Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

«Сен етим эмассан» фильмида онасини кўриш учун югурган қизча эсингиздами?

«Сен етим эмассан» фильмида онасини кўриш учун югурган қизча эсингиздами?

Дзидранинг кўзларидаги мунг ҳамманинг ёдида...

Фото: Архив суратларидан.

Жажжи актрисанинг ҳаёти ҳақида нималар биламиз?

«Сен етим эмассан» фильмида кинотеатрдаги томошани ташлаб, онасини кўриш учун югурган қизча эсингиздами? Уни олиб кетишга келган аёл адашганини айтиб, ортига қайтади. Бу Дзидрага қаттиқ алам қилади. Оқибатда аччиқ гаплари билан асраб олган онасини ранжитади. Таваллуд кунида эса қадрдонларидан совғалар, меҳр-муҳаббат олиб, бениҳоя шод бўлади. Қуйида ана шу Дзидра роли ижрочиси Лариса Луппиан ҳаёти ва фаолияти хусусида ўқийсиз...

Тошкент, Чирчиқ, Тошкент

Лариса Регинальдовна Луппиан 1953 йил 26 январда Тошкентда туғилган. Бобоси Тошкентдаги ҳарбий билим юртида ўқитувчилик қилган, бувиси генерал хонадонида болалар тарбиячиси эди. Отаси Регинальд Эдуардовичнинг келиб чиқиши баронлардан, тарихи эса Екатерина II замонида Россияга кириб келган немисларга бориб тақалади. Онаси Ольга Николевна ярим рус, ярим поляк бўлиб, тиббиёт институтига ҳужжат топшириб, Тошкентда яшай бошлаган эди.

Лариса етти ёшга тўлганида ота-онаси ажрашиб кетишди. Онаси қизи билан Чирчиққа кўчиб ўтди. Неварасини ўз тарбиясига олган миллати эстон бўлган бувиси унга немисчани ўргатишга интилди. Лариса болалар боғчасига қатнай бошлади. У тадбирларда иштирок этарди, ҳатто қорқиз ролини ижро этишга ҳам улгурди.

Маълум вақтдан сўнг Ларисанинг ота-онаси ярашишди ва қизалоқ оиласи бағрида Тошкентда истиқомат қиладиган бўлди. У кинодаги биринчи ролини режиссёр Шуҳрат Аббосовнинг «Сен етим эмассан» фильмида ўйнади. Тошкент киностудияси томонидан суратга олинган мазкур картинада роль ижро этганида Лариса иккинчи синфда ўқир эди.

Мактабни тугатган Лариса Ленинград театр, мусиқа ва кино институтига ўқишга кирди. 1974 йили мазкур олий ўқув юртининг Игорь Владимиров курсини тамомлади. Ленсовет театрига ишга қабул қилинди. У талабаликдаёқ саҳнага чиқа бошлаганди. Кейин кинода ҳам роллар ижро этди. 1978 йили «Кечиккан учрашув» фильмида илк бор бош ролда намоён бўлди. Аммо Луппиан кинода кам роллар ўйнади. Айниқса, 1980 – 1990 йилларда экранда деярли кўринмади. 2000 йилдан эътиборан телесериалларда иккинчи даражали роллари билан пайдо бўлди.

Боярский билан...

Лариса Луппиан машҳур актёр Михаил Боярский билан турмуш қурган. Улар бир институтда, аммо бошқа-бошқа курсларда таҳсил олишган. Ленсовет театрида ҳамкасб бўлишди. Қиз Михаилга зимдан эътибор бериб қаради. У қувноқ, ёқимли, бир зумда ҳар қандай давранинг гулига айланадиган инсон эканлигига амин бўлди. Михаилга эса қиз шу даражада бечора, заиф кўриндики (актрисанинг бўйи 160 см), дарҳол ўз ҳимоясига олиш истаги туғилди. Шундай қилди ҳам.

Уларнинг тўйи 1977 йилнинг 8 июлида бўлиб ўтган. 1980 йилда уларнинг оиласида Сергей туғилди. Гарчанд келгусида у иқтисод йўналишини танлаган бўлса-да, шеър ва қўшиқлар ёзиб туради. 1985 йили эса Елизавета дунёга келди ва машҳур актриса бўлиб етишди.

Боярский билан никоҳи даврида Лариса Луппиан жиддий муаммоларга ҳам тўқнаш келган. «Д’Артанян ва уч мушкетёр» фильмидан сўнг Михаил Боярский спиртли ичимликларга ружу қўйди. Лариса эрини йўлдан қайтариш учун кўп ҳаракат қилди, бироқ изтиробларнинг адоғи кўринмагач, ажрашиш учун судга ариза берди. Боярский оғир панкреатит билан шифохонага тушди ва, ўзининг айтишича, оиласини йўқотаётганини англади ва эс-ҳушини йиғиб олди. Эр-хотин ярашдилар. 2009 йили Луппиан ва Боярский қайтадан никоҳдан ўтишди. Бугун актриса оммавий кечалардан ўзини олиб қочади, бахт сокинликни хуш кўради.

Бугунги кунда Лариса Луппиан янги фильмларда суратга тушмаётган бўлса-да, театрнинг ардоқли актрисаси ҳисобланади. 2018 йили у Ленсоветнинг «Айбсиз айбдорлар» спектаклида роль ижро этиб, саҳнага чиқди. Луппиан маълум вақт «Театр дурбини» кўрсатувига муаллиф ва бошловчилик ҳам қилган.

Оғир тушкунлик, ҳасад-гина ва болалар тарбияси

 (Актриса билан интервьюдан)

Лариса Луппиан: – Мен институтни тамомлаб, «Ленсовет» труппасида ишлай бошлагач, кўкка парвоз қилдим дейиш мумкин: бир ойда 40 та спектаклда роллар ижро этдим. Қолаверса, биз театримиз актёрлари билан ҳар ҳафтада ўша пайтнинг машҳур телеспектаклларида ўйнар эдик.

Алексей Баталов билан «Кечиккан учрашув» фильмида бош ролни ўйнаш асносида, энди режиссёрлар мени таклифларга кўмиб ташлайди, деб ўйлагандим. Бироқ... кутилмаганда танаффус қилишимга тўғри келди. Ёшим 26 да, куч-қувват, умид, ишончга лиммо-лим тўлган эдим, аммо... телефон жирингламас, жимжит эди.

Устозим Игорь Владимиров ҳам менга мутлақо эътибор бермай қўйди: олти йил мобайнида янги роль кўрмадим! Сабабини кейин англаб етдим: Владимиров «Уч мушкетёр» фильмидан сўнг мегаюлдузга айланган эрим Боярскийнинг муваффақиятига ҳасад қилган эди. Машҳур актёрнинг рафиқасига роль бермай таскин топарди у. Мишанинг муаммоларим билан шуғулланишга вақти йўқ, боши билан ишга шўнғиган эди.

Мен театрдан кетдим. Ишсиз қолдим. Қаттиқ сиқилганим оқибатида тушунарсиз касалликка йўлиқдим. Тана ҳароратим ҳар куни – 37,3°С. Врачлар елкасини қисади. Невропатолог ҳаётимда нималар бўлганини сўрай бошлади. Мен йиғлаб юбордим. «Мана бўлди... Сиз сабабини тан олдингиз, энди тузаласиз», – деди у. Худди шундай бўлди.

Орадан уч йил ўтиб, Владимиров мени театрга қайтарди. Лена Соловей театрдан кетгач, Лариса Луппианни эслаб қолган эди. Яна роллар ижро эта бошладим. Бироқ менинг актёрлик ҳаётим ўзим истагандек бўлмади. Бизнинг касбда кўп нарса ҳодисалардан келиб чиқади. Масалан, телевидениеда тез-тез кўриниб туриш керак, мен эса буни тушунмаганман.

Миша билан никоҳимиздан сўнг тўй саёҳатимиз ҳам бўлмаган. Боярский кинода суратга тушишни давом эттирди, мен эса дам олиш учун Тошкентга йўл олдим. Эримни рашк қилмас, унга ишонардим.

Боярский ичкиликка ружу қўйгач, шифокорларга ялиндим: «Эримга айтинглар, ичиши мумкин эмаслигини тушунтиринглар, ахир!» Улар ваъда беришар, бироқ Мишанинг олдига киргач... «Оҳ, Михаил Сергеевич! Сизни кўрганимиздан беҳад хурсандмиз! Эллик грамм олсангиз, ҳеч нарса қилмайди».

Эркак ичишни ташлашга ўзи қарор қилмаса, ҳаммаси бефойда. Миша кучли бўлиб чиқди.

Бугун эрим иккимиз буви ва бува ролларини ўйнаяпмиз. Аммо Лиза учун ташвишдаман. Ишга берилиб кетиб, оналик бахтидан мосуво бўлмасин, дейман. Болалар кичкиналигида бу бахт нақадар завқли! Вояга етишдими, уларнинг ўз ҳаёти бўлади. Шу боис қизимга уйда кўпроқ бўлиши кераклигини тайинлайман. Лиза Максим билан бахтли турмуш кечирмоқда. Улар бахтли ота-она, бир-бирига муносиб жуфтлик.

Лариса Луппиан фильмографияси

1962 – «Сен етим эмассан» – Дзидра.

1973 – «Алиса Фрейндлих. Сайланма» (ҳужжатли фильм)

1974 – «Беш дақиқа қолди» (фильм-спектакль)

1975 – «Троил ва Крессида» (фильм-спектакль)

1977 – «Июндаги ортиқча кун» (фильм-спектакль) – Мелисента.

1978 – «Кечиккан учрашув» – Наташа Проскурова, ленинградлик ёш актриса.

1982 – «Рудин» (фильм-спектакль) – Александра Павловна Липина

1982 – «Монт-Ориоль» (фильм-спектакль) – Шарлотта Ориоль

1984 – «Мимоза ва бошқа гуллар дастаси» – Алёна, Диманинг рафиқаси.

1987 – «Менинг жанговар ҳисоб-китобим» – шифохонадаги бемор.

1992 – ««Мушкетёрлар орадан йигирма йил ўтгач» – монах аёл.

1994 – «Кар (очилмайдиган жиноий иш)» – Катя.

1998 – «Юз» (фильм-спектакль)

1999 – «Олдиндан тўлайман» – Полина Сергеевна Аметистова, хотин, актриса.

2002 – «Фонуслари синдирилган кўчалар-4», Валериянинг онаси.

2002 – «Интим ҳаёт» (фильм-спектакль) – Аманда.

2003 – «Фредерик ёхуд жиноятлар хиёбони» (фильм-спектакль)

2003 – «Истак-хоҳишлар трамвайи" (фильм-спектакль) – Бланш Дюбуа.

2004 – «Фонуслари синдирилган кўчалар-6» – Ирина Петровна Зеленина, депутат.

2004 – «Тергов сирлари-4» – Полянская.

2004 – «Ўзимнинг ёт ҳаётим».

2005 – «Эшелон» – пани Зборовска.

2007 – «Ҳар донишмандга оддийлик етарли» (фильм-спектакль) – Софья Игнатьевна Турусина.

2007 – «Тақдир ҳазили. Давоми» – аэропорт ходимаси.

2007 – «Тозилар» – Наталья Сергеевна Чулкова, терговчи.

2008 – «Night and day» (фильм-спектакль) – Жанна, Макснинг собиқ хотини.

2008 – «Мушкетёрларнинг Россиядаги фавқулодда саргузаштлари» (ҳужжатли фильм).

2008 – «Маданий қатлам. Актёр Леонид Дьячков» (ҳужжатли фильм).

2009 – 2010 – «Сўз аёлга» – Наталья Ананьева.

2009 – «Офарин, Лауренсия!» 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг