Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Трампнинг куёви Ғазо бўйича таклиф қилган лойиҳа танқидга учради

Трампнинг куёви Ғазо бўйича таклиф қилган лойиҳа танқидга учради

Фото: AFP

Давос шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон иқтисодий форумида АҚШ президенти Дональд Трампнинг куёви Жаред Кушнер вайрон этилган Ғазо секторини тиклаш бўйича лойиҳани тақдим этди.

Режага кўра, Ғазонинг соҳилбўйи ҳудудида ўнлаб осмонўпар бинолар, меҳмонхоналар, дам олиш мажмуалари, тураржойлар, таълим масканлари барпо этилади. Ҳудудда янги аэропорт ва порт қурилиши ҳам кўзда тутилган.  

Жаред Кушнер вайрон бўлган Ғазо олти босқичда тикланиши, бунинг учун камида 25 миллиард доллар талаб этилишини айтган.

Трампнинг ўзи ҳам Давосдаги чиқишида Ғазони тиклаш бўйича ушбу режани юқори баҳолаган.

Сиртдан қараганда эзгу ғояга асосланган бўлса-да, АҚШ томонидан таклиф этилган Ғазони тиклаш лойиҳаси танқидга учради. Жумладан, АҚШда яшаётган фаластинлик ёзувчи Сьюзан Абулхава ушбу лойиҳани «империалистик режа» деб атади.

«Ғазо секторининг туб аҳолисини йўқ қилишга қаратилган ушбу режа бўлгада қолган аҳолини саноат зоналари ва соҳил бўйида эксклюзив туризм иншоотлари барпо этиш борасида арзон ишчи кучига айлантиради», – деган Сьюзан Абулхава.   

Қайд этилишича, Ғазони тиклаш даъвоси билан ҳозирланган лойиҳа юзасидан фаластинликларнинг ўзи билан маслаҳатлашилмаган. Қолаверса, лойиҳанинг молиявий манбаси ҳам очиқланмаган.

Ғазони тиклаш лойиҳаси Трамп Давосда тақдим этган Тинчлик кенгаши доирасида амалга оширилиши режалаштирилган. Аммо Тинчлик кенгашининг 11 бетлик низомида Ғазо эсга олинмаган. Шунга кўра янги кенгаш Ғазони тиклашдан ҳам кўра Трампнинг бошқа геосиёсий мақсадларига хизмат қилиши мумкинлиги айтилмоқда. Тинчлик кенгаши БМТга мухолиф ва муқобил тузилма деб баҳоланмоқда.

Танқидчиларга кўра, энг асосийси, «девелоперлик фантазияси» маҳсули бўлган янги лойиҳада Ғазо секторидаги инсоний талафотлар ва вайронагарчиликлар тўлиқ ҳисобга олинмаган.

Исроил ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан кейин 71 мингдан зиёд фаластинлик ўлдирилди, яна минглаб одам вайроналар остида қолмоқда. Икки ўртада сулҳ битими имзоланган 2025 йил 10 октябрдан кейин ҳам 500 дан зиёд фаластинлик ҳалок бўлди. Уч ой ичида ҳалок бўлганларнинг 100 дан зиёди болалардир. 

Ғазо секторидаги камида 80 фоиз бинолар – тураржойлар, шифохоналар, мактаблар, масжидлар ер билан яксон этилди.

Ҳали-ҳамон қамал остида яшаётган Ғазо секторидаги 2,3 миллион аҳоли ҳаётига бомбалардан ташқари очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар хавф солмоқда.

2025 йил сентябрь ойи БМТ комиссияси Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини геноцид деб тан олди.

Тель-Авив ҳукумати 2026 йил 1 январдан эътиборан Ғазо секторидаги гуманитар вазиятни баттар ёмонлаштирувчи қарор қабул қилди.

Трампнинг куёви Жаред Кушнер томонидан таклиф этилган лойиҳа шубҳа остига олинаётгани бежиз эмас. Аввалроқ The Guardian Кушнер айни пайтда улкан манфаатлар тўқнашуви гумони остида қолаётгани ҳақида ёзганди. Газетага кўра, Ғазо секторида урушдан кейинги тиклаш-қурилиш ишлари бошланса, айнан Кушнер бошқараётган “Affinity Partners” фонди улкан фойда олиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг