Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Детективлар қироличасининг уйини ўғри уриб кетди

Детективлар қироличасининг уйини ўғри уриб кетди

Татьяна Устинова

Фото: ТВЦ

Таниқли рус ёзувчиси, ўнлаб детектив романлар муаллифи Татьяна Устинова асарларидаги жиноятга ҳаётда дуч келди. Унинг Ярославль вилояти Вятское қишлоғидаги уйига ўғри тушди.

Жиноят ўтган дам олиш кунлари, ёзувчи уйда йўқлигида содир этилган. Устинова хоним детектив асарларида жиноят изларини маҳорат билан тасвирласа-да, бу сафар жиноятчилар унинг шахсий ҳудудига кириб келишга жазм этишди. Уйдан заргарлик буюмлари, хусусан, бриллиантлар ва бошқа қимматбаҳо ашёлар олиб чиқиб кетилган. Дастлабки маълумотларга кўра, етказилган зарар миқдори 10 миллион рубл (130 минг доллар атрофида)ни ташкил этмоқда.

Ярославль вилояти ИИВ бошқармаси ҳолат юзасидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 158-моддаси 4-қисми (ўта йирик миқдордаги ўғрилик) бўйича жиноят иши қўзғатди. Айни дамда тергов гуруҳи воқеа жойида далилларни тўпламоқда. Қизиқ жиҳати шундаки, мухлислар ижтимоий тармоқларда: «Балки бу мураккаб жиноятни ёзувчининг ўзи худди қаҳрамонлари каби фош этар?», дея муносабат билдиришмоқда.

Татьяна Устинова ўзининг «орзусидаги маскан» деб атаган Вятское қишлоғига 2024 йилда доимий яшаш учун кўчиб ўтган эди. Бу тарихий қишлоқ осойишталиги билан машҳур бўлиб, бундай йирик жиноят маҳаллий аҳоли учун ҳам кутилмаган зарба бўлди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг