Трамп инаугурациясидан буён доллар қадри 10 фоизгача пасайган – The Economist
The Economist журнали янги сони муқовасини АҚШ валютасининг мураккаб ҳолатига бағишлади. Нашр муқовасида доллар яшил илон кўринишида тасвирланган бўлиб, муаллифлар АҚШ активларида капитал сақлаш эндиликда тизимли хатарлар билан боғлиқ эканини таъкидлайди.
«Ҳийлакор ва қадри пасаяётган доллар даври. Америка активларига эга бўлганлар бунга кўникишга мажбур бўлади», – дейилади мақолада.
Савдо статистикаси таҳлилчилар хавотирларини тасдиқламоқда. 2025 йил 20 январь – Дональд Трампнинг инаугурацияси бўлиб ўтган кундан буён доллар индекси 10 фоиздан ортиққа пасайган. Евро билан жуфтликда эса тушиш янада кескин бўлиб, тахминан 15 фоизни ташкил этган.
Нашр таҳририяти таъкидлашича, сўнгги пайтларда молия бозорларида инвесторларнинг ўзини тутиши кескин ўзгарган. Илгари фавқулодда ҳолат ҳисобланган саросима ва хавотирлар энди мунтазам ҳолга айланмоқда.
Бунга яққол мисол сифатида 2025 йил апрель ойидаги воқеалар келтирилади. Ўша пайтда АҚШ президенти Дональд Трамп импорт маҳсулотларига ягона базавий бож ставкаси жорий этилишини эълон қилиб, бу қарорни рамзий тарзда «Озодлик куни» деб атаган эди. Аммо ушбу баёнот бозорлар томонидан ижобий эмас, аксинча, жиддий хавф сигнали сифатида қабул қилинди.
Натижада инвесторлар оммавий равишда АҚШ активларидан чиқиб кетишни бошлади: қимматли қоғозлар сотилди, доллар қадрсизланди, фонд бозорларида эса бир вақтнинг ўзида пасайиш кузатилди. The Economist’га кўра, бундай кескин реакциялар сўнгги йилларда одатий ҳолга айланиб, бозордаги беқарорлик даражаси аввалги ўн йилликларга нисбатан бир неча баробар ошган.
Бу эса инвесторлар учун муҳим хулосани англатади: АҚШ активлари эндиликда ҳар доим ҳам «хавфсиз валюта» сифатида қабул қилинмаяпти.
Натижа зудлик билан намоён бўлди – Америка қимматли қоғозларининг оммавий сотилиши фонд бозори ва миллий валютанинг бир вақтда пасайишига олиб келди. The Economist ҳисоб-китобларига кўра, ўтган йил давомида бундай волатиллик тўлқинлари сўнгги ўн йилликлар ўртача кўрсаткичларига нисбатан уч баравар кўп кузатилган.
«Бу саросима тўлқинлари доллар активлари эндиликда хавфсиз ҳисобланмаётган дунёнинг қандай кўриниш олаётганини намоён қилади», – дея хулоса қилади нашр.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter