Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Расмий маълумот: Ижтимоий соҳа ходимларини жамоат ишларига мажбурий жалб этишга йўл қўйилмайди

Расмий маълумот: Ижтимоий соҳа ходимларини жамоат ишларига мажбурий жалб этишга йўл қўйилмайди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси биноси.

Фото: «ЎзА»

Кеча, 17 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигида ўтказилган «Ҳудудларда дала ва тозалаш-ободонлаштириш ишларига тиббиёт ва таълим муассасалари ходимлари, талабалар ва ижтимоий соҳа вакилларини жалб қилишни тақиқлаш ва ушбу ҳолатларга йўл қўйган барча даражадаги ҳокимлар ва раҳбарларнинг шахсий масъулият ва жавобгарлигини оширишга қаратилган чораларни белгилаш» масаласига бағишланган видеоселектор йиғилишидан хабарлар берган эдик.

Мазкур йиғилишнинг умумлаштирилган расмий маълумоти «ЎзА» томонидан эълон қилинди.


Ижтимоий соҳа ходимларининг жамоат ишларига мажбурий жалб этилаётгани, бу борада айрим маҳаллий раҳбарлар томонидан қонунбузарлик ва кўзбўямачилик ҳолатлари кузатилаётгани Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жиддий танқид қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир А.Арипов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда Президентимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда янги тараққиёт босқичини бошлаб бергани, барча соҳаларда юксак натижаларга эришилаётгани, пировардида халқимиз фаровонлиги юксалаётгани ва бу халқаро ҳамжамиятнинг кенг эътирофига сазовор бўлаётгани алоҳида таъкидланди.

Кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан юртимизда болалар меҳнатига барҳам берилди. Хусусан, Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида ҳам Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича таъсирчан чоралар кўрилгани таъкидланган эди.

Мазкур ишларнинг амалий ифодаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузурида мажбурий меҳнат бўйича алоҳида комиссия ташкил этилди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари топшириғига биноан 2017 йилги пахта йиғим-терим ишларига жалб қилинган талабалар қайтарилди.

Аммо жойлардаги аксарият раҳбарлар томонидан ижтимоий соҳа ходимлари, асосан, ўқитувчилар ва шифокорларни жамоат ишларига жалб қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Йиғилишда бу ишларнинг ачинарли оқибати хусусида сўз борди. Президентимиз Сирдарё вилояти фаоллари билан бўлган учрашувда Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 42-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Диана Еникеева жамоат ишларига жалб этилган вақтда машина уриб кетиши оқибатида вафот этганини қанчалик куйиниб гапиргани эсланди. Бу каби ҳолатлар давлатимиз раҳбари юритаётган сиёсатга хиёнат экани, маҳаллий раҳбарларнинг бундай нотўғри хатти-ҳаракатлари ислоҳотларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.

Сир эмас, турли ижтимоий тармоқларда ва оммавий ахборот воситаларида маҳаллий ҳокимликлар томонидан таълим, соғлиқни сақлаш тизими вакилларини бошқа ишларга мажбурий жалб қилиш ҳолатлари учраётгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Қашқадарё вилоятида кўчалар бўйида иссиқхоналар ташкил этиш, Жиззах вилоятида коллеж ўқувчиларини тўқимачилик фабрикаси ишчилари сифатида фойдаланиш ҳолатлари юз берган. Андижон вилоятининг Андижон шаҳри, Хўжаобод, Марҳамат, Қўрғонтепа, Жалақудуқ туманларида кўча тозалаш, маҳаллаларни ободонлаштириш, дала ишларига ижтимоий соҳа ходимлари мунтазам жалб этиб келинмоқда.

Мазкур ҳолатлар айрим раҳбарлар томонидан нафақат мажбурий ишлатиш, моддий манфаатни ҳам кўзлаб амалга оширилмоқда. Бу эса аҳоли ўртасида турли норозилик кайфиятларини келтириб чиқармоқда.

Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Н.Раҳмонов, Андижон шаҳар ҳокими Д.Раҳматуллаев барча йиғилишларда очиқдан-очиқ мактабгача таълим муассасалари раҳбарларига шаҳар кўчаларини ободонлаштириш учун ўз иш ҳақларидан қиммат нархларда гул ва дарахт кўчатларини сотиб олишга мажбур қилган. Топшириқ бажарилмаса, уларни ҳатто ишдан бўшатиш билан таҳдид қилган.

Худди шундай ҳолат Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро ва Фарғона вилоятларида, Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳри, Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги мактабгача таълим муассасалари ходимларига нисбатан ҳам кузатилган.

Айтиш керакки, Президентимиз ташаббуси билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Жамоат ишлари жамғармаси ташкил этилди. Бундан кўзланган мақсад барча ҳудудларда, айниқса, чекка туманларда банд бўлмаган фуқароларни иш ҳақи тўлаш орқали ободонлаштириш, уй-жой коммунал хўжалиги объектларини таъмирлаш, инфратузилмани яхшилаш ишларига кенг жалб этишдир. Аммо ҳокимлар бу имкониятлардан фойдаланиш ўрнига, бюджет ташкилотлари ишчиларини таҳдид қилиш орқали мажбурий ишлатишни одатга айлантириб олишган.

Йиғилишда 2018 йилда ишсиз аҳолини жамоат ишларига жалб этиш учун 714 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлса-да, жойларда ушбу имкониятлардан самарали фойдаланилмаётгани таъкидланди.

Жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган ўрганишлар натижасида меҳнат қонунчилиги бўйича жами 10 мингга яқин қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган. Уларнинг асосий қисми халқ таълими, тиббиёт муассасалари ҳисобига тўғри келади.

Президентимиз ташаббуси билан ҳудудларда «Обод қишлоқ» дастури лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа ижросига ҳокимларнинг бюджет ташкилотларида ишлаётган ходимларни ноқонуний жалб этаётгани ҳам сир эмас.

Масалан, Улуғнор туманидаги Оқобод, Олтинкўл туманидаги Шаҳриобод, Бўз туманидаги Ғолиб, Пешку туманидаги Туркистон, Қўшкўпир туманидаги Иттифоқ, Урганч туманидаги Туркман маҳаллаларида «Обод қишлоқ» лойиҳаси бўйича олиб борилаётган ишларга мактаб ўқитувчилари оммавий жалб этилган. Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидаги Жом қишлоғида қурилиш ва ободонлаштириш ишларига нафақат шу, балки бошқа туманлардан ҳам ўқитувчи ва шифокорлар мажбурий бириктирилган. Бу эса, ўқитувчи ва шифокорларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, ўқитувчи ва шифокорларни қишлоқ хўжалиги ишларига ҳам кенг жалб этиш амалиёти кузатилмоқда. Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот тумани, Андижон вилоятининг Олтинкўл тумани, Сурхондарё вилоятининг Олтинсой тумани, Самарқанд вилоятининг Пахтачи тумани, Хоразм, Фарғона вилоятларининг қатор туман ва шаҳарларидаги айрим таълим муассасалари ходимлари мажбурий меҳнат ишларига жалб қилинган.

Олий таълим муассасаларининг 2017/2018 ўқув йилидаги ҳолати таҳлил қилинганда, мамлакат бўйича кўча супуриш ишларига 17 минг, ариқ тозалаш ишларига 4 минг, қурилиш ишларига 7 минг, дала ишлари, чопиқ, чеканка, йиғим-теримга 23 минг нафар талаба ва ўқитувчилар мажбуран жалб этилгани аниқланди.

Масалан, Қорақалпоғистон Республикасида 9 мингдан ортиқ, Андижон вилоятида 8 минг 500, Жиззах вилоятида 5 минг, Наманган вилоятида 2 минг 600, Тошкент вилоятида 5 минг 500 га яқин талаба ва ўқитувчилар турли ишларга жалб қилинган.

Йиғилишда мазкур соҳалар раҳбарлари ушбу муаммони бартараф этиш ўрнига, кузатувчи бўлиб ўтиргани, бу борада аниқ чоралар кўрмаётгани жиддий танқид қилинди.

Ишга масъулиятсизлик билан қарагани, ходимларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилинишига йўл қўйиб бергани учун халқ таълими вазири У.Иноятов, соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов, Жиззах вилояти ҳокими Э.Солиев қатъий огоҳлантирилди. Шунингдек, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари ҳокимларига нисбатан ҳайфсан эълон қилинди.

Йиғилишда ижтимоий соҳа ходимларини жамоат ишларига мажбурий жалб этишга чек қўйиш борасида қатор вазифалар белгиланди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига ҳудудий ва туман шаҳар ҳокимликларининг ҳудудларни ободонлаштириш ишлари учун масъул бўлган бошқармалари фаолиятини танқидий ўрганиб чиқиш, ходимлар меҳнат ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва фуқароларнинг жамоат ишларига қонуний жалб этилишига алоҳида эътибор қаратиш юзасидан давлат ва жамоатчилик назоратини ташкил этиш, айниқса, бюджет ташкилотлари ходимлари қишлоқ хўжалиги, коммунал хўжалик, ободонлаштириш, қурилиш, иккиламчи хомашё йиғиш ишларига мажбуран жалб этилмаслигини алоҳида назоратга олиш бўйича таъсирчан чоралар кўриш топшириғи берилди.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг