Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Трамп Эрон раҳбариятига миннатдорлик билдирди. Энди АҚШ Теҳронга ҳужум қилмайдими?

Трамп Эрон раҳбариятига миннатдорлик билдирди. Энди АҚШ Теҳронга ҳужум қилмайдими?

Фото: AP

АҚШ президенти Дональд Трамп Эронда оммавий намойишлар ортидан қўлга олинган фуқароларни қатл этиш қарори бекор қилинганини олқишлади.

«Дорга осиш орқали ижро этилиши режалаштирилган қатл ҳукмлари (800 дан зиёд) Эрон раҳбарияти томонидан бекор қилинганидан жуда хурсанд бўлдим. Ташаккур!» – деб ёзди Трамп Truth Social платформасидаги саҳифасида.

Аввалроқ Трамп Эрондаги намойишчиларга қарши жазо чоралари қўлланса, улар қатл этилса, Эроннинг амалдаги раҳбариятига қарши кескин чоралар кўрилишидан огоҳлантирганди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Эрон раҳбарияти сўнгги ҳафталарда мамлакатни ларзага солган норозилик намойишлари пайти қўлга олинган юзлаб эронликни қатл этишга ҳозирлик кўраётгани ҳақида бонг урганди. Бу орада Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи ҳукумат намойишчиларни ўлдириш ниятида эмаслигини маълум қилди. 

Маълумот ўрнида: Эрондаги оммавий норозилик намойишлари 2025 йил 28 декабрь куни Теҳрондаги катта бозорда бошланган, кўплаб савдогарлар гиперинфляция ва нарх-навонинг кескин кўтарилишига қарши норозилик сифатида дўконларини ёпган эди. Намойишлар тез орада бутун мамлакатга ёйилди. Иқтисодий талаблар билан бошланган норозилик ҳаракати сиёсий акцияга айланиб кетди.

Ғарб матбуоти инсон ҳуқуқлари ташкилотларига таяниб ёзишича, намойишлар давомида 2400 дан зиёд киши ҳалок бўлган, 18 минг киши ҳибсга олинган.

Теҳрон ҳукуматига қарши кескин чоралар режасини кўриб чиқаётган Трамп 16 январь  куни Эронга ҳарбий зарба бермасликка қарор қилганини айтаркан, бунга қатл ҳукмлари бекор қилинганини асос қилиб келтирган. Аммо сиёсий таҳлилчилар Трампнинг ҳозирча Эронга ҳужум қилмасликка қарор қилганини бошқа бир неча омил билан изоҳламоқда. 

Биринчидан, Саудия Арабистони, Қатар, Миср ҳамда Ўмон давлатлари Трамп маъмуриятини Эронга қарши ҳарбий чора кўрмасликка кўндириш учун улкан дипломатик саъй-ҳаракатларни амалга оширган. Мазкур давлатлар Эронга қарши ҳарбий чоралар Яқин Шарқда беқарорликни авж олдириши, жаҳон нефть бозорини издан чиқаришидан хавотир билдирган. Шу тариқа улар Вашингтонни Теҳронга яна бир имкон беришга кўндирган. 

Иккинчидан, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳам телефон орқали мулоқотда Трампдан Эронга ҳужумни кейинги қолдиришни илтимос қилган.

Учинчидан, Эронга қарши эҳтимолий ҳарбий ҳаракатлар муҳокамаси пайти Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари унга Эрондаги режим қисқа вақт ичида қулашига кафолат бериб бўлмаслигини айтишган. Боз устига, АҚШ маъмурияти Теҳрон томонидан берилиши мумкин бўлган қаттиқ жавоб чораларидан ҳам хавотирга тушган. Бу минтақадаги Америка қўшинлари ва Вашингтон иттифоқчиларига, жумладан, Исроилга ҳам таъсир қилиши мумкин эди.

Шу тариқа АҚШ маъмурияти Эрон билан вазиятни дипломатик йўллар билан ҳал қилишга умид билдириб, Ислом Республикасида уранни бойитиш стандартларини белгилаш, ракета арсеналини камайтириш, бойитилган уран масаласига аниқлик киритиш ва Эроннинг ишончли вакиллари билан вазиятни ҳал қилиш каби тўртта шартни илгари сурган.

Сўнгги хабарларга кўра, Эронда намойишлар анча сўнган. Эрон президенти Масъуд Пезешкиён 15 январь куни ҳукумат намойишларга сабаб бўлган иқтисодий муаммоларга ечим излаши ҳақида баёнот берган.

Ҳозирча биргина шахс – Эроннинг 1979 йилда тахтдан ағдарилган шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг ўғли шаҳзода Ризо Паҳлавий АҚШни Эронда ислом республикаси тузумини ағдариш учун кескин чораларга ундамоқда. Айни пайтда АҚШда яшаётган 65 ёшли Ризо Паҳлавий намойишчиларни Эроннинг йирик шаҳарларини эгаллашга даъват этиб келмоқда. У ОАВга берган интервьюларида Эронга қайтишга тайёр эканини билдирган.

Таҳлилчиларга кўра, АҚШнинг Эрондаги ислом республикаси тузумини ҳарбий йўл билан ағдаришга қаратилган кўп йиллик стратегик режаси бекор қилингани йўқ, қулай сиёсий вазият туғилиши билан ушбу чора ишга солиниши ҳеч гап эмас.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг