Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Европа Иттифоқи Украинага 1 миллиард евро молиявий кўмак ажратди

Европа Иттифоқи Украинага 1 миллиард евро молиявий кўмак ажратди

Фото: Reuters

Европа Иттифоқи Украинага навбатдаги молиявий кўмакни ажратди. 1 миллиард евро миқдоридаги макромолиявий кўмак Европа комиссияси томонидан 1-2 август кунлари икки траншда ўтказилган.

Қайд этиш жоизки, мазкур маблағ ЕИ томонидан ажралиши кўзда тутилган 9 миллиард евроли макромолиявий кўмакнинг дастлабки қисми саналади.

Узоқ муддатли, имтиёзли шартлардаги кредит кўринишида ажратилган маблағ Россия босқинига учраган мамлакатнинг макроиқтисодий барқарорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида сарфланиши кўзда тутилган.

«Украинага ёрдам бериш борасида собитмиз. Биз келгусида ҳам Россия босқини оқибатида юзага келган машаққат ва мусибатларни енгиб ўтишда Украина халқига сиёсий, молиявий ва ҳарбий воситалар билан кўмак кўрсатишда давом этамиз. Зеро, Украина ўз суверенитети ва мавжудлик ҳуқуқини қатъият ила, муносиб ҳимоя қилмоқда. ЕИ Украинани бу шароитда ёлғиз қолдирмайди», – дейди ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель.

ЕИ бирдамлик рамзи сифатида босқинчи давлат ҳужумига нишон бўлган Украинани қўллаб-қувватлаш учун йилнинг биринчи ярмида 1,2 миллиард евро кўмак берган эди. Шу тариқа ҳозирга қадар Брюссель томонидан кўрсатилган молиявий мадад миқдори 2,2 миллиард еврога етди. ЕИ, бундан ташқари, гуманитар кўмак, тараққиёт ва мудофаага ёрдам, божхона имтиёзлари жорий этиш орқали ҳам Украина халқини дастаклаб келмоқда. Масалан, жорий йил май ойида Европа кенгаши Украинадан молларни импорт божисиз киритиш имконини берувчи қарорни қабул қилган.

Март ойида эса ЕИ «зулматли даврда украин хонадонларига ёруғлик ва илиқлик олиб кириш учун» мамлакатни ўз электр тармоғига улаган эди.

Сўнгги йилларда ЕИ Украинага қонун устуворлигини таъминлаш, суд тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва бошқа йўналишларда молиявий кўмак ажратиб келмоқда. 2014 йилдан буён ЕИ ҳамда Европа молия тузилмалари томонидан ажратилган грант ва кредитлар миқдори 17 миллиард еврони ташкил этади.

Аввалроқ Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен ҳам ЕИ суверен Украинага елкадош ва кўмакдош бўлишини таъкидлаган эди. 

ЕИ раҳбариятининг Украинани Европа оиласида кўришга хайрихоҳлиги ҳам маънавий рағбат ўлароқ баҳоланмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг