АҚШ Гренландия ортидан яна бир Европа давлатига “даъво” қилди
Парадокс шундаки, 1951 йилги битимга кўра АҚШ Исландияни ташқи душманлардан ҳимоя қилиши керак.
АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан мамлакатнинг Исландиядаги элчиси лавозимига номзод қилиб кўрсатилган сиёсатчи Билли Лонг қўпол ҳазил қилди.
Politico нашрига кўра, собиқ конгрессмен Билли Лонг ҳазил оҳангида Исландия АҚШнинг 52-штатига айланиши ва у мазкур штатнинг губернатори бўлишини айтган.
Айни пайтда АҚШ 50 штатга эга. Суверен бир мамлакат тақдирини мутойибага айлантирган Билли Лонг 51-штат қайси эканига ойдинлик киритмаган.
Сиёсатчи кейинроқ Исландия ҳақидаги ҳазили учун узр сўради.
Аммо Трамп маъмуриятининг халқаро ҳуқуқ ва бошқа давлатларнинг миллий суверенитетига зид баёноту ҳаракатлари фонида Исландиянинг 52-штатга айланиши ҳақидаги даъво жиддий қабул қилинмоқда.
Euractiv нашри ёзишича, Трампнинг Гренландияни назоратга олиш ҳақида радикал баёнотлари ортидан Исландия тезроқ Европа Иттифоқига аъзо бўлишга уринмоқда. Расмий Рейкьявик ЕИга аъзоликни иқтисодий омил эмас, балки мудофаа ва геосиёсий манфаат нуқтаи назаридан ёқламоқда.
“Гренландия муаммоси исландларни халқаро муносабатларини қайта кўриб чиқишга ундамоқда, ЕИга аъзолик бўйича баҳслар кучаймоқда. АҚШ Гренландияни қўлга киритиш учун келтираётган важларни Исландияга нисбатан ҳам қўллаши мумкин”, – дейди Исландиядаги Бифрёст университети профессори Эйрикур Бергманн.
Рейкьявик ҳукумати Трамп маъмуриятининг халқаро битимларга содиқлигига шубҳа қилмоқда.
Шимолий Европада жойлашган Исландия орол-давлати НАТОга аъзо саналади. Аммо мамлакат ўз армиясига эга эмас, фақат соҳилни қўриқлаш хизмати мавжуд.
Расмий Рейкьявик 2009 йилда ЕИга аъзолик учун ариза берган. Аммо Исландия иқтисодиётининг муҳим сектори бўлган балиқчилик масаласи сабаб Брюссель билан музокаралар боши берк кўчага кирган. Оқибатда 2015 йилда Исландия ЕИга аъзолик бўйича аризасини қайтариб олган.
Жорий йил баҳорда Исландия парламенти ЕИга аъзолик масаласида референдум ўтказиш ҳақидаги қонунни кўриб чиқади. Ҳужжат маъқулланса, 9 ой давомида референдум ташкил этилади. 2025 йилда ўтказилган сўровлар аҳолининг катта қисми ЕИга аъзоликни ёқлашини кўрсатган.
Маълумот ўрнида: АҚШ президенти Трамп Гренландия устидан назорат ўрнатишга қаратилган сиёсий кампания бошлаган.
12 январь куни АҚШ Конгрессига Гренландияни Қўшма Штатларга қўшиб олиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси киритилди. Ушбу қонун қабул қилинган тақдирда, Трамп оролни аннексия қилиш ёки сотиб олиш учун зарур деб ҳисоблаган ҳар қандай ҳаракатларни амалга ошириш имконига эга бўлади.
Дания ва Гренландия вакиллари Трампни бу ғоядан воз кечишга кўндиришга ҳаракат қилишди, аммо музокаралар самарасиз бўлиб чиқди.
Трамп 2025 йил мобайнида Канадани АҚШнинг 51-штати деб атагани маълум. Шу боис Оқ уйнинг Венесуэладаги хатти-ҳаракатлари ҳамда Гренландияга иштаҳаси тобора карнай бўлиб бораётгани Канаданинг ҳам тинчини бузмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter