Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ташқи сиёсатга доир йиғилиш бошланди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ташқи сиёсатга доир йиғилиш бошланди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.

«Бугун сизлар билан жаҳонда кескин геосиёсий ўзгаришлар бўлаётган, давлатларнинг суверенитетига хавф-хатарлар тобора кучайиб бораётган мураккаб пайтда учрашиб турибмиз.

Бундай шароитда ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятимизни танқидий муҳокама қилиб, Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятини янгича ташкил қилиш кераклигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда», – деди Президентимиз сўзининг аввалида.

Давлатимиз раҳбари ташқи сиёсат борасида 2025 йил кўп жиҳатдан натижадор бўлганини қайд этди.

Хусусан, ўтган йили 26 та хорижий давлатга олий даражадаги ташрифлар амалга оширилди. Янги тарихимизда илк бор Болгария, Финляндия, Словакия, Сербия, Иордания ва Парагвай раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифлари ташкил этилди.

«Марказий Осиё плюс» форматидаги кўп томонлама мулоқотлар сермаҳсул бўлди.

Сўнгги йилларда 11 та давлат билан стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 19 тага етди. Қозоғистон, Озарбайжон, Тожикистон билан иттифоқчилик муносабатлари йўлга қўйилди.

«Очиқ, прагматик, пухта ўйланган ва ташаббускор ташқи сиёсатимиз натижасида Ўзбекистон глобал тинчлик ва дипломатия марказларидан бирига айланиб боряпти», – деди Президентимиз.

Хорижий давлатларда 2017 йилдан буён 16 та янги дипломатик ва консуллик ваколатхонаси очилиб, уларнинг сони 60 тага, дипломатик алоқа ўрнатилган давлатларнинг сони эса 165 тага етди.

Йиғилишда чет элдаги элчихоналар, консуллик муассасалари ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналар штатлари, улар ва Ташқи ишлар вазирлиги ходимларининг ойлик иш ҳақи кўпайтирилгани қайд этилди.

«Лекин барча дипломатик ваколатхоналаримиз буни тўғри англаб, мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга соляптими?

 Дипломатик фаолиятни баҳолашнинг битта ўлчови бор, у ҳам бўлса – натижа!

 Шу боис, ҳозирги шароитда элчи дегани фақат сиёсий мулоқот юритувчи шахс эмас. Элчи бу – инвестиция ва технологиялар олиб келадиган, янги экспорт бозорларини очадиган, транспорт-логистика йўлакларини ишга соладиган, туристлар оқимини кўпайтирадиган, қонуний меҳнат миграцияси учун шароит яратадиган, энг асосийси, фуқароларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган давлат вакилидир», – деди Президентимиз.

Эндиликда элчилар фаолият юритаётган давлатдан экспорт тушумлари, туристлар оқими, қонуний иш жойларига фуқароларимизни юбориш улар учун KPI бўлиши белгиланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг