Берлинда блэкаут. Қасддан уюштирилган ёнғин
Германия пойтахти Берлиннинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган Лихтерфельде электр станциясида содир бўлган ёнғин оқибатида кенг кўламли электр таъминоти узилиши юз берди. Бу ҳақда Tagesspiegel нашри хабар қилди.
3 январь тонгида содир бўлган ҳодиса натижасида 45 минг хонадон ва икки мингга яқин корхона электр ва иссиқлик таъминотисиз қолган. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, якшанба кунига келиб тахминан 10 мингта уй-жой қайта уланган, аммо барча абонентлар учун электр таъминоти 8 январгача тўлиқ тикланиши кутилмоқда.
Берлин ҳокимияти содир бўлган воқеани қасддан уюштирилган ёнғин деб баҳоламоқда. Deutsche Welle хабар беришича, Тельтов канали устидан ўтган кабелли кўприкка «ёндирувчи қурилмалар» ўрнатилган ва ёнғин оқибатида юқори ҳамда ўрта кучланишли бир неча электр кабеллари шикастланган ёки бутунлай йўқ қилинган.
Орадан кўп ўтмай, ҳодиса учун жавобгарликни чап радикал анархистик «Вулкан» (Vulkangruppe) гуруҳи ўз зиммасига олди. Гуруҳ томонидан полицияга юборилган мактуб ҳақиқий деб тан олинган.
Гуруҳ баёнотида бу «муваффақиятли диверсия» бўлганини ва «Ерни ҳамда ҳаётни ҳимоя қилаётган барча одамлар билан халқаро бирдамликнинг ифодаси» эканини айтган.
«Вулкан» гуруҳи ҳужумнинг асосий мақсади аҳолини электрсиз қолдириш эмас, балки ёқилғи саноатига зарар етказиш бўлганини таъкидлаган.
«Жануби-ғарбий Берлиндаги кам таъминланган аҳолидан узр сўраймиз. Аммо бу ҳудудлардаги кўплаб вилла эгаларига тегишли эмас», – дейилади баёнотда.
Маълумотларга кўра, «Вулкан» гуруҳи сўнгги ўн йилдан ортиқ вақт давомида Берлин инфратузилмасига қарши ҳужумлар уюштириб келади.
Ҳодиса бўйича тергов ишлари давом этмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter