Норвегияда қироллик инқирози: тахт ворисининг рафиқаси Эпштейн файлларида, унинг ўғли эса...
Норвегияда тахт ворисининг рафиқаси Метте-Маритнинг ўғли – Мариус Борг Хёйбю иши бўйича суд жараёни бошланди. Осло полицияси уни 1 февраль, якшанба куни ҳибсга олган.
У – зўрлаш, тан жароҳати етказиш ҳамда муайян шахсга яқинлашишни тақиқловчи суд қарорига риоя қилмасликда айбланмоқда. Иш тафсилотлари ошкор этилмаяпти, аммо гап Хёйбюнинг собиқ шерикларидан бири билан муносабатлари ҳақида кетиши эҳтимол қилиняпти.
2024 йил давомида полиция Хёйбюни бир неча бор: оилавий зўравонлик, зўрлаш, суд тақиқларини бузиш ва ҳайдовчилик гувоҳномасиз машина бошқариш каби айбловлар билан қўлга олган.
Прокуратура тайёрлаган дастлабки айблов хулосасида 32 банд бўлган, кейин уларга яна 6 та банд қўшилган. Жабрланувчилар эса бир неча аёл. Улардан фақат биттасининг исми ошкор этилган – Нора Хаукланд, модель ва «Love Island» реалити-шоусининг собиқ иштирокчиси. У Хёйбю билан 2022–2023 йилларда муносабатда бўлган.
Норвегия тахти вориси Хоконнинг асранди ўғли бўлган Хёйбю (у расман қироллик оиласи аъзоси ҳисобланмайди, -таҳр.) судгача озодликда бўлган, аммо янги айбловлардан сўнг суд уни ҳибсга олишга қарор қилди. Биринчи суд мажлисида у зўрлаш айбловини тан олмади.
2017 йилда Хёйбю наркотик моддалар сақлагани учун 4 минг норвег кронаси (тахминан 400 евро) жаримага тортилган. 2024 йилдаги ҳибслардан бирида унинг қонида кокаин, экстази ва марихуана аниқланган.
Мариуснинг ҳибсга олиниши яна бир йирик можаро билан бир вақтга тўғри келди. АҚШ Адлия вазирлиги эълон қилган Джеффри Эпштейн ишига оид ҳужжатларда Метте-Маритнинг Эпштейн билан 2011–2014 йиллардаги ёзишмалари топилган.
Метте-Марит ёзишмаларда Эпштейнни жуда жозибали, яхши қалбли ва ёқимтой инсон деб таърифлаган. У Эпштейн ҳақида интернетда қидириб кўрганини ва бу яхши самара бермаганини ёзган. Бошқа бир хабарда эса у Эпштейндан 15 ёшли ўғлига (Мариусга) экран фонида икки яланғоч аёл тасвири қўйиш тўғрими, деб сўрайди.
Метте-Марит расмий баёнот бериб, Эпштейн билан алоқа қилгани хато бўлганини тан олди ва бу ҳолат учун уялганини билдирди.
Жанжаллар кронпринцессанинг саломатлиги ёмонлашган бир пайтда юз бермоқда. У ўпка фибрози касаллигига чалинган. 2025 йил декабрида қироллик оиласи 52 ёшли Метте-Маритга ўпка кўчириб ўтказиш талаб қилиниши мумкинлигини маълум қилди.
Норвегиянинг энг йирик нашри Aftenposten Метте-Марит ушбу можаролардан сўнг қиролича бўла оладими, деган саволни кўтарди. Бош вазир Юнас Гар Стёре эса Эпштейн ҳужжатларида тилга олинган норвегияликлардан изоҳ кутилмоқда, деди.
3 февраль куни Норвегия парламенти монархияни бекор қилиб, республикага ўтиш ҳақидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқди. 169 депутатдан 141 нафари монархияни миллий бирлик рамзи сифатида сақлаб қолиш учун овоз берди.
Verdens Gang газетаси буюртмаси билан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра:
- 61 фоиз норвегияликлар монархияни қўллаб-қувватлайди,
- бир йил олдин бу кўрсаткич 72 фоиз,
- 2017 йилда эса 81 фоиз эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter