Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Русланбек Давлетов: «Нотариал идораларда ўтказилаётган рейдларда нотариусларнинг ишга сурункали равишда кеч келиши маълум бўлмоқда»

Русланбек Давлетов: «Нотариал идораларда ўтказилаётган рейдларда нотариусларнинг ишга сурункали равишда кеч келиши маълум бўлмоқда»

Кадр: «YouTube»

Нотариал идораларда ўтказилаётган рейдларда нотариусларнинг ишга сурункали равишда кеч келиши маълум бўлмоқда. Бу фуқароларнинг узоқ кутиб қолиши, иши вақтида битмаслигига ва табиийки, норозилигига сабаб бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов адлия идораларининг 2017 йилда амалга оширган ишлари сарҳисоби ва келгусида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифаларига бағишланган кенгайтирилган ҳайъат мажлисида бу ҳақда маълум қилди.

Вазирнинг маълум қилишича, нотариат аҳолидан энг кўп эътироз тушаётган соҳа бўлиб қолмоқда. Фуқаролар билан ишлашда ҳанузгача қўпол муомалада бўлиш, уларни сарсон қилиш, кўрсатилган хизматлар учун ортиқча пул маблағларининг ундирилиши ҳолатлари учраяптики, бу билан мутлақо муроса қилиб бўлмайди. Ана шундай камчиликларга йўл қўйгани учун 229 нафар нотариат ходимига нисбатан кескин чоралар кўрилган. Айримлари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Айрим адлия органларида нотарус ахборот тизимлари талаб даражасида юритилмаган. Тақиқ олиб ташланган ҳолатлар тизимга вақтида киритилмаган. Бу фуқароларнинг мулкини эркин тасарруф этишига тўсқинлик қилади.

«Мамлакатимизда бугунги кунда 704 нотариус фаолият юритмоқда. Уларнинг ҳаммаси ҳам ўзи ишини ўз вақтида виждонан адо этяптими? — деган саволни ўртага ташлаган Русланбек Давлетов. — Тўғри, ўз ишини пухта биладиган, вазифасига виждонан ёндошиб, фидокорона хизмат қиладиган нотариуслар кўпчиликни ташкил этади. Нотариусларнинг маҳаллаларда фуқароларни қабул қилиши ва нотариал ҳаракатларни ўша жойнинг ўзида бажариш тизими йўлга қўйилгани натижасида 5 мингдан ортиқ нотариал ҳаракатлар амалга оширилди.

Бироқ уларнинг айримлари ўзлари учун қоидалар яратиб, ихтисослашиб олган. Бири фақат мерос, яна бири фақат гаров билан боғлиқ ҳаракатларни расмийлаштирган. Кўпчилиги ипотека кредитига оид шартномани тасдиқлашни асоссиз равишда рад этмоқда. Аммо бунга уларнинг мутлақо ҳаққи йўқ. Нотариус давлат нотариал идорасига келган фуқарога бир хил ёндошув асосида бир хил хизмат кўрсатиши керак.

Йиғилишда юқоридаги каби қонунга зид ҳаракатлари туфайли Тошкент шаҳрида кейинги 4 ойда 26 нотарус интизомий жавобгарликка тортилгани, 3 нафари ишдан бўшатилгани маълум қилинди. «Фуқароларга хизмат кўрсатишни рад этадиган, уларни хафа қиладиган нотариусдан кўра ўша жой вакант бўлгани маъқул», дея таъкидлади вазир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг