Ўтган бир йилдаги уй олди-сотдиларининг 30 фоизи пойтахтга тўғри келади
2025 йил якунлари бўйича республикада уй-жой олди-сотди шартномалари сони 295 мингтани ташкил этиб, 15 фоиздан зиёд ўсди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг 2025 йил якунлари бўйича Ўзбекистон кўчмас мулк бозори динамикасига оид янгиланган таҳлилида сўз боради.
Қайд этилишича, йил давомида фаолликнинг энг сезиларли ўсиши Бухоро (25,7 фоиз), Сирдарё (23,3 фоиз) ва Самарқанд (19,7 фоиз) вилоятларида кузатилди.
2025 йилда республика бўйича уй-жой олди-сотди битимларининг тахминан 30 фоизи пойтахт бозори ҳиссасига тўғри келди. Тошкент шаҳрида савдо ҳажми 18,2 фоизга ошиб, тахминан 84 минг битимни ташкил этди.
Кўчмас мулк иккиламчи бозорида эса нархлар динамикасининг мўътадил тезлашиши кузатилди. Республика бўйича иккиламчи уй-жой бозорида нархларнинг ўсиши ўртача 8 фоизни ташкил этди, 2024 йилда эса ушбу кўрсаткич 6,2 фоиз даражасида бўлган эди.
Йил давомида нархларнинг энг юқори ўсиш суръатлари Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилиб, ушбу ҳудудларда уй-жой нархининг ўртача йиллик ўсиши тахминан 17 фоиз ни ташкил этди.
Йил якунига кўра, иккиламчи уй-жой учун энг юқори нархлар пойтахтда сақланиб қолди. Шунингдек, нисбатан юқори нархлар Самарқанд вилоятида — бир квадрат метр учун 834 доллар, Тошкент вилоятида эса — бир квадрат метр учун 682 долларни ташкил этди.
Уй-жой учун энг паст нархлар Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилди — бир квадрат метр учун 378 доллар. Шунингдек, нисбатан паст нарх даражаси Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларида кузатилиб, у ерда бир квадрат метрнинг ўртача қиймати тахминан 454 долларни ташкил этди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter