Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кимлар тест имтиҳонидан озод этилади?

Кимлар тест имтиҳонидан озод этилади?

Фото: «Зарафшон» газетаси

«Зарафшон» газетаси мухбири Давлат тест маркази вилоят бўлими бошлиғи Эсонбой Исроиловга ОТМга тест синовларини ўтказишда жорий этилган янгиликлар борасида саволлар билан мурожаат этди. Интервью давомида мутахассис юқоридаги саволга шундай жавоб берди:

– Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган «Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари ва мусобақалари ғолиблари ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази таъсис этадиган махсус гувоҳномани олганлар Давлат комиссиясининг қарори билан тегишли олий таълим муассасаларининг мос таълим йўналишларига танловдан ташқари тест синовларисиз ва касбий (ижодий) имтиҳонларсиз давлат грантлари асосида қабул қилинади.

Шунингдек, Зулфия номидаги Давлат мукофотлари соҳибалари, «Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиблари бўлган умумтаълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Маданият, жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари томонидан ҳар йили ўтказиладиган педагогика ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари битирувчилари ва таълим муассасалари тарбияланувчиларининг «Тарбиячи» республика танлови ғолиби, тиббиёт муассасалари ҳамшираларининг «Ҳамшира» республика танлови ғолиби, Бадиий академиянинг тасвирий санъат бўйича республика танлови ғолиблари, «Ниҳол» мукофоти совриндорлари мазкур вазирликлар, идоралар ва жамғармалар тақдимномаларига мувофиқ давлат комиссиясининг қарори билан шундай имтиёзга эга бўлишлари мумкин.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзолари ҳам имтиёзли қабул қилиш мақсадида тавсияномалар бериш бўйича республика комиссияси тақдимномаси асосида доимий яшаш жойидаги олий таълим муассасаларининг педагогика таълим йўналишларига танловдан ташқари тест синовларисиз ва касбий (ижодий) имтиҳонларсиз қабул қилинади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг