Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда фуқароларнинг иш ташлашига доир тартиблар белгиланяпти

Ўзбекистонда фуқароларнинг иш ташлашига доир тартиблар белгиланяпти

Парламент Қуйи палатасида депутатлар Сенатнинг «Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунчилик таклифини кўриб чиқди.

Қайд этилишича, мазкур қонун лойиҳасининг мақсади — миллий қонунчиликни Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг «Бирлашмалар эркинлиги ва бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги 87-сонли ва «Жамоа музокараларини олиб бориш ва бирлашиш ҳуқуқи тўғрисида»ги 98-сонли конвенциялари талабларига мувофиқлаштиришдан иборат. Бу, ўз навбатида, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда белгиланган меъёрларни амалда рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Ушбу лойиҳа иш ташлаш ҳуқуқини қонуний тартибга солишни назарда тутади. Миллий қонунчиликда бўшлиқни тўлдириш орқали лойиҳа фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини халқаро стандартларга мувофиқ ҳолда тўлақонли таъминлашга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси 9 та моддадан иборат бўлиб, у билан 2 та қонун, 4 та кодексга қатор муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан, Меҳнат кодексига иш ташлашнинг аниқ таърифи ва тушунчалари, уни ўтказиш тартиб-таомиллари, ходимларга иш ташлаш жараёнида бериладиган кафолатлар белгиланмоқда.

Шунингдек, иш ташлашнинг бошланишини кечиктириш, тўхтатиб туриш, тиклаш ва тугатиш тартиблари ҳамда иш ташлашга оид чекловлар аниқлаштирилмоқда.

Қонун лойиҳаси миллий қонунчиликни халқаро меҳнат стандартларига тўлиқ мослаштириш, ижтимоий адолат, тенглик ва демократик бошқарув принсипларини амалда мустаҳкамлашни назарда тутади.

Мажлисда қонунчилик таклифи бўйича қарор лойиҳаси қабул қилинди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг