошириш курсларини ташкил этиш, малака оширишнинг билвосита шаклларини тан олиш ва ривожлантириш, қисқа муддатли ва мавзули-тематик курсларни ташкил қилиш, ўқитишнинг кредит-модул шаклига ўтиш, кредитлар йиғилиб борилиши ва тан олинишини таъминлаш зарур.

Таълимга нафақат иқтисодиёт учун малакали кадрлар тайёрлаш сифатида, балки Ўзбекистон экспортини диверсификация қилишнинг асосий йўналишларидан бири сифатида қараш вақти келди.

Маҳаллий олий таълим муассасаларининг экспорт салоҳияти ва халқаро даражада жозибадорлигини ошириш зарур. Бу эса, ўз навбатида, олий таълим тизимида мавжуд «ўсиш нуқталари»ни аниқлаш, уларни халқаро рейтингларда ўрин олишига ҳар томонлама кўмаклашишни талаб этади. Таълимга нафақат иқтисодиёт учун малакали кадрлар тайёрлаш сифатида, балки Ўзбекистон экспортини диверсификация қилишнинг асосий йўналишларидан бири сифатида қараш вақти келди.

Шунингдек, мустақил таълим олишни ташкил этиш тизимини хориж тажрибаси асосида қайта кўриб чиқиш ва ОТМлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш зарур.

— Инспекцияга фаолиятни лицензиялаш ва хорижий олий ўқув юртлари томонидан берилган ҳужжатларни нострификациялаш ишлари юкланган. Бу борада йиллар давомида талай муаммолар тўпланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас.

— Тўғри таъкидладингиз, лицензиялаш ва нострификациялашда муаммоли масалалар жуда кўп. Уларга аста-секинлик билан бўлса-да, ечим топилмоқда. Ана шу муаммоларнинг комплекс ечими сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 3276-сонли қарори қабул қилинган.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан мазкур қарор ижросини таъминлаш, нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатаётган юридик шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мазкур фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш мақсадида нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартиби соддалаштирилди.

Натижада қисқа муддат ичида 515 та нодавлат мактабгача таълим, 85 та нодавлат умумий ўрта таълим, 199 та нодавлат мактабдан ташқари таълим муассасалари, 567 та кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш нодавлат ўқув марказлари ҳамда 2 та нодавлат олий таълим муассасасига фаолият юритиши учун лицензия берилди.

Шу кунга қадар, дунёнинг 50га яқин давлатларида таълим олиб келган жами 12310 нафар фуқаронинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълимга тегишли ҳужжатлари нострификацияланди ва нострификация гувоҳномалари расмийлаштириб берилди. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, 7663 та олий (дипломли мутахассис) маълумот тўғрисидаги таълим ҳужжати, 781 та магистр даражасидаги таълим ҳужжати, 2312 та олий бакалавр даражасидаги таълим ҳужжати ва 1554та ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тўғрисидаги ҳужжат нострификацияланди.

Умуман, инспекция фаолиятини бошлаган даврдан буён жами 692 нафар фуқаронинг таълим ҳужжати тан олинган ва нострификацияланган бўлиб, шундан 193 та таълим ҳужжати тўғридан-тўғри (махсус синовларсиз) нострификацияланган. Жумладан, 38 та олий (дипломли мутахассис), 47 та магистрлик, 562 та бакалаврлик ва 45 та ўрта махсус, касб-ҳунар маълумоти тўғрисидаги ҳужатлар нострификацияланган.

2018 йил август ойидан бошлаб фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида республикамизда хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш учун Давлат хизматлари марказлари орқали аризалар қабул қилиш тизими жорий қилинди.

Мазкур тизимга асосан ариза берилган кундан бошлаб 15 кун ичида ҳужжатларни махсус экспертизадан ўтказиш ва фуқарога давлат хизматлари орқали хулосани етказиш, белгиланган махсус синовларни қабул қилиш ва синовдан муваффақиятли ўтган фуқароларга нострификация гувоҳномаларини бериш тизими жорий қилинган.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялашда тақдим этиладиган ҳужжатлар сони амалдаги 5 тадан 2 тага камайтирилди. Яъни, бугунги кунда ариза берувчи фақатгина диплом ва унинг иловаси нусхаси, давлат тилига нотариал тасдиқланган таржимасини ва белгиланган давлат йиғими тўланганлиги тўғрисидаги тўлов квитанциясини тақдим этади, холос.

Абдуғани Абдураҳмонов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг