Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Гебрейесус ЖССТ раҳбарлигига қайта сайланди

Гебрейесус ЖССТ раҳбарлигига қайта сайланди

Тедрос Аданом Гебрейесус.

Фото: WHO

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус иккинчи беш йиллик муддатга қайта сайланди.

Айни кунларда (22–28 май) 75-Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси бўлиб ўтмоқда. Унинг доирасида ЖССТ бош директори ёпиқ овоз бериш йўли билан сайланди. Иккинчи муддат фаолиятини давом эттирадиган Гебрейесус қасамёд қилди. У 2027 йилгача ЖССТга раҳбарлик қилади.

Гебрейесус ЖССТ тарихида бир пайтнинг ўзида 20 дан зиёд мамлакат томонидан илгари сурилган илк номзод бўлди.

57 ёшли Тедрос Аданом Гебрейесус Асмара шаҳрида (ҳозирги Эритрея пойтахти) туғилган. 1986 йили Асмара университетининг биология бакалаврлигини олган. 1992 йили Лондон университетида юқумли касалликлар иммунологияси бўйича магистрлик, 2000 йилда Ноттингэм университетида ижтимоий йўналтирилган соғлиқни сақлаш бўйича докторлик даражасига эришган.

Гебрейесус безгак касалликларини ўрганиш бўйича дунё миқёсида эътироф этилган мутахассис саналади.

2003 йили Тедрос Аданом Гебрейесус Эфиопия ССВ ўринбосари, 2005–2012 йилларда соғлиқни сақлаш вазири, 2012–2016 йилларда Эфиопия ташқи ишлар вазири лавозимларида фаолият юритган. Шундан сўнг ЖССТ раҳбари этиб сайланган илк Африка вакилига айланди ва яна беш йил бу шарафли лавозимда меҳнат қилади.

ЖССТ раҳбари оилали, уч фарзанди бор.

Таъкидлаш ўринлики, Гебрейесуснинг биринчи муддат раҳбарлиги даврида ташкилот жуда оғир синовга дуч келди — глобал коронавирус пандемиясига қарши кураш олиб борилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг