Озарбайжон ТИВ 20 январь фожиаси юзасидан баёнот берди
1990 йил 20 январь замонавий Озарбайжон тарихида фожиали, айни чоқда, шарафли санадир. Бу ҳақда Озарбайжон ташқи ишлар вазирлиги томонидан 20 январь – Умумхалқ мотам куни муносабати билан берилган баёнотда сўз боради.
“36 йил аввал совет армияси томонидан тинч аҳолига қарши содир этилган шафқатсиз агрессия давомида Боку шаҳри ҳамда Озарбайжоннинг бошқа ҳудудларида 150 нафар тинч аҳоли вакили ўлдирилди, 744 киши оғир жароҳатланди ва 4 киши дом-дараксиз йўқолди. 20 январь фожиаси Озарбайжон халқининг эркинлик, миллий қадр-қиммат ва суверенитетга қонуний интилишларини йўққа чиқаришга уриниш эди. Аммо зўравонлик ҳаракати Озарбайжон халқининг иродасини синдира олмади. Аксинча, бу ҳодиса халқимизнинг мустақилликни тиклаш, Арманистон томонидан олиб борилган оммавий кўчириш ва ишғол сиёсатига қарши кураш, шунингдек, ўз суверен ҳуқуқларини рўёбга чиқариш йўлидаги қатъиятини янада мустаҳкамлади. 20 январь шаҳидларининг фидокорлиги 1991 йилда Озарбайжон Республикаси мустақиллигининг тикланишида ҳал қилувчи роль ўйнади”, – дейилади баёнотда.
Маълумки, Озарбайжон 2020 йилдаги 44 кунлик уруш ва 2023 йилдаги аксилтеррор амалиёти якунида халқаро ҳуқуққа мувофиқ ўзига тегишли бўлган Қорабоғ минтақасини тўлиқ қайтариб олди ва суверенитет ҳамда ҳудудий яхлитлигини тиклади.
Қайд этилишича, 20 январь куни халқ кўрсатган жасорат ва ватанпарварлик 2020 ҳамда 2023 йиллардаги тарихий курашда ҳам муҳим аҳамият касб этди. Шунингдек, айни пайтда Озарбайжон давлати минтақада олиб бораётган тинчлик ва барқарорлик сиёсати, Қорабоғни тиклаш чора-тадбирлари ҳам 20 январь куни шаҳид бўлган инсонларнинг орзулари рўёби саналади.
Озарбайжон ТИВ 20 январь қаҳрамонлари ва шаҳидлари номини эҳтиром билан ёдга олган ва бу каби инсониятга қарши жиноятлар такрорланмаслиги йўлида қатъий саъй-ҳаракат кўрсатилишини таъкидлаган.
Маълуот ўрнида: 1990 йил 20 январга ўтар кечаси Озарбайжон пойтахтига совет армияси жанговар қисмлари киритилади. Ҳарбийлар агрессияга қарши намойишга чиққан минглаб озарбайжонликларни шафқатсиз жазолайди. Тинч намойишчилар танк, пулемёт ва автоматлардан ўққа тутилади. Ўша машъум тунда миллий-озодлик ҳаракатини бостириш мақсадини кўзлаган совет армияси бўлинмалари Боку, Сумгаит, Ленкорань ва Нефтчала шаҳарларида тинч аҳоли вакиллари – болалар, хотин-қизлар ва қарияларни қирғин қилган.
Фожианинг эртаси куни мамлакат етакчиси Ҳайдар Алиев Москвадан айбдорларни жазолашни талаб қилган ва СССР Коммунистик партияси сафидан чиққанини эълон қилган. Шу тариқа шўро ҳокимиятининг қирғинни жаҳон ҳамжамиятидан яширишга уриниши йўққа чиққан.
Фожиа қурбонлари дафн этилган масканда кейинчалик Шаҳидлар хиёбони бунёд этилган. 2000 йилда Озарбайжон президенти фармони билан ҳалок бўлганларга “20 январь шаҳиди” фахрий унвони берилган.
Ҳуррият йўлида жонини фидо қилган қаҳрамонларга эҳтиром рамзи сифатида 20 январь – Умумхалқ мотам куни деб эълон қилинган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter