Хитойда 500 млн йил аввал яшаган 91 та янги тур топилди
Палеонтологлар Хитойнинг Хунан провинциясида 500 миллион йиллар аввал яшаган ва шу вақтгача фанга номаълум бўлган юзга яқин жонивор турларини топишди, деб хабар берди CBS News нашри.
Тадқиқотчилар 50 мингга яқин қазилма намуналарини йиғишга муваффақ бўлишди. Таҳлиллар натижасида жами 153 та тур аниқланган, уларнинг 91 таси фан учун бутунлай янгиликдир.
Олимларни энг ҳайратга солган жиҳат — жониворларнинг юмшоқ тўқималари (кўзлар, жабралар, ичаклар ва ҳатто асаб тизими) деярли ўзгаришсиз сақланиб қолгани бўлди. Одатда миллионлаб йиллар давомида фақат суяк ёки қаттиқ қобиқлар сақланади, аммо бу ердаги шароит нозик органларнинг ҳам консервация бўлишига имкон берган.
Тахминларга кўра, бу ҳайвонлар тахминан 513 миллион йил аввал, Ердаги биринчи йирик қирилиб кетиш давридан кейинроқ яшаган. Топилмалар денгиз экотизимлари био хилма-хиллик кескин қисқаришидан сўнг қандай тикланганини тушунишда ёрдам беради.
Топилган организмлар орасида чувалчангларнинг қадимги қариндошлари, медузалар, булутлар (денгиз жонивори) ва кўплаб бўғимоёқлилар бор. Уларнинг бир қисми илгари фақат Канададаги топилмалар орқали маълум бўлган, бу эса қадимги денгиз ҳайвонларининг кенг тарқалганлигини кўрсатади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter