Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Рост бўламиз, қозижон! Дўст бўламиз, қозижон!..» (фельетон)

«Рост бўламиз, қозижон! Дўст бўламиз, қозижон!..» (фельетон)

Фото: «Xabar.uz»

Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди раиси фаолиятидан ғирт тескари лавҳа

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар баланд пардаларда ёзилаётган мақола-хабарлар ёки телелавҳалардагина ўз ифодасини топаётгани йўқ. Ўзгаришлар айрим судьялар фаолиятида ҳам яққол намоён бўлмоқдаки, бундан наинки оддий одамлар, ҳатто тизимда сочи оқарган анча-мунча мутахассислар ҳам ҳайратдан қотмоқдалар. Бу борада фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туман суди раиси М.Имомов салкам намуна бўлаётганини эътироф этмасак, тарих бизни кечирмайди.

Муҳтарам Президентимиз соҳа ходимларини йиғиб, тизимда яхшигина илдиз отган коррупция, айрим судьяларнинг маънавий-ахлоқий аҳволи, айниқса, профессионал лаёқати ва ҳалоллигини аёвсиз танқид қилиб, «суд биносига кирган одам давлатга дўст бўлиб чиқиши керак», деганидан сўнг қаҳрамонимиз олдига тамоман янги мақсад қўйди: ҳузуримга келганки кас дўстимга айлансин! Зеро, раҳматли шоир айтмишким: «Дўст билан обод уйинг, гар бўлса у вайрона ҳам».

Бегоналарни дўст қилмоқ қасдида «меҳр уйин эшигин» ла-анг очиб қўйган ғаройиб кунларининг бирида Азамат Гайбназаров деган фуқародан даъво-ариза тушди. Даъво билан танишгач, қаҳрамонимизнинг кўзларига чирт ёш келган бўлса, не ажаб?! Шўрлик даъвогар суд остонасига бош уриб келгунча ички ишлар идораларида озмунча сарғаймаган экан. Ёзғиришича, И.Хаитов ва Д.Смиров деган фуқаролар ундан жуда катта миқдорда қарз олиб, пулни қайтармай қулоғига лағмон осиб юришганмиш. Бечора уларнинг «фирибгар» эканини исботлайман, деб она сути оғзига келибди. Бироқ важлари тасдиқланса, қани?!

Шунга қарамай ёзаверибди, ёзаверибди... Орада жиноят иши очилиб, Хайитов ҳам, Смирнов ҳам ҳисбга олинибди ҳатто. Бироқ барибир «дело» судгача етиб бормабди: терговчилар минг ҳаракат қилишмасин, жиноят аломатлари топилмабди-да?! Юнусобод тумани ИИБсидан тортиб, пойтахт, ҳатто Тошкент вилояти ИИБ терговчилари «иш»нинг ижиғ-бижиғини чиқарибди, натижа ўша-ўша: И.Хаитов ва Д.Смирновларнинг айби йўқ, вассалом.

Ички ишлардан хафсаласи пир бўлган инсон суд остонасида иккиланиб турмоғи тайин: иши ўхшармикан? Шу-унча терговда исботини топмаган шу-унча важларини судда қандоқ исботласин?! Устига устак, фуқаролик судидаги тартиб бошқачароқ: ИИБга ариза берсанг, дарҳол ишга тушишади. Фуқаролик судида эса давлат божи деган даҳмаза бор. Даъво-ариза суд иш юритувига олиши учун А.Гайбназаров ўзи даъво қилаётган отнинг... йўқ, филнинг калласидек суммадан келиб чиқиб, давлат божи тўлаши керак: миқдори яп-янги «Спарк» баҳосидан кам эмас!.. Акс ҳолда, даъво-ариза чиққан... узр, келган жойига қайтариб юборилади.

Даъвогар судга Тошкент шаҳар Юнусобод тумани «Отчопар 1» маҳалла фуқаролари йиғинидан ҳужжат келтирганди: унда А.Гайбназаров гўёки шу маҳалланинг О.Зокиров кўчаси 10-хонадонида хотини Л.Исақова ва уч нафар фарзанди билан рўйхатда туришию ҳеч қаерда ишламаслиги зикр этилганди. Бу ҳужжатни кўриб, суд раисининг кўнгли баттар бузилган бўлса, эҳтимол: ваҳ, шўрликкинам, ростнам оғир аҳволда экансан-ку?! Кўп сиқилма, қонунларимиз ўта инсонпарвар — бечораларга енгиллик бериб қўйган, сени ўша енгилликка ««илинтиришим» учун менга маҳалланинг шу бир парча қоғози-ю бир миллион сўм тўлаганинг — кифоя...

Оддий фуқарони дўст қилмоқ учун судьянинг шугина ҳаракати етарли эмасми?! Аслида, фуқаронинг ҳеч қаерда ишламаслиги — божни кечиктиришга имтиёз бермайди, қонунга кўра, эътибор унинг мулкий аҳволига қаратилади. Шунга қарамай МФЙнинг бир парча маълумотномасига асосан битта машина нархига баробар давлат божи миқдорини ўрнига иккита ғилдиракка етмайдиган даражада тўланган пулга қаноат қилиб, даъвогарга катта имконият яратиб берган суд раиси журъатига қойилмисиз? Бундай таваккалга қўл урган мансабдор умрбод «текин билан таъминланиш» имтиёзига лойиқ эмасми?!

Бироқ жавобгарлар анойи эмас экан. «Бир» деганда «Отчопар 1» МФЙ томонидан берилган маълумотнома сохталигини исботлаб беришди. Ошкор бўлдики, суд ажримида ёзилганидек, А.Гайбназаровнинг «оилавий шароити оғир»лиги шунчаки сафсата бўлиб, у «Каптива»ни варанглатиб юрган бойвучча экан?! Бундан воқиф бўлганлар ҳайрон: иби, «Каптива» соҳиби «шароити оғир» дейилса, «Ласетти» эгалари гадой ҳисобланар экан-да, а?! Велосипеди борлар-чи? Уларнинг «мақоми» Африка жунглиларда липпасига ёнғоқ барги тақиб юрганлар билан баробарми?..

Бундай далил олдида унча-мунча валломат ожиз қолиши тайин. Бироқ суд раиси даъвогарга вазиятдан чиқиб кетиш йўлини топиб берди: жавобгарнинг 19.02.2018 й. кунги судда» даъвогарнинг давлат рақами 01U568UA бўлан «Шевроле Каптива» машинасига тақиқ солиш» ҳақидаги аризасини «кейинги суд мажлисида кўрамиз», дея нари сурди. Ўн кундан кейинги ўтган кейинги суд мажлисида, дарҳақиқат, «Каптива»га тақиқ қўйиш ҳақида ажрим чиқарилди. Бироқ ажрим чиқишидан беш кун аввал даъвогар машинасини сотиб юборишга улгурганди...

Суднинг бу ҳужжати бир қарашда «ҳайитдан кейинги хина»га ўхшаши мумкин, бироқ биз уни «судьянинг ўз аҳдида содиқлиги йўлида ташлаган мардонавор қадами», дея эътироф этамиз?! Зеро, такрор айтамиз, унча-мунча судья бундай таваккалга журъат этмоғи душвор. Бунақа журъат қуввати қандай омилларга тақалиши эса катта илмий ишга мавзусидир! Ахир судга сохта маълумот тақдим этган кимсанинг ҳеч йўғи «бурнига чертиб» қўйиш ўрнига вазиятдан осонлик билан чиқиб кетиш имкониятини тақдим этишнинг ўзи бўладими?! Судьянинг бу меҳрибонлиги жавобсиз қолмади, албатта: А.Гаибназаров «Каптива»ни эсон-омон сотиб олгач, бож тариқасида 10 миллион сўм тўлаб, дўст-душманнинг олдида суд раисининг «юзини ёруғ қилиб» қўйди гўё... Бу сумма тўланиши лозим бўлган давлат божи миқдорининг олтидан бирича эмасдики, шунга қарамай суд келган жойидан давом этаверди...

Дарвоқе, «Отчопар 1» МФЙнинг юқоридаги сохта маълумотномаси даъворгарнинг яна битта сирини фош қилган эди. Гап шундаки, А.Гайбназаров турмуш ўртоғи Л.Исақова билан ажрашиб, бошқа аёл билан қонуний яшаётгани айрим ҳужжатларда зарб этилган. Сохта маълумотномада эса унинг умр йўлдоши сифатида ўша — «қонуний ажрашган хотини» исми-шарифи кўрсатилганди. Маълумотнома сохта экани фош бўлгач, мутасаддилар «уни (маълумотномани) А.Гайбназаровнинг ўз сўзидан» келиб чиқиб ёзиб берилганини ошкора тан оладилар... Инкор этиб бўлмас бу ҳолат Азамат ҳозирда гўёки «қонуний яшаб келаётган хотини» билан прописка учунгина «ЗАГС»дан ўтгани ҳақидаги гап-сўзлар рост эканини мантиқан тасдиқлайди... Бунинг фуқаролик ишига даҳли йўқ, тўғри. Бу ўринда гап бошқа ёқда: ҳуқуқ органларига сохта маълумотлар тақдим этиб, давлатни такрор-такрор алдашга уринган одамни жавобгарлик масаласини ҳал этиш ўрнига яна «давлатга дўст» қилмоққа уриниши қаҳрамонимизда оқибат-у журъат аталмиш фазилатлардан мўл-кўл эканини яна бир карра кўрсатмаяптими? Боз кўрдик: даъвогарнинг даъво-аризаси «айланма йўллар орқали» суд иш юритувга қабул қилинишининг ўзи тарих! Тарих эса ўз қаҳрамонларини унутмағай?!.

Сирасини айтганда, орқага йўл қолмаган эди: даъворгарнинг «бечораҳол» экани фош бўлгунча бир неча марта суд мажлиси ўтказилган, бу жараёнда суд раиси даъвони таъминлаш учун жавобгарларнинг қўлга илинганки мулкига тақиқ солиб улгурган эди. Давлат божи тўланиши билан боғлиқ «ўйинлар» «тагига олиб кетса», суд раисининг «тоат-ибодати» ҳавога учмайдими?.

Суд қўйган тақиқ Бухородаги «OZPROMTEK-BUXORO» шўъба корхонасини ҳам четлаб ўтмаганди. Олис Бухородаги мазкур шўъба корхонасининг бу ғавғоларга не алоқаси бор, дерсиз? Мундоқ қараганда — ҳеч қандай. «OZPROMTEK-BUXORO» — «Уз Пром Тек» деган МЧЖнинг шўъба корхонаси ҳисобланади. МЧЖнинг 75 фоиз улушига жавобгарлардан бири — И.Хаитов эгалик қилади, корхона «бандига айлангани»нинг сабаби шунда. Ваҳоланки, шўъба корхона — алоҳида юридик шахс бўлиб, Низомида: «...таъсисчи мажбуриятлари бўйича жавобгар эмаслиги» аниқ-тиниқ ёзиб қўйилибди. Майли, бу борада ортиқча баҳслашмайлик. Фақат суд раиси жавобгар таъсисчилигида ташкил этилган юридик шахсга ундаги улуши миқдорича эмас, «кўтарасига» банд солворганини таъкид этмасак, ул зоти бобаракотнинг салоҳиятини тўла ифода этмаган бўламиз. Рост, бу жараёнда мазкур юридик шахснинг бошқа таъсисчиси ҳуқуқлари эзғилангани эҳтимоли бордай. Аммо унутмангким, «дўстлик», «оқибат», «аҳдга вафо» деган тушунчалар маълум қурбонликлар талаб этади. Бундай қурбонликлар ўзганинг бурнини қонатиш эвазига бўлса, нима қипти? Ахир, мақсад — бир, манзил — муштарак. Мазкур ажрим гултожиси шундаки, солинган банд «OZPROMTEK-BUXORO» ШКнинг иш ҳақи ва мажбурий тўловларни амалга оширишига монелик қилмайди. Лекин шунинг ўзиям шўъба корхона ишчиларини нақ пичоқсиз сўйишга етиб ортди: коммунал тўловларни амалга ошириш имкониятидан маҳрум корхона фаолият кўрсатиши мумкинми? Албатта, йўқ: қарабсизки, ҳали суд ярмига етмаёқ 15 нафар ишчининг тенг ярми тайёр иш жойидан мосуво бўлди. Ҳадемай навбат бошқаларига ҳам етиб келади... Энди айтинг: юрт раҳбари «иккита иш ўрни яратган одамни бошда кўтариб юришга тайёрлигини» очиқ айтаётган бугунги кунда баҳсли асос ва очиқдан очиқ хайрихоҳлик эвазига ажримлар чиқариб, шу-унча одамнинг кўчада қолишига сабабчи бўлиш учун инсон қанчалар ботир-у мард-у майдон бўлиши керак?!

Эндиям суд раисининг «судга кирган одамни давлатга дўст қилиш»дек ниятига шубҳа қиласизми?

Эндиям «сохта ҳужжатлар билан давлатни алдашга уринган одам дўст бўлармиди?!» деган шубҳаю иштибоҳ борми сизда?

Эндиям судьялар турли босимлардан ҳоли ва холис экани хусусидаги гаплардан энсангиз қотяптими?

Эндиям Президентимизнинг судлардаги бу каби иллатлар вабога айлангани хусусидаги куйиб-пишиб айтган гапларига ишонасизми?

 ...Ҳозирча ушбу фуқаролик иши юзасидан чиқарилган иккитагина ажрим ҳақида сўз юритдик, «иш» бўйича қабул қилинган хол... узр, ҳал қилув қарори турибди.

Бу энди кейинги мақоламиз мавзуси. Ё, насиб!..

Турсунали Акбаров, журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг