Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

Каттақўрғонлик ўқитувчи ўлимида иш берувчининг айби борми?

Каттақўрғонлик ўқитувчи ўлимида иш берувчининг айби борми?

Марҳум Диана Еникеева турмуш ўртоғи ва фарзанди билан.

Фото: «Xabar.uz»

Охирги кунларда ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган Каттақўрғон туманидаги 42-мактабнинг меҳнат таълими ўқитувчиси, 23 ёшли Диана Енекееванинг вафоти барчамизни чуқур қайғуга солди.


Мавзуга доир:
«Xabar.uz» суриштируви: 23 ёшли ўқитувчининг ўлимида ким айбдор?


Воқеанинг тафсилотлари, келиб чиқиш сабаблари, оқибатлари ҳақида ортиқча гапирмоқчи эмасман. Шу ўринда савол туғилиши мумкин: мактаб ўқитувчиси ҳашар ишларига жалб қилинган вазиятда вафот этса, унинг оиласига зарар, яъни халқ тили билан айтганда товон пули тўланадими? Келинг, шу масалани батафсил кўриб чиқамиз.

Иш берувчи қандай зарарларни тўлаши керак?

Меҳнат кодексининг 192-моддасига биноан ходим меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллиги ёки меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етиши сабабли вафот этган ҳолларда иш берувчи марҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга, шунингдек ўн олти ёшга тўлмаган ёки у вафот этган кунга қадар ундан таъминот олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга, марҳумнинг вафотидан кейин туғилган фарзандига, шунингдек ота-онасидан бирига, умр йўлдошига ёки оиланинг бошқа аъзосига, агар у ишламасдан марҳумнинг уч ёшга етмаган болалари (укалари, сингиллари) ёки невараларининг парвариши билан банд бўлса, зарарни тўлаши шарт.

193-моддасида эса зарар миқдори кўрсатилган бўлиб, вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган ва унинг вафоти муносабати билан зарарни ундиришга ҳақли бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга тўланадиган зарар миқдори марҳумнинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида белгиланган. Демак, Диананинг ўғли 16 ёшга тўлгунча онасининг ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида зарар тўловини олиши керак.


Мавзуга доир:
23 ёшли ўқитувчини уриб юборган ҳайдовчига «Xabar.uz» суриштирувидан сўнг жиноий иш қўзғатилди


Шунингдек, Меҳнат кодексининг 194-моддасига биноан ходимнинг вафоти муносабати билан иш берувчи марҳумнинг олти йиллик ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда бирйўла бериладиган нафақа тўлаши ҳам керак бўлади. Масалан, бу миқдор ўртача 1 миллион сўм иш ҳақи оладиган ходим учун 72 миллион сўмни ташкил этади.

Етказилган зарарни тўлаш тартиби қандай?

Энг аввало Диананинг ўлими ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ҳисобланадими ёки ҳисобланмайдими деган саволга жавоб топиш керак. Бунинг учун бахтсиз ҳодиса махсус текширувдан ўтказилиши лозим.

Бундай текширув Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-қарори билан тасдиқланган низом асосида ўтказилади.

Махсус текшириш вилоят Бандлик ва меҳнат муносабатлари бош бошқармаси буйруғига асосан шакллантирилган комиссия томонидан ўтказилади.

Унга кўра комиссия раиси — вилоят давлат меҳнат техника назоратчиси, аъзолари — юқори турувчи хўжалик органи вакили, иш берувчи, жабрланувчининг асосий иш жойи касаба уюшмаси қўмитаси ва иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталовчининг вакили бўлади.

Махсус текшириш комиссияси 15 кун мобайнида бахтсиз ҳодисани текшириб чиқади, махсус текшириш далолатномасини тузади ҳамда кўзда тутилган бошқа ҳужжатларни расмийлаштиради.

Комиссия аъзолари жабрланувчилар ёки уларнинг оила аъзолари билан учрашувлар ташкил этадилар, зарур бўлса тегишли органларга таклифлар киритадилар ёки ижтимоий тусдаги ёрдам масалаларини жойида ҳал қиладилар, жабрланувчига ёки ўлганнинг оила аъзоларига уларнинг ҳуқуқларини тушунтирадилар.

Ҳашарга жалб этилган ўқитувчи меҳнат вазифаларини бажараётган деб топиладими?

Энди энг асосий масалага келаяпмиз. Майли, текшириш ҳам ўтказилар, лекин комиссия Дианани иш жойидан ташқарида ёки ўз меҳнат вазифасини бажармаётган пайтда вафот этган, шунинг учун зарар тўланмайди дея хулоса қилиши мумкинми? Мумкин, ҳар нарса бўлиши мумкин. Аммо...

Аммо бу адолатсиз хулоса бўлади!

Вазирлар Маҳкамасининг 286-қарорида тадбирларнинг ўтказилиши ёки ишлар бажарилиши жойидан қатъи назар, шанбалик (якшанбалик) ўтказилаётгандаги бахтсиз ҳодисалар текширилади ва ҳисобга олинади дея белгиланган.

Бундан қуйидаги 2 та хулосани чиқариш мумкин:

  • Иш жойи муҳим эмас, яъни ходим айнан ишхонада вафот этсагина зарар тўланади деган қоида йўқ;
  • Айнан ўз меҳнат вазифасини бажараётган бўлиши керак деган қоида ҳам йўқ. Яъни ўқитувчи фақат дарс ўтаётганда вафот этсагина зарар тўланади дейиш ҳам нотўғри.

Яна бир иккилантирадиган ҳолат бор, яъни ҳашарга чиққанини тасдиқловчи мактаб директорининг буйруғи бўлиши керак дейди кўпчилик. Йўқ, шарт эмас. Марҳум Диана ҳолатида мактаб директори буйруқ-муйруқ чиқармагани аниқ-ку! Ҳаммаси тепадагиларнинг оғзаки буйруғи асосида бўлган-ку! Унда нима бўлади?


Мавзуга доир:
Фожиа кўзимизни очмади ёхуд синалган усулдаги жавоб


Буёғи махсус тайинланган комиссия аъзоларининг малакаси ва виждонига боғлиқ. Комиссия барча ҳолатларни батафсил, синчиклаб ўрганиши, гувоҳларни сўроқ қилиши, далилларни холисона кўриб чиқиб хулоса қилиши керак. Қисқа қилиб айтганда, ҳаммага аён бўлиб турган ҳақиқатдан кўз юммаслиги лозим.

«Биз бу воқеани ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса деб топсак, зарарни қоплаш учун давлат бюджетидан катта маблағ сарфланади, бюджетга зарар етказмайлик» деган эскилик сарқитидан ёдгорлик қолган аҳмоқона ўй-хаёлларни ҳам йиғиштириб қўядиган вақт келди.

Хулоса ўрнида

Умид қиламанки, махсус комиссия ишни ҳар томонлама холисона кўриб чиқади ва якунда оқни оқ, қорани қора дейди. Аслида гап пулда ҳам эмас. Марҳумнинг оиласига, ота-онаси, турмуш ўртоғи, мурғак ўғилчасига қандайдир миллионлар тугул, миллиард сўм берсангиз ҳам ўксик кўнглини тўлдира олмаймиз. Бироқ ижтимоий адолат, марҳумнинг ҳаққи ҳурмати ва келгусида ўрнак бўлиши учун ҳам кўзни чирт юмиб, асл ҳақиқатни қўрқмасдан қайд этиш масъулияти ўша махсус комиссия зиммасида турганини унутмасалар бўлди.

P/S: Лекин ҳар қанақа вазиятда ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 14 июндаги 174-қарори билан тасдиқланган «Дафн этишга нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низомга кўра Диана фаолият юритган мактаб энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида нафақа тўлаши шарт.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг