ICTWEEK Uzbekistan 2025да Сунъий Интеллектни ўрганиш бўйича курслар ва Huawei ICT Competition 2025-2026 бошланди

2025 йил 24 сентябр куни ICTWEEK Uzbekistan 2025 ахборот коммуникация технологиялари соҳасидаги йирик тадбир мобайнида «Рақамли таълимда Сунъий Интеллект» форуми бўлиб ўтди. Форум доирасида Huawei компанияси Huawei ICT Academy негизида Сунъий Интеллектни ўрганиш бўйича курсларни тақдим этди, Huawei ICT Competition 2025-2026 мусобақаларига рўйхатдан ўтиш бошланганини эълон қилди, шунингдек, Ўзбекистонда юқори малакали кадрлар ва АКТ истеъдодларини тайёрлаш учун таълим соҳасини рақамлаштириш бўйича ўз қарашларини тақдим этди.
Инновацияларнинг ўсиши ва илғор технологияларнинг жорий этилиши саноат ва рақамли иқтисодиётнинг ривожланишига туртки бўлмоқда. Таълим соҳасида булутли технологиялар, 5G, Интернет, Сунъий Интеллект янги экотизимни яратишга ва интеллектуал таълимни ривожлантиришни жадаллаштиришга ёрдам беради: Сунъий Интеллект бўйича асосий билимларни оммалаштириш, интеллектуал ўқитиш ва таълим бериш, интеллектуал баҳолаш тизими ва ўзлаштиришни таҳлил қилиш, сунъий интеллектни илмий тадқиқотларда қўллаш ва таълим муассасалари кампусларини профессионал бошқариш шулар жумласидан.
Таълим соҳасини рақамлаштиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида Huawei компанияси «1+3» ёндашуви билан барча сценарийлар (All-scenario) учун ечимларни ишлаб чиқди, бунда «1» истеъдодларни тайёрлаш ва ривожлантиришга ишора қилади, «3» эса Сунъий Интеллект, булутли ҳисоблаш, катта маълумотлар, 5G асосидаги технология ва ечимларни яратиш учун «ақлли» синфлар, «ақлли» кампуслар ва таълим муассасаларининг тадқиқот салоҳиятини оширишни англатади.
Форумдаги нутқида «АКТ инновациясини таъминловчи компания сифатида биз эртанги куннинг рақамли иқтисодиёти учун кадрлар тайёрлашга йўналтирилган таълим муҳити учун замин яратишга интиламиз. Замонавий таълим мослашувчан, интерактив ва интеллектуал бўлиши керак. Агар бизга сунъий интеллект учун истеъдод керак бўлса, уларни ривожлантириш учун сунъий интеллектдан фойдаланишимиз керак», деди Александра Набиева, жамоатчилик билан алоқалар бўйича менежер. — Технологиянинг жадал ўсиши соҳа учун янги муаммоларни келтириб чиқармоқда. АКТ саноати вакиллари истеъдодларнинг етишмаслиги ва университет битирувчиларини ишга қабул қилишда амалий билимларни ошириш ва ўқитиш заруратига дуч келишмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда, компаниямиз истеъдодларни ривожлантириш ва соҳа талабалари ва мутахассисларининг рақамли кўникмаларини ошириш учун бир қатор дастурларни амалга оширмоқда.»
Ушбу дастурлардан бири Huawei ICT Academy бўлиб, у талабалар ва университет ўқитувчилари учун мўлжалланган кенг қамровли ўқув дастурини таклиф этади. Huawei ICT Academy бутун дунё бўйлаб 3000 та университетда фаолият юритмоқда, шу кунгача 1,3 миллион истеъдод ўқитилди. АКТ Академиялари талабалари учун 22 та техник йўналиш, шунингдек, меҳнат бозорида рақобатбардошлигини ошириш учун саноат сертификатини олиш имконияти мавжуд. АКТ Академиялари ўқитувчилари ва инструкторлари учун ва ўқув дастурига интеграция қилиш учун AI ўқув материалларининг тўлиқ тўплами очилади.
Форумда Huawei компанияси учта асосий модулда Сунъий Интеллект технологияларини ўрганиш бўйича АКТ академиясининг тренддаги курсларини тақдим этди:
1. Overview of AI: : сунъий интеллектнинг асосий тушунчалари ва тарихини ўз ичига олган СИ асослари бўйича кириш курси;
2. Search and AI: курс ақлли қидирув алгоритмлари ва ечимларни оптималлаштириш технологияларини ўрганишга қаратилган;
3. HCIA-AI 4.0: машинали ўрганиш, компьютерли кўриш қобилияти ва бошқа асосий технологияларни чуқур ўрганиш, шунингдек ModelArts платформасида амалий кўникмаларни эгаллаш (сертификацион курс).
Форум давомида Huawei ҳар йили ўтказиладиган ICT Competition 2025-2026 танлови бошлангани эълон қилди. 2025 йил 24 сентябрдан бошлаб Huawei ICT Academy билан ҳамкорлик қилаётган Ўзбекистоннинг 15 та Олий ўқув юртлари талабалари рўйхатдан ўтишлари ва тармоқ технологиялари, булутли ҳисоблаш ва сунъий интеллект каби илғор технологиялар мавзусида амалий лаборатория машғулотлари, семинарлар ва маърузалардан фойдаланишлари мумкин. Танлов уч босқичда ўтказилади: миллий, минтақавий ва глобал. Ўтган йили ТАТУ ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари Саудия Арабистонидаги минтақавий финалда иштирок этишди. Жорий йилнинг май ойида эса ТАТУ жамоаси глобал финалда дебют қилди ҳамда Хитойнинг Шенгчжен шаҳрида учинчи ўринни эгаллади.
Рақамли таълим ислоҳотларини фаол қўллаб-қувватлагани ва секторни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Huawei компанияси рақамли технологиялар вазирлиги ва рақамли таълимни ривожлантириш маркази томонидан «Рақамли таълимнинг ишончли ҳамкори» сифатида тақдирланди.
Шунингдек, 2025 йил 24 сентябрда Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг 70 йиллигини нишонлаш мобайнида «ақлли» таълим концепцияси асосида Huawei ICT Academy ўқув кабинетининг тантанали очилиши бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ва Халқаро электралоқа иттифоқи (XEI) Телекоммуникацияларни ривожлантириш бюроси (BDT) директори доктор Космос Завазава очилиш маросимида иштирок этдилар. Меҳмонлар таълим соҳасини рақамлаштиришга кўмаклашувчи ечимлар тақдимоти ва ўқув хонасида ташкил этилган лаборатория инфратузилмаси билан танишдилар.
2025 йил 23 сентябрдан 26 сентябргача Ўзбекистонда ICTWEEK Uzbekistan 2025 ахборот коммуникация технологиялари соҳасида кенг кўламли тадбир бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон Республикаси ICTWEEK ва АКТ ҳамжамиятининг фаол иштирокчиси сифатида 2025 йил 24 сентябрда Huawei компанияси Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазирлиги ва "IT таълим уюшмаси" ННТнинг ташкилий кўмагида «Huawei Digital Economy Forum 2025» тадбирини ўтказди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter