Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Санжар Саид

Ҳаётда мўъжизалар содир бўлади

Деградация. 1990-йиллар авлодига нима бўлган?

Деградация. 1990-йиллар авлодига нима бўлган?

Ўшанда халқнинг назари оч бўлиб қолди...

Фото: «oldsaratov.ru»

Сўнгги бир ой ичида Ўзбекистонда содир бўлган жиноятлар, мудҳиш қотилликлар, йирик йўл-транспорт ҳодисаларини синчиклаб ўргансангиз, бир рақам эътиборингизни тортса керак: аксарият «қаҳрамонлар» ўтган асрнинг 90-йилларида дунёга келган.

Ички ишлар вазирлиги расмий сайтида эълон қилинган қотиллик ва жиноятларнинг қисқача тафсилотига эътибор беринг:

6 март. Наманган вилояти Норин тумани. 1996 йилда туғилган Б.Х. ҳожатхонада қиз фарзандни дунёга келтириб, уни ҳожатхона ўрасига ташлаб юборди. 

22 март. Оҳангарон. 1994 йилда туғилган И.Қ. 1985 йилда туғилган Ҳ.А.нинг юзига қўллари билан уриб жароҳат етказган. Натижада Ҳ.А. шифохонага олиб кетилаётганда вафот этган.

2 апрель. Қўқон. 2015 йилда туғилган Ф.И ўз онаси – 1995 йилда туғилган С.Т. томонидан бўғиб ўлдирилган.

4 апрель. Жиззах вилояти. 1992 йилда туғилган С.Ё. ва 1990 йилда туғилган М.А. бошқарувидаги икки «Nexia» автомобили тўқнашуви натижасида саккиз киши, жумладан икки ҳайдовчи вафот этди.

7 апрель. Самарқанд вилояти Пайариқ туманида О.К. (1996 й. т.) бошқариб келаётган «Cobalt» автомобили 4Р-48 автойўлининг қарама-қарши йўналишига чиқиб, С.С. (1995 й. д.) бошқарувидаги «Nexia» билан тўқнашиб кетади. Оқибатда икки машинадаги саккиз киши вафот этди...

Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин, аммо излашга ҳам, ўқишга ҳам тоқат етмади. Тўғри, фақат 1990-йилларда туғилганларгина қоида бузаётгани, жиноят қилаётгани йўқ. Айни шу ўн йилликда дунёга келганлар бугун йигирма билан ўттизнинг орасидаги ёшлар, улар барча даврларнинг шу ёшлилари каби қизиққон, ҳиссиётга берилувчан, ақли тўла етилмаган.

Аммо бугунги воқеаларга 1990-йиллар авлоди дунёга келган вақтдаги ижтимоий-иқтисодий вазият ҳам сабаб бўлмаяптимикан деган савол туғилиши табиий. Ўша пайтлар – мустақилликнинг дастлабки йиллари кўпчилик катта ёшлиларнинг ёдида. Яшаш қийинлашган, нон топиш мушкул эди. Давлат мол-мулклари, заводлар, машина-трактор парклари ва ҳоказолар талон-торож қилинди. Одамлар нон топаман деб ҳар қандай ишга тайёр бўлиб қолди, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормай қўйилди, тарбияда энг муҳим нарса – ҳалол луқма экани одамларнинг ёдидан кўтарилди. Бир сўз билан айтганда, халқнинг назари оч бўлиб қолди (ҳалигача назарнинг очлиги бизни тарк этгани йўқ...).

Сўнгра иш излаб оммавий равишда чет элларга кетиш бошланди. 1990-йиллар авлодини тарбиялаш оналар, бобо ва бувилар, қариндошлар қўлида қолди. Диний-маърифий тарбия деярли бутунлай чекланди. Таълим тизими таназзулга юз тутди, мактабларда қаттиққўл, инсофли, фидойи ўқитувчилар, айниқса тартиб-интизом рамзи саналган эркак ўқитувчилар сафи камайди, коллеж деган нарса чиқиб, тарбияда узилиш вужудга келди (буни президент Шавкат Мирзиёев ҳам алоҳида таъкидлаб ўтган эди).

Шу ва бошқа жуда кўплаб хатолар бугун ўзининг аччиқ мевасини бермаяптимикан? Ота-онаси Россия, Қозоғистон, Кореяда юрган болалар уларни бор-йўғи пул топувчи, овқат, кийим-бош билан таъминловчи «восита» деб биладиган, гапига қулоқ тутмайдиган, қайсар, дангаса, боқиманда, психологик жиҳатдан заиф авлод бўлиб етишмадими?

Бу каби саволларга аниқ жавоб бериш қийин. Аммо ҳукумат бу борада социологик тадқиқотларга буюртма бериб, вазиятга ойдинлик киритса, мақсадга мувофиқ бўлар эди (социологик тадқиқот масаласига аёллар муаммоларини ўрганиш ва уларнинг ҳуқуқларини кафолатлашга бағишланган аввалги постларимдан бирида ҳам тўхталиб ўтган эдим. Ушбу мавзу айниқса бугунги кунда эътибордан четда қолмаслиги шарт).

Ҳақиқатан ҳам ушбу авлод вакиллари жиноят ва ҳуқуқбузарликларга мойилми ёки бу табиий кечувчи жараёнми, бу каби ҳолатларни бартараф этиш бўйича қандай чораларни кўриш мумкин, дунё тажрибаси бу ҳақда нима дейди? Шу каби саволларга жавоб топиш орқали ҳукумат, ота-оналар, педагоглар, ҳуқуқ-тартибот органларининг ходимларига илмий асосланган маслаҳат ва йўл-йўриқлар берилса, услубий қўлланмалар тузилса, эҳтимол, улар иштирокидаги жиноятлар сони камаярмиди...

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг