АҚШ маъмурияти Теҳроннинг жавоб зарбасидан хавотирда
АҚШ Президенти Дональд Трамп Эронга қарши эҳтимолий ҳарбий ҳаракатлар (агар Вашингтон бундай қарор қабул қилса) тезкор ва ҳал қилувчи бўлишини ҳамда узоққа чўзиладиган урушга сабаб бўлмаслигини талаб қилмоқда. Бу ҳақда NBC News манбаларга таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, Трамп ушбу талабини миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари билан мулоқотда билдирган. Бироқ маслаҳатчилар президентга Эрондаги режим қисқа вақт ичида қулашига кафолат бериб бўлмаслигини айтган. Шунингдек, АҚШ маъмурияти Теҳрон томонидан берилиши мумкин бўлган қаттиқ жавоб чораларидан хавотир билдирган. Бу минтақадаги Америка қўшинлари ва Вашингтон иттифоқчиларига, жумладан, Исроилга ҳам таъсир қилиши мумкин.
The Washington Post маълумотларига кўра, агар АҚШ Эронга зарба берса, Теҳрон ҳам жавоб чораларини кўришга тайёр. Шу муносабат билан яқинда АҚШ ва Буюк Британия ҳарбийларига Қатардаги Ал-Удейд авиабазасини тарк этиш буйруғи берилган.
NBC манбаларининг таъкидлашича, Трамп биринчи босқичда чекланган ҳарбий операцияни маъқуллаши мумкин, бироқ вазият кескинлашиши эҳтимоли ҳам сақланиб қолади.
Шу билан бирга, манбалар Трамп Эрондаги намойишлар куч ишлатиш йўли билан бостирилса, аралашиш бўйича ўз ваъдаларига амал қилишга тайёр эканини қайд этган. Вице-президент Жей Ди Вэнс раислигидаги йиғилишда президентга қурбонлар сони бўйича сўнгги маълумотлар тақдим этилган. Шунингдек, Пентагон янгиланган ҳарбий сценарийларни тақдим қилган. Ҳозирча аниқ қарор қабул қилинмаган.
АҚШда жойлашган Human Rights Activist News Agency (HRANA) маълумотларига кўра, декабрь охиридан бошланган намойишлар давомида камида 2403 киши ҳалок бўлган, тахминан 18 минг нафар фуқаро ҳибсга олинган. Ослода жойлашган IHRNGO ташкилоти эса ҳалок бўлганлар сонини 3,4 минг нафар деб баҳоламоқда. Интернет алоқасининг чекланиши сабабли аниқ рақамларни белгилаш қийин экани таъкидланмоқда.
13 январь куни Детройт шаҳрига ташрифи чоғида Дональд Трамп Эрон халқига мурожаат қилиб, уларни намойишларни давом эттиришга чақирган ва «ёрдам йўлда» эканини айтганди.
Эрон ҳокимияти эса кескин инфляция ва миллий валюта қадрининг пасайиши ортидан бошланган намойишлар учун АҚШ ва Исроилни айбламоқда. Теҳрон расмийларига кўра, АҚШ ҳарбий аралашуви содир бўлса, Исроил ҳудуди, шунингдек минтақадаги Америка базалари ва кемалари «нишонлар»га айланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter