Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон фуқаролари АҚШ ва Европага ишга юборилиши мумкин

Ўзбекистон фуқаролари АҚШ ва Европага ишга юборилиши мумкин

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган ташқи сиёсатга доир йиғилишда, жумладан, фуқароларга хорижда юқори даромадли иш ўринларини топиб бериш масаласи ҳам тилга олинди.

Қайд этилишича, ҳозирда ташкилий миграция асосида ўзбекистонликлар 30 дан ортиқ давлатда меҳнат қилиб келмоқда. Мисол учун, Германия, Япония, Жанубий Корея компаниялари мутахассисларга талабидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ўқув курсларини ташкил этган.

 Япония компанияси қурилиш, ҳайдовчилик, меҳмонхона ва ресторан хизмати йўналишларида «10 минг нафар ўзбек мутахассисини жалб қилиш» лойиҳасини бошлади. Буюк Британияга мавсумий ишчиларни юбориш амалиёти йўлга қўйилган.

Лекин қолган мамлакатлардаги элчилар бундай тажрибани бошқа давлатлар билан йўлга қўйиш бўйича ташаббус кўрсатмаётгани қайд этилди.

Масалан, четдан ишчи кучини фаол жалб этаётган Австрия, Франция, Испания, Италия, Чехия, Саудия Арабистонидаги элчиларнинг мазкур йўналишдаги ишлари қониқарсиз экани кўрсатиб ўтилди.

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда Швеция, Дания ва Норвегияда 300 минг ишчиларга эҳтиёж бор.

Норвегиялик иш берувчилар бу йилнинг ўзида 3 минг фуқарони ўзлари ўқитиб, уларга Европа стандартлари асосида сертификат беришга тайёр. Ёки Швеция грант ажратиб, ижтимоий ходимларни тайёрлаш ва жорий йилнинг ўзида 500 нафарини ишга олиш таклифини бермоқда.

Мутасаддиларга Швеция, Дания ва Норвегия билан келишувга эришиб, фуқароларимизни юқори даромадли иш ўринларига юбориш муҳимлиги таъкидланди.

Умуман, Швеция ва Латвиядаги элчилар билан биргаликда Нордик давлатлар билан ташқи меҳнат миграцияси борасида ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш топширилди. Ҳар бир элчи хорижда юқори даромадли иш ўринларини топиш, аҳолини шунга мос касб ва тилга ўқитишга ҳам масъул бўлиши белгиланди.

Бу борада Япония, Швеция, Норвегия, Болгария, Австрия, Хорватия, Словения, Сербия, Греция ва Ўмон билан миграцияга оид ҳукуматлараро ва идоралараро битимларни имзолаш муҳимлиги таъкидланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг