Интернетдаги жиноятларнинг бадали оғир бўлади
Сенатнинг қирқ еттинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мобил қурилмалар ҳамда ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардаги аккаунт ёки каналларга зарарли дастур юбориш йўли билан блоклаб (тўсиб) қўйиш, маълумотларини ўчириб юбориш, ўзгартириш ёки олиб қўйиш билан қўрқитиб шахслардан пул ёки бошқа моддий манфаатдорлик талаб қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Шунингдек, махсус дастурлар ёрдамида шахсларнинг фотосурати, овози ва бошқа биометрик маълумотларини сохталаштириш ҳолатлари ҳам учрамоқда.
Шу боис, Жиноят кодексидаги (165-модда) товламачилик тушунчасига ўзгартириш киритилиб, шарманда қиладиган уйдирмалар билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда.
Бундан ташқари, хориждан олиб келинаётган ёки блокланган уяли алоқа қурилмаларига маълум бир ҳақ эвазига ўзгаларнинг IMEI кодларини кўчириб бериш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.
Ҳозирда биргина IMEI кодида 5 011 та, яна бошқа бир IMEI кодида эса 2 347 та SIM-карталар бир вақтда фаол ҳолатдалиги аниқланган.
Қонунчиликда бундай ҳаракатларни содир этган шахсларга нисбатан бирон-бир ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш белгиланмаган.
Шу сабабли қонунчиликдаги мазкур бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мобил қурилманинг халқаро ўзига хос идентификация кодини ёки абонент қурилмасининг идентификациялаш модулини қонунга хилоф равишда ўзгартирганлик учун маъмурий жавобгарлик киритилмоқда.
Шу билан бирга Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузганлик ҳамда майнинг фаолиятини қонунга хилоф равишда амалга оширганлик учун тегишли жавобгарлик назарда тутилмоқда.
Ноқонуний крипто-активлар айланмаси ва майнинги билан шуғулланганлар ушбу жиноят ҳақида ўз ихтиёри билан арз қилган ва уни фош этишда ёрдам берган ҳолларда жиноий жавобгарликдан озод қилиниши сенаторлар томонидан қайд этилди.
Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши келгусида ахборот технологиялари ёрдамида содир этилган жиноятларни фош этиш, уларга қарши курашиш ҳамда тергов қилишда барча куч ва воситаларни тўлиқ йўналтиришга, шунингдек, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузиш ва қонунга хилоф равишда майнингни амалга ошириш учун жавобгарлик доирасини аниқ норма билан белгилаш имконини беради.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter