Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонлик тадқиқотчи СИ ёрдамида қандай қилиб «ақлли боғдорчилик»ни йўлга қўймоқчи?

Ўзбекистонлик тадқиқотчи СИ ёрдамида қандай қилиб «ақлли боғдорчилик»ни йўлга қўймоқчи?

Фото: Xabar.uz

Бугунги суҳбатдошим Заҳро Содиқова Бухорода туғилган, Тошкент шаҳридаги ИНҲА ва АҚШнинг Окленд шаҳридаги Линкольн университетларида таҳсил олган, Technovation Challenge каби нуфузли дастурларда иштирок этган ёш тадқиқотчи. Унинг бугунги фаолияти диққат марказида сунъий интеллект ёрдамида «ақлли боғдорчилик» тизимини яратиш ва экологик барқарорликка эришиш турибди. Глобал миқёсдаги технологик лойиҳаларга миллий қадриятларни олиб киришни мақсад қилган қаҳрамонимиз Кремний водийси тажрибасидан тортиб, шаҳар шароитида барқарор ўсимлик етиштиришгача бўлган қизиқарли режалари билан ўртоқлашди.

– Сиз мактаб давридаёқ математика ва инглиз тили фанларига алоҳида ёндашгансиз. Кейинчалик Ўзбекистондаги ИНҲА университети ва АҚШдаги MBA таълими сизнинг билимларингизни янада мустаҳкамлади, шундай эмасми?

– Ҳа, мактаб давримданоқ математикага алоҳида қизиқишим бор эди. Айниқса, ИНҲА университетида ўқиган пайтимда бизнес математикаси билан чуқур шуғулландим. Бу менга стратегик фикрлашни ривожлантиришга ва ҳар қандай бизнеснинг энг муҳим жиҳатларидан бири бўлган молия соҳасини чуқурроқ тушунишга ёрдам берди.

Инглиз тили эса дунёқарашимни кенгайтиришга хизмат қилди. Мен Фарҳод Қодиров раҳбарлигидаги Genius English Courses марказидан жуда миннатдорман. У ерда мен тилни энг табиий усулда ўрганиш имкониятига эга бўлдим. Шунинг учун ҳам MBA дастурида таҳсил олиш мен учун анча енгил кечди – чунки мен Бухородаёқ амалда қўлланадиган инглиз тилини ўрганган эдим.

– «Ақлли боғдорчилик» (Smart gardening) ва сунъий интеллектни уйғунлаштириш ғояси қандай пайдо бўлди? Бу тизим оддий боғбон ёки уй бекасининг ҳаётини қандай енгиллаштиради?

– Сунъий интеллект бугунги кунда ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Шунинг учун уни инсонлар ҳаётига ҳақиқатан ҳам янги имкониятлар олиб кирадиган йўналишларда қўллаш жуда муҳим.

Сунъий интеллектни smart gardening — ақлли боғдорчилик билан бирлаштириш ғоясини ўйлаб топганимда, ҳар бир оилада тез-тез бериладиган бир саволдан илҳом олдим: «Бугун нима пиширсам экан?»

Тасаввур қилинг, сизнинг боғингизда етиштирилаётган органик ўсимликлар ва кўкатлар нафақат дастурхонингизга соғлом маҳсулотлар олиб келади, балки сунъий интеллект орқали улардан қандай таомлар тайёрлаш мумкинлигини ҳам тавсия қилади. Қайси мамлакат ёки шаҳарда яшашингиздан қатъи назар, бу тизим сизга ёрдам беради.

Энг муҳими, СИ оилангиз учун қадрли бўлган рецептларни ўрганиб боради, уларни мослаштиради ва шу тариқа авлоддан-авлодга ўтадиган таомлар ҳеч қачон йўқолиб кетмайди. Бундан ташқари, ақлли боғдорчилик тизими нафақат таом тайёрлашга ёрдам беради, балки боғ парваришини ҳам анча енгиллаштиради. Масалан, сунъий интеллект ўсимликларнинг ҳолатини кузатиб, қачон суғориш, қачон ўғит бериш ёки қайси ўсимликка кўпроқ қуёш нури кераклигини тавсия қилиши мумкин.

Бугун кўпгина уй бекаси ёки оддий боғбонларда вақт кам. Айримлар боғ қилишни хоҳлайди, аммо ўсимликни нотўғри парвариш қилиб қўйишдан қўрқади. Ақлли тизим эса худди маслаҳатчи каби йўл-йўриқ кўрсатади: қайси фаслда нима экиш керак, қандай қилиб табиий усуллар билан ҳосилни асраш мумкин — барчасини тушунтириб беради.

Яна бир муҳим жиҳати — бу тизим экологик ёндашувни ҳам қўллаб-қувватлайди. Масалан, сувни тежаш, табиий ўғитлардан фойдаланиш, мавсумий маҳсулотлар етиштириш каби масалаларда ҳам тавсиялар бериши мумкин.

Мақсадим шунчаки технология яратиш эмас, истардимки, инсонлар табиатга янада яқинлашсин, ўз боғида етиштирган маҳсулотдан фойдаланиб, оиласи билан бир дастурхон атрофида жам бўлсин. Агар технология шу жараённи бироз бўлса ҳам осонлаштирса — демак, у ҳақиқатан фойдали бўлади.

– Сиз ўз олдингизга анъанавий боғдорчиликни замонавий ечимлар билан бирлаштиришни мақсад қилиб қўйгансиз. Бизнинг миллий деҳқончилик маданиятимизда қайси жиҳатларни рақамлаштириш энг қийин ва энг муҳим деб ҳисоблайсиз?

– Менимча, миллий деҳқончилик маданиятимиз сўнгги йилларда анча ривожланмоқда. Бироқ келажакда уни янада мустаҳкамлаш учун сунъий интеллект технологияларини жорий этиш муҳим.
Бизнинг юртимиз жуда ҳосилдор ва баракали ерларга эга. Агар AI технологияларидан тўғри фойдалансак, органик ҳосил етиштиришни янада самарали қила оламиз. Бу нафақат ҳосилдорликни оширади, балки углерод чиқиндиларини камайтириш орқали экологик барқарорликни сақлашга ва сайёрамизни асрашга ҳам ёрдам беради.

– «Technovation Challenge» дастуридаги иштирокингиз ва Кремний водийси даражасидаги лойиҳалар устида ишлаш қандай стратегик кўникмаларни берди? У ердаги стартап муҳитидан Ўзбекистон шароитига нималарни олиб кириш мумкин?

– «Technovation Challenge» дастурида иштирок этиш менга бир вақтнинг ўзида бир нечта омилларни ҳисобга олиш ва ҳар доим катта манзарани – яъни умумий стратегик мақсадни кўра билишни ўргатди. Шу билан бирга, MVP (минимал ишлайдиган маҳсулот) муваффақиятсиз чиққан тақдирда ҳам ишни тўхтатмасдан, лойиҳани ривожлантиришни давом эттириш муҳимлигини тушундим.

Кремний водийси стартап муҳити эса жуда илҳомлантирувчи. У ерда стартаплар доимо ўзгариши, янги йўналишларга бурилиши мумкинлигини кўрасиз. Энг муҳими ўзгаришларни тўғри бошқара олиш ва жамоа билан самарали мулоқот қилишдир.

– Шаҳар шароитида барқарор ўсимлик етиштириш (urban farming) келажакда озиқ-овқат хавфсизлиги ва экологияга қандай таъсир кўрсатади? Сизнинг лойиҳангиз бу муаммога қандай ечим беради?

– Шаҳар шароитидаги urban farming – шаҳар боғдорчилиги келажакда сайёрамиз барқарорлигига катта ҳисса қўшиши мумкин. Чунки бунда эътибор органик ва барқарор усулларда етиштирилган маҳсулотларга қаратилади.

Лойиҳамнинг асосий мақсади – технологиядан оқилона фойдаланиб, инсон эҳтиёжлари билан бирга, Ер сайёрасининг манфаатларини ҳам ҳисобга олишдир. Агар биз чиқиндиларни камайтириб, табиатга эҳтиёткорлик билан ёндашсак, келажак авлодлар учун янада соғлом муҳит яратишимиз мумкин.

– Одатда агрономия ёки сунъий интеллект каби соҳалар эркаклар йўналиши сифатида кўрилади. Сизнингча, технология дунёсида аёлларнинг интуитив нигоҳи ва оилавий қадриятларга содиқлиги янги инновациялар яратилишида қандай устунлик беради?

– Менимча, агар технология соҳасида гендер жиҳатидан мувозанат бўлса, келажак авлодларга жуда муҳим бир хабарни етказамиз: ҳар бир инсон, жинсидан қатъи назар, исталган соҳада ўз ҳиссасини қўша олади.

Бу эса янги ғоялар, янги қарашлар ва янада бой инновациялар пайдо бўлишига хизмат қилади.

– Бугунги ўзбек қизи учун муваффақиятли технологик тадбиркор ва оиланинг таянчи бўлиш ўртасидаги мувозанатни топиш сири нимада? Сиз бу икки масъулиятни қандай бирлаштирасиз?

– Мен учун оила энг катта таянч ва илҳом манбаи. Оила-аъзоларим мени қўллаб-қувватлайди ва ўз салоҳиятимни рўёбга чиқаришимга ишонч бағишлайди.

Балки мен бутун дунёни ўзгартира олмасман, лекин айрим инсонлар ҳаётини енгилроқ ва мазмунлироқ қилишим мумкин. Шу билан бирга, сайёрамизга ғамхўрлик қилиш ҳам мен учун муҳим қадрият. Севган ишим билан шуғулланар эканман, оилам ҳам доимо ёнимда ва ана шу ҳолат – ҳақиқий мувозанатдир.

Барно Султонова суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг