Яширин иқтисодиётга қарши курашиш: электрон тўловларни жорий этиш ягона ечимми?
Яширин иқтисодиёт — ошкора зарар
Бугунги кунда дунё мамлакатлари олдида турган энг жиддий муаммолардан бири бу — яширин иқтисодиётдир. У расмий статистикада акс этмайди, лекин давлат бюджетига катта салбий таъсир кўрсатади, қонуний фаолият юритаётган тадбиркорларни нотенг рақобатга дучор қилади ва жамиятда адолацизлик ҳиссини кучайтиради.
Афсуски, Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида тадбиркорлик учун имкониятлар кенгайиб бормоқда, бироқ унинг ортидан яширин савдо, бухгалтерия бўйича икки хил ҳисоб юритиш, истеъмолчиларга нотўғри маълумот бериш орқали солиқлардан қочиш ҳолатлари ҳам кучайди.
Шу ўринда, 2026 йил 27 январ куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Мазкур йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан қуйидаги ҳолатлар алоҳида таъкидлаб ўтилди:
«Тошкент шаҳрида яширин ва кузатилмайдиган иқтисодиёт 60 триллион сўмга етган, бу буджет йилига 7,5 триллион сўмни йўқотяпти дегани.
Биргина аксиз солиғи тўловчилар ишлаб чиқариш ва реализация ҳажмини яширгани оқибатида 66 миллиард сўм солиқдан қочилган.»
Ушбу ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда, яширин иқтисодиётнинг Ўзбекистон бюджетига кўрсатаётган салбий таъсири кўламини тасаввур қилиш қийин эмас.
Электрон тўловлар: яширин иқтисодиётга қарши курашнинг асосий қуроли сифатида
Шу боис, охирги йилларда Ўзбекистон ҳукумати томонидан иқтисодиётни рақамлаштириш, хусусан, электрон тўлов тизимларини жорий этиш – яширин иқтисодиётга қарши курашнинг асосий қуроли сифатида илгари сурилмоқда.
Жумладан, яқинда Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Яширин иқтисодиётни қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарори лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинди. Мазкур лойиҳага кўра, «якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларда рақамли платформаларда генерация қилинган электрон тўловларни қабул қилувчи махсус QR-код, юридик шахсларда банкларда генерация қилинган ягона QR-код мавжуд бўлиши керак»лиги таклиф этилмоқда. Ушбу таклиф мазмунига биноан, истеъмолчилар маҳсулот харид қилган вақтларида нафақат нақд пулда, балки электрон шаклда ҳам тўловни амалга ошириш имконига эга бўлишлари лозим.
Зеро, электрон тўловлар (банк карталари, QR, мобил иловалар, онлайн тўлов хизматлари) ҳар бир пул ўтказиш ҳолати – транзакцияни автоматик равишда қайд этиш имконини яратади. Бу эса ўз навбатида:
- солиқ базасини кенгайтиради;
- яширин савдони аниқлашни осонлаштиради;
- давлат органларига реал вақт режимида таҳлил қилиш имконини беради.
Шу сабабли, электрон тўловлар «рақамли солиқ назорати»нинг асоси сифатида кўрилмоқда.
Хориж тажрибаси: электрон тўловларни жорий этиш ягона ечимми?
Ривожланган хорижий давлатларнинг яширин иқтисодиётга қарши кураш бўйича тажрибасига қаралса, бунда энг асосий эътибор – тўловларни амалга оширишда истеъмолчиларга имкон қадар қулайлик яратиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлганини кўриш мумкин.
Хусусан, Европа Иттифоқида истеъмолчини ҳимоя қилиш ва адолатли савдо тамойиллари асос сифатида олинган бўлиб, агар Иттифоққа аъзо давлатнинг миллий қонуни ёки Марказий банки ёхуд солиқ органи томонидан нақд бўлмаган тўловни қабул қилиш мажбурияти белгиланган бўлса, уни рад этиш:
- «адолатга зид савдо амалиёти» (unfair commercial practices),
- «истеъмолчига нисбатан камситиш» (discriminatory treatment of consumers) сифатида баҳоланади.
Италияда ҳам «адолатга зид савдо амалиёти» (unfair commercial practices) тушунчаси мавжуд бўлиб, ушбу тушунча сотувчи истеъмолчига нотўғри маълумот бериши ёки етарлича маълумот бермаслиги орқали шаффоф бўлмаган савдо фаолияти олиб борганини англатади. Италияда муайян тўлов усулларини рад этиш ҳолати – махсус қоидалар билан бевосита тартибга солинмайди, лекин бундай ҳаракат истеъмолчига нотўғри маълумот бериш ёки етарлича маълумот бермаслик орқали содир этилса, у «адолатга зид савдо амалиёти» шартлари доирасига киритилади.
Испанияда эса тадбиркорлик субектлари томонидан нақд пул тўловини қабул қилмаслик қонунга хилоф деб баҳоланади. Шунингдек, нақд пул тўловини қабул қилмаслик – жарима қўлланишига сабаб бўлади.
Бошқа томондан, тадбиркорлик субектлари томонидан истеъмолчиларга олдиндан эълон қилинмаган ҳолда фақат пластик карточка ёки QR-код орқали тўлов усули билан савдо фаолияти олиб борилса, бу ҳам истеъмолчилар ҳуқуқларини бузиш деб топилади.
Руминияда фискал чеклар устида мажбурий QR-код мавжуд бўлиши талаб қилинади, яъни барча савдо транзакцияларида чекларда QRкод бўлиши шарт. Бироқ, бунга риоя этмаслик тўғридан-тўғри «савдо қоидаларини бузиш» эмас, балки фискал талабларга риоя этмаслик сифатида тартибга солинган.
Эътиборли томони – аввал Руминияда QR-код бўлмаган фискал чек берганлик учун жарималар қўлланилиши назарда тутилган эди, лекин ҳозирча техник хизмат ва амалиёт жиҳатидан ўтиш мураккаблиги сабабли ҳукумат бу жарималар қўлланилишини 2026 йил 1 ноябргача вақтинча бекор қилган.
Буюк Британияда агар сотувчи томонидан истеъмолчига QR-код ёки пластик карточка орқали тўловни қабул қилиши ҳақида олдиндан эълон қилинган бўлса, бироқ тўлов вақтида бундай усул рад этилса – мазкур ҳаракат чалғитувчи савдо амалиёти (misleading commercial practice) деб топилади ҳамда истеъмолчига нотўғри ахборот бериш сифатида баҳоланади.
Японияда эса муайян тўлов усулларини қабул қилиш мажбурияти тўғридан-тўғри қонунда белгиланган эмас. Аммо, сотувчи ўзи томонидан олдиндан эълон қилинган тўлов усулига зид ҳаракат қилса (масалан, QR-код ёки пластик карточка орқали тўловни қабул қилиши ҳақида эълон берган, лекин кейин буни рад этса), бу истеъмолчи ҳуқуқларига зид хатти-ҳаракат деб топилади.
Қозоғистон Республикаси қонунчилиги бўйича тўловлар турли усуллар — банк карталари, QR-кодлар ёки нақд пул орқали амалга оширилиши мумкин. Шунинг учун, тўлов вақтида сотувчининг фақат нақд пулни талаб қилиши қонунчилик талабларга зид деб қаралади.
Қолаверса, «Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекс»га мувофиқ нақд бўлмаган тўловни рад этганлик учун биринчи марта — огоҳлантириш, такроран худди шундай ҳаракат содир этганлик учун — жарима жазоси назарда тутилган.
Қирғизистон Республикасида 2025 йил феврал ойида Солиқ ва Маъмурий жавобгарлик кодексларига ўзгартиришлар киритилган бўлиб, бунда QR-кодлар орқали тўловларни қабул қилмаслик ёки унинг шартларига амал қилмаслик маъмурий жавобгарликка олиб келади. Шунингдек, QR-код ва электрон ҳамёнлар шахсий бўлмаслиги шарт, балки тадбиркорлик субектлари номига боғланган бўлиши керак. Чунки, QR-код ёки электрон ҳамённи бошқа шахсларга боғлаб қўйганлик учун ҳам маъмурий жарима қўлланади.
Хулоса: электрон тўловлар — зарур, лекин ягона ечим эмас
Айни вақтда, юқоридаги хорижий давлатларнинг яширин иқтисодиётга қарши кураш бўйича тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, электрон тўловларни жорий этиш билан боғлиқ айрим омиллар борлигини қайд этиш лозим:
- айрим олис ва чекка ҳудудларда Интернет тармоғи сифати ҳануз талаб даражасида эмас;
- аҳоли орасида электрон тўловларни амалга ошириш бўйича ҳуқуқий саводхонликни, билим ва кўникмаларни ривожлантириш зарур;
- электрон тўловларни жорий этиш билан боғлиқ техник харажатлар кичик бизнес субъектлари учун оғирлик қилиши мумкин;
- электрон тўловларни амалга ошириш имконини берадиган рақамли платформалар миқдори ҳануз саноқлилигича қолмоқда, уларнинг миқдорини ошириш ҳамда тадбиркорлик субъектларига муайян рақамли платформалар хизматини танлаш бўйича тенг, очиқ ва шаффоф имконият яратиш зарур, акс ҳолда жамиятда мазкур чоралар – тадбиркорлик субъектларини муайян рақамли платформа хизматидан фойдаланишга ва унга ҳақ тўлашга мажбурлаш воситаси, деган таассурот уйғотиши мумкин.
Демак, яширин иқтисодиётга қарши курашда энг асосий эътибор – тўловларни амалга оширишда истеъмолчиларга имкон қадар қулайлик яратиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлиши лозим.
Абдухалил Турсунов,
ТДЮУ Бизнес ҳуқуқи ва суд ҳимояси факултети
Тадқиқот маркази кичик илмий ходими


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter