Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Эслайсизми, зулфиячилардан аввал турсунойчилар бор эди?

Эслайсизми, зулфиячилардан аввал турсунойчилар бор эди?

Турсуной Охунова деган қаҳрамон аёл бўлганини эслатиб ўтмоқчимиз. Тарихни унутишга ҳаққимиз йўқ.

Фото: «wcu.uz»

Ўтган асрнинг 90-йилларда Ўзбекистон радиосига ишга келдим. Кўп ўтмай менга «Қатағон қурбонлари» деган эшиттириш тайёрлаш топширилди. Режага кўра нафақат 1930-йиллар, балки 1980-йиллар қатағонлари ҳақида ҳам эшиттириш тайёрлашим керак эди. Шу жумладан, Турсуной Охунова ва унинг қизи Ҳилола ҳақида. Ўшанда Чиноз тумани ҳокимиятидагилар Ҳилоланинг бошқа туманга кўчиб кетганини айтишиб, масалага нуқта қўйишган эди. Бугун билсам, ўшанда ҳокимиятдагилар ёлғон айтишган экан. Эзгуликнинг эрта-кечи йўқ деганларидек, орадан 22 йил ўтиб Ҳилола билан суҳбатлашиш имкони туғилди.

1981 йилнинг февраль ойида Москвада КПССнинг навбатдаги 26-съезди бўлади. Одатга кўра Бош котибнинг маърузаси тингланади ва маъруза юзасидан чиқишлар бўлади. Аммо бу анжуман аввалгиларидан бир жиҳати билан фарқ қилади. Съезд делегатларини октябрят ва пионерлар табриклайди. Улар орасида ўзбек қизи Ҳилола ҳам бор эди. У 5 дақиқа гапиради. Унинг «мен ҳам онамга ўхшаб механизатор бўламан» деган сўзлари беш минг кишилик зални оёққа турғизади. Ҳилола икки марта Социалистик меҳнат қаҳрамони, биринчи ўзбек механизатор аёли бўлмиш Турсуной Охунованинг 11 ёшли қизи эди.

«Кремлнинг Съездлар саройини титратган қизнинг кейинги тақдири нима бўлди?» деган савол мени қизиқтириб келарди. Ҳилола билан учрашиб, суҳбатлашишга қарор қилдим. Суҳбат самимий бўлди. Ҳилоланинг ўта маънавиятли, маданиятли экани менга ёқди.

Келинг, суҳбатимизни сизни машҳур қилган анжумандан бошласак. Кремлда қандай пайдо бўлдингиз?

— Аслида съездга бир ой тайёргарлик кўрганмиз. Ҳар бир пионер ва октябрят устида тинимсиз иш олиб борилган. Чиқишимиз тугаб, саҳна ортига ўтганимизда делегатлар учун банкет тайёрлаб қўйишган эди. Бизни ҳам таклиф қилишди.

Мактаб қандай кутиб олди? Юлдузлик касалига чалинмадингизми?

— Оиламизда тарбия яхши берилган. Ҳеч қачон Турсуной Охунованинг қизиман деб мақтанмаганман.

27-ўрта мактабда ўқирдим. 700-800 талаб хат келарди. Ҳаммасига ҳам жавоб ёзмасдим. Отрядимиз вожатий(етакчи)лари ёрдам берарди. Ҳар куни бўладиган линейка(мактаб ҳовлисида бўладиган мажлис)да ўқиб беришарди. Жон қулоқлари билан тинглашарди.

Ўқишларим яхши эди. Рақсга қизиқардим. Раққосаларнинг ҳаммасини танирдим.

Отам Султон Шерматов колхоз раиси эди. Уйга келиб газета ўқиб, кейин овқатланишга ўтирарди. Асосан «Время» ва «Ахборот» кўриларди. Тунги 10 да яна далага кетарди. Иш тартиби ҳар куни бир хил эди. Ҳалол ишлаган. Кўпинча иш жойида овқатланарди.

Турсуной Охунованинг музейи бўларди. Ҳозир ҳам борми?

— Йўқ, музей кейинчалик йўқ қилинди. Кимга керак бўлди экан? Музей экспонатлари омборга олиб борилди. Музей биноси ҳозир қишлоқ фуқаролар йиғини биноси бўлган.

Жисмоний тарбия ўқитувчимиз Усмон ака кейинчалик мактабга директор бўлди. Ўша кишидан миннатдорман. Музейни сақлаб қолишга анча уринди. Ҳар байрамда, онамнинг туғилган ва вафот этган кунларида бюст пойига гул қўйдирар эди.

Интернетдаги маълумотларга қараганда Турсуной Охунованинг Дилфуза исмли қизи бор. Аммо Ҳилола ҳақида маълумот берилмаган.

— Бунинг ўзига яраша тарихи бор. Менинг исмимни Шароф Рашидов қўйган экан. Туғилганимга 40 кун бўлганида Шароф Рашидов (онам Шароф Рашидовни «ота» дер эди) шийпонга келади. Онам мени ҳам далага олиб чиққан экан. Асли исмим Дилфуза. Шароф Рашидов мени кўтарибди-да, исмимни сўрабди. «Дилфуза» деган жавобни эшитгач, «Ҳилола бўлсин» дебди. Шу-шу исмим Ҳилолага айланган. Ҳужжатда Дилфузалигимча қолганман. 16 ёшимда Дилфуза Шерматова исм-фамилияси билан паспорт олдим. 2007 йилда паспорт алмаштирганимда исмимни Ҳилола, фамилиямни онамнинг ҳурмати учун Охунова деб ўзгартирдим.

Давр фарзанди бўлмиш Турсуной Охунова 22 ёшида Социалистик меҳнат қаҳрамони унвонини олган. Аслида Ленин ордени берилиши ҳақида фармон чиқади. Орадан бир неча кун ўтиб, бу фармон бекор қилинади ва «Социалистик меҳнат қаҳрамони» унвонини бериш тўғрисида янги фармон чиқади. 1978 йилда эса иккинча марта қаҳрамон бўлади. Саволим оғир ботса аввалдан узр — онангизнинг сўнгги кунлари ҳақида нималар дея оласиз? У кунларни эслаш албатта оғир.

— 1983 йилда онамнинг аҳволи кутилмаганда оғирлашиб қолди. Шароф Рашидовнинг саъй-ҳаракатлари билан махсус самолётда онамни Москвага, ҳукумат шифохонасига юборишди. Мени чақириб олдилар. Онам мени яхши кўрарди. Онам 3 ой Москвада даволанди. Кейинчалик бир нарсани билган бўлишса керак, шифокорлар онамга рухсат беришди.

«Мен онамни яхши кўрардим. Тракторларини ҳам яхши кўрардим...»

Онамнинг касалликларини жуда кеч билдик. Олдинроқ билганимизда онамни сақлаб қолармидик?!.

Онамда касаллик соатлаб тракторда, мажлисларда ўтиришлари туфайли пайдо бўлган. Онам кеча-ю кундуз, юрагининг тагида жажжи юракчалар пайдо бўлганда ҳам, қўлида ёш болалар бўлганда ҳам далада меҳнат қилган. Ҳалол ишлаган, бировнинг ҳақига кўз олайтирмаган. Мен шундай инсоннинг фарзанди бўлганимдан фахрланаман.

Онамнинг «мендан кейин сенга ким қарайди?» деган гапи ҳамон қулоқларим остида. Ахир мен ўшанда атиги 13 ёшда эдим. Ҳозир онам ёшида — 46 даман. Онамни йўқотиш мен учун қийин бўлган.

Онам тарбияда қаттиққўл эди. Биз фарзандлар онам билан меҳмонга борсак дастурхонга асло қўл узатмаганмиз. Ҳафтасига ўша замон пули бўйича бир сўм берарди. Клубга ҳиндча кино келса навбатда туриб чипта олардик. Колхоз раисининг, Турсуной Охунованинг фарзандимиз дея ҳеч қачон мақтанмаганмиз. Ёлғонни ёмон кўрар эди.

Маҳалла ва бригада хотин-қизлари билан иноқ эди. Улар тайёрлаган ҳар қандай таомни, ҳатто аччиқ-чучукни ҳам бугун бошқача бўлибди деб мақтаб-мақтаб тановул қиларди.

Дала шийпонида барча шароитлар яратилган эди. Болалар боғчасидан тортиб тиббий пунктгача бор эди. Ҳамшира ишларди. Одамлар буханка нон емасин деган ниятда шийпонда тандир қурилиб, нон ёпиларди.

Тўғри, Наврўз деб айтилмаса-да, аммо ҳар йили сумалак қилинарди. Гоҳ бир қозон, гоҳ икки қозон сумалак пиширилиб, челакларда колхозчиларга тарқатиларди.

Хотин-қизлар ўзларининг шароитларига қараб дастурхон учун у-бу нарса пишириб келишарди. Росмана байрам бўларди. Кейин дала юмушлари бошланиб кетарди. Кузда ҳосил йиғиб-териб олингач, яна байрам бўларди. Бир йилда икки марта хақиқий байрам уюштириларди. Қишда «Икарус» автобуси буюртма қилиниб Чимёнга саёҳат уюштирардилар.

Тошкентдан тез-тез машҳур артистлар, санъаткорлар келишарди. Айниқса раққосаларга талаб кучли бўларди. Отарчиларнинг ўйинчиларига ўхшаб ҳар хил кийимда келиб колхозчиларни алдаб кетишларига йўл қўймасди. Санъатни яхши тушунарди.

Ҳар гал Москвага бориб қайтса қўни-қўшни, қариндош-уруғларга кичик бўлса-да «мозорбосди» деб совға олиб келар эди. Ҳаммани яхши кўрарди.

Қишлоқ тўйлари онамсиз ўтмасди. Йўл-йўриқ кўрсатар эди. Лекин онам ҳамманикига ҳам боравермасди. Хижолат бўларди. «Мени қай мақсадда чақираяпти?», — дер эди.

Бюсти очилганда анча хижолат бўлган эди. «Ахир мен тирикман, нима сабабдан бюст ўрнатишаяпти?», — деганлари эсимда. Лекин юқорининг топшириғи бўлгани учун бюст ўрнатилишига рози бўлган эди (ўша вақт қонунларига кўра икки марта Социалистик меҳнат қаҳрамони бўлганларга ўз юртида бюст ўрнатиларди). Лекин ҳар гал бюст олдидан ўтганида ўзини бошқача сезиб, хижолат бўлгани аниқ. Бир сўз билан айтганда, бюсти бўлишини хоҳламаган эди.

Мен онамни яхши кўрардим. Тракторларини ҳам яхши кўрардим. Ҳар гал «мени ҳам далага олиб кетинг» дея хархаша қилардим. Аниқ эсимда, ёшлигимда онам мени далага олиб кетди. Тракторнинг асбоб-ускуналари сақланадиган қисмга кўрпача солиб мени ўтқазиб қўйди. Ўшанда мен мазза қилган эдим. Бу гапимда асло муболаға йўқ. Тракторга минишдек завқни бошқалар ҳис қилмас, мен ўшанда ҳис қилганман. Севинганман. Бу туйғу ҳамон ёдимдан кўтарилмаган.

Фақат эгат бошига бориб, тракторни қайтараётганида қўрқиб кетганман. Ўшанда пахта териш машинасини эркаклардек бошқараётган онамга тан берганман. Тракторни маҳорат билан бошқарар эди.

Қаҳрамон сифатида Турсуной Охунова чет элда кўп бўлганми?

— Чет элларда неча марта бўлгани аниқ ёдимда йўқ. Аммо мен билганим отам билан 1981 йилда хорижга чиқишган. Кемада бир ой дунё бўйлаб сайр қилиб келганлар.

Механизаторлар ҳақида гап борганда, уларнинг мой босиб кетган коржомаси тушунилади...

— Фикрингизни тушундим. Онам механизатор бўлишига қарамай жуда озода кийинарди, бизнинг ҳам озода кийинишимизга эътибор қаратарди. Ахир онам авваламбор тарбияли оила фарзанди эди. Иккинчидан, кутилмаганда Тошкентдан нозик одамлар (амалдорлар, журналистлар, ёзувчилар, саньаткорлар) келиб қоларди. Уларга мой босган кийимда кўриниш уят эди. Учинчидан, онам аёл эди. Аёллар ҳар қандай шароитда, ҳамиша ўзларига қараб юришлари керак. Онам ҳамиша озода бўлган. Мана шу озодаликлари учун ҳам Турсуной бўлган.

Шу ўринда Турсуной Охунова нима сабабдан механизаторлик касбини эгаллаган деб ўйлайсиз?

— Онам оилада катта қиз эди. Оталарини поезд уриб кетганидан сўнг барча масъулият онамнинг зиммасига тушади. Трактор овозини ёшликдан яхши кўргани боис механизаторликка ўқийди.

Интернетдаги хабарларда «Турсуной Охунова механизаторликка Қирғизистоннинг Қорасув туманида ўқиди» деган гаплар бор. Аммо бу хақиқатдан анча йироқ. Чунки Ўзбекистонда ўша вақтда ҳунар-техника билим юртларида яхши ўқитишарди. Пахта териш машиналари ҳам ўзимизда чиққан бир вақтда бошқа республикага бориб ўқишига ҳожат бўлмаган...

Ҳилола билан суҳбатимиз узоқ давом этди. Камтарлиги ёқди. Дилидаги ҳамма гапни, жумладан, оила аъзоларидан фақатгина ўзи олий маълумот ололмаганини айтди. Аммо айрим гапларни эълон қилмаслигимни илтимос қилди. Ваъдага вафо қилиб, кўп гапларини ёзмадим.

Биз Турсуной Охунова деган қаҳрамон аёл бўлганини эслатиб ўтмоқчи эдик. Тарихни унутишга ҳаққимиз йўқ. Адибимиз айтганидек, мозийга қараб иш кўрмоқ хайрлидир. Бир вақтлар Коммуна Исмоилованинг «Турсуной бўлай дейман, тонналаб пахта терай дейман» деган қўшиғи бўларди. Куз бошланиши билан ҳар куни телевидение ва радиода бериларди. Бу қўшиқ ҳозир фонотекада сақланиб қолган-қолмаганини билмайман.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг